Линклар

Яна бир АҚШ ширкати ўзбек пахтасини олмайдиган бўлди


Пахта етиштиришда болалар меҳнатидан мажбурий тарзда фойдаланилаëтгани¸ Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро имиджига жиддий соя солмоқда.

Пахта етиштиришда болалар меҳнатидан мажбурий тарзда фойдаланилаëтгани¸ Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро имиджига жиддий соя солмоқда.

Gymboree ширкати мажбурий болалар меҳнати эвазига етиштирилаëтган ўзбек пахтасини сотиб олишни тақиқлади.


АҚШдаги болалар кийими ишлаб чиқарувчи йирик Gymboree ширкати ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечганини эълон қилди.

“Gymboree Ўзбекистонда мажбурий тарзда болалар меҳнатидан фойдаланиш анъанасининг сақланиб қолаëтгани муносабати билан Ўзбекистонда етиштирилган пахта ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини сотиб олишни тақиқлади”¸ дейилади ширкат расмий сайтига қўйилган баëнотда.

АҚШ ва Канадада 600дан ортиқ дўконга эгa Gymboree ширкати йиллардан бери жаҳон бўйлаб болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатиш фаоллари босими остида қолаëтган эди.

Change.org саҳифасида минглаб истеъмолчи фаоллар "Ўзбекистондаги болалар меҳнати тўхтатилсин!"¸ шиори остида Ғарбдаги тирик тўқимачилик ва кийим-кечак ширкатларидан ўзбек пахтасига бойкот эълон қилишни талаб қилиб келаëтган эди.

"Gymboree ширкатининг бу босимга ëн бериб¸ болалар меҳнати эвазига етиштирилаëтган ўзбек пахтасини сотиб олишни тақиқлагани мен учун хушхабардир"¸ дейди мазкур кампания фаолларидан бири америкалик Кассандра Кавано.

- Бир инсон¸ бир она ва бир истеъмолчи сифатида мен бу хабарни эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Gymboree корпорациясининг ўзбек пахтасига бойкот эълон қилишидан мамнунман¸ дейди бир неча йил давомида Gymboree расмийларига ўзбек пахтасини сотиб олишни тўхтатишни сўраб мурожаат қилиб келган фаоллардан бири Кассандра Кавано.

Ер юзининг қайси бурчагида яшашидан қатъий назар¸ истеъмолчилар¸ айниқса оналар ўзлари ва болаларига сотиб олаëтган кийимларининг қайси юртда¸ кимнинг меҳнатига эвазига¸ қай тарзда ҳозирланаëтганига эътибор беришлари лозим¸ дейди америкалик икки қизнинг онаси Кассандра.

- Бу мен учун жуда жиддий масала. Чунки Ўзбекистонда болаларни мажбуран пахта даласига ҳайдаëтган ҳам¸ улар ëш умрини пайҳон қилаëтган ҳам айнан ҳукумат эканини ҳамма билади. Тепада ўтирганлар бу ишни мамлакатни қашшоқликдан қутқариш ëки уни ҳалокатдан сақлаб қолиш учун эмас¸ балки ўз чўнтакларини қулларча меҳнат эвазига қаппайтириш учун қиладилар.

Шу боис¸ гарчи ҳозирги иқтисодий оғир бир даврда америкалик оналар имкон қадар арзонроқ маҳсулотни исташса-да¸ айни пайтда ўз боласини кийинтираман деб¸ Ўзбекистондаги болаларнинг умри пайҳон бўлишини исташмайди. Бу биз учун жуда жиддий масала ва Gymboree ширкатининг ўзбек пахтасига тақиқ қўйгани биз учун катта ғалабадир¸ дейди америкалик фаол Кассандра Кавано Озодлик билан суҳбатда.

Ўтган йиллар давомида қатор Ғарб ширкатлари, жумладан Wall-Mart, Tesco, Marks & Spenсer¸ H&M каби йирик ширкатлар ҳам мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланилгани боис ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Мустақил кузатувчилар ва оддий ўзбекистонликлар¸ Тошкент ҳукумати имзолаган халқаро конвенцияларга қарамай¸ Ўзбекистонда ҳар куз мавсумида юз минглаб болалаларнинг мажбурий пахта йиғим-теримига жалб этилаëтганини айтадилар.

Бундай танқидларни рад этаëтган Ўзбекистон раҳбарияти¸ айни пайтда Халқаро меҳнат ташкилоти вакилларининг мамлакатга бориб¸ вазиятни бевосита кузатишларига ҳам рухсат бермай келаëтир.

Пахта экспорти бўйича дунёда учинчи ўринда турадиган Ўзбекистон пахта савдосидан йилига бир миллиард АҚШ долларидан ортиқ фойда олиши тахмин қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG