Линклар

logo-print

Класен: Берлин Термиз базаси боис инсон ҳуқуқларидан кўз юммасин

  • Абдулла Искандар

Немис сўлчиси Ангела Меркелнинг Ўзбекистонга нисбатан юритаётган сиёсатига қарши

Немис сўлчиси Ангела Меркелнинг Ўзбекистонга нисбатан юритаётган сиёсатига қарши

Владимир Норовнинг немис ҳукумати томонидан танқид қилинмагани "Яшиллар" ва "Сўллар" ни ғазаблантирди.


Германия Сўллар партиясининг халқаро масалалар бўйича гуруҳ аъзоси Бернхард Класен (Bernhard Clasen) “Янги Сўллар” Интернет газетасида мақола билан чиқиб, Норовга қучоқ очган Ангела Меркел ҳукуматни танқид қилди.

Озодлик билан суҳбатда Класен Меркел ҳукуматининг Ўзбекистон билан “хушмуомала сиëсати” аслида иккиюзламачиликнинг ўзи эканини таъкидлади.

- Бизнинг озодлигимиз Ҳиндиқушда ҳимоя қилинмоқда деган эди немис сиëсатчиси Струук. Немис қўшинларининг Ўзбекистонда туриши эса бизнинг мунофиқлигимизга мисолдай кўринади. Турмаларда маҳбусларни қийнаш тасодиф эмас, балки қоидага айлантирилган Ўзбекистондек мустабид режимни қўллар эканмиз, қандай қилиб Афғонистонда озодликни ҳимоя қилдик, деб айта оламиз. Ўзбекистон каби репрессив режим ҳудудида немис қўшинлари турар экан, бизнинг Ҳиндиқушдаги озодлик ҳимояси ҳақидаги гапларимиз сафсата эмасми?

Озодлик: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири муовини Владимир Норов Берлинда Бундестаг депутатлари билан учрашар экан, "биз Термиздаги базани ижарага берганимиз учун Германия миннатдор бўлсин", деб писанда қилди. "Ўзбекистон бу хизмати билан Германияни қарздор қилди", деб таъкидлади Норов. Айни пайтда Германия яқиндан бошлаб Термиздаги база учун тўланадиган ижара ҳақини 15 фоизга оширди. Бу вазиятда "қарздорсан" деб писанда қилиш ноўрин туюлмайдими?

- Немис қўшинларининг Ўзбекистонда экани факт. Мен бундан чуқур афсусдаман. Биз кимдандир қарздор бўлсак, албатта ўзбек халқидан қарздормиз. Биз Ўзбекистондаги қийноқлар, қатағон ва зўравонликни, инсон ҳақлари бузилишини кўриб кўрмасликка олаëтган Ғарб дунëсининг бир бўлаги сифатида ўзбек халқи олдида айблимиз. Ҳақиқатни айтолмаганимиз, мустабидни қўллаганимиз учун ўзбек халқидан қарздормиз.

Озодлик: Сиз мансуб бўлган сўл партия ëки бошқа партияларнинг Бундестагдаги вакиллари расмий Берлиннинг Ўзбекистонга бўлган муносабатини ўзгартириш учун нима қила олади?

- Энг аввало улар юмиқ оғизларини очиб, бу ҳақда гапирмоқлари керак. Инсон ҳуқуқларини топтаëтган Ўзбекистон каби режимнинг Ташқи ишлар вазири ўринбосари Германияга келар экан, немис мулозимлари ва депутатлари бу одамнинг юзига тик қараб, матбуот кўз ўнгида, очиқчасига “Биз сиз мансуб бўлган режимни қоралаймиз. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини топтаганингиз бизга маъқул эмас” деб айтишлари лозим эди. Биз Ўзбекистондаги воқеликни ўз номи билан айтишимиз керак.

Югославияда инсон ҳуқуқлари бузилган пайтда Германия бу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун Югославияни бомбалашга ҳам тайëр бўлди. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлар бузилар экан немис мулозимлари чурқ этиб оғиз очишдан ҳам ҳадиксирашмоқда. Улар Термиздаги базадан мосуво бўлишдан қўрқишади. Мен шуни истайман ва талаб қиламанки, немис сиëсатчилари қийноқлар систематик қўлланадиган Ўзбекистон каби режимни қўллаб-қувватлашни дарҳол тўхтатмоғи зарур.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG