Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:38

Ўзбекларни қўрқитиб қўйишган!


Ўзбекни ҳаққини талаб қила олмайдиган қилиб қўйган, дейди фарғоналик Аъзамжон.
Ўзбекни ҳаққини талаб қила олмайдиган қилиб қўйган, дейди фарғоналик Аъзамжон.

"Эркин микрофон" суҳбатдошларидан бири ўз ҳаққини на ватанида, на муҳожирликда талаб қила биладиган ўзбеклар ҳақида гапирар экан беҳос ана шу фикрни айтди.


Уни мусулмон эркак, деб ишонган эдим

Андижонлик Маҳмуджон Россиянинг Ставрополида ресторанда ошпазлик қилиб, ваъда қилинган ойликни ололмаганини айтади.

- Шу ишлар бўлган эди. Мени таклиф қилган эди. 2007 йил 18 сентябрда таклиф қилган эдида. Бордим. 2011 йил 25 майгача иш бўлса-бўлмаса, ойига 10 минг рубладан бераман деб ваъда берган эди. Кейин кризисга тушдим деб пулни бермасдан, 400 дан бериб охири “ўзинг кўраяпсан, пул йўқ” деб жавоб берди.

Озодлик: Ўртада шартнома бормиди? Шартнома имзолаганмидингиз?

- Фақат оғзаки. Энди уни мусулмон, эркак киши деб ишонган эдимда.

Озодлик: Неча ой ишладингиз?

- Тўрт йил бўлдимда бу ерда. 2007 йилдан бу йилгачада.

Озодлик: Энди бу ëғига нима қилмоқчисиз?

- Ҳозир янги ерда ишлаяпман, Худо хоҳласа.

Озодлик: Янги ерда шартнома билан ишлаяпсизми?

- Йўқ, ҳозирча.

Озодлик: Янги иш берувчи билан ҳам шартнома имзоламадингизми?

- Ҳозир энди кундалик ишлаяпмизда. Кунда расчëт қилаяпти.

Озодлик: Ҳар кун ишлаганингизни ҳар кун олаяпсиз.

- Ҳа. Шу яхши.

Озодлик: Нимага шартнома имзоламайсиз?

- Унинг учун прописка қилиш керак, ишга рухсат олиш керак, жуда ғалваси кўпда.

Озодлик: Сизга ишга ҳам рухсат йўқ.

- Бор энди. Эски. Муддати ўтган унинг.

Озодлик: Ўзингиздан ҳам айб ўтганини билаяпсизми?

- Ҳа.

Озодлик: Ишлаб пулини ололмаëтганлар кўпми?

- Бўпти, сизларни безовта қилдик энди. Бўпти раҳмат,- деб сўнгги саволимизни жавобсиз қолдирди Маҳмуджон.


Биз ҳам ҳаққимизни ололганимиз йўқ

Россияда ишлаб пулини ололмаётганлардан яна бири фарғоналик Аъзамжон.

- Россиядамизда биз. Бир ерга ишга келган эдик. Бизнинг документларимизни олдида, бермадида. Беш ой ишладик. Ойлик ҳам бермади, документларни ҳам олиб қўйди.

Озодлик: Ким олиб қўйди?

- Ўша ишлатган одам. Кейин биз таниш орқали нималаримизни ("ҳужжатларимизни" демоқчи-таҳр.) олдик.

Озодлик: Мана шундай ҳолатлар кўпми Россияда?

- Энди нима дейди болам-чақам деб келасиз экан бу ерга. Мана бунақа ëмон одамларнинг қўлига тушиб қоласиз эканда ўзингиз билмаган ҳолда. Олдиндан ваъда бериб келишадида, охирига келганда, пул беришга келганда қийнашга ўтарканда. Ўзбеклигимиз учун бизнинг мана бу еримизга келиб кетди ("жонимизга тегди" демоқчи - таҳр.).

Озодлик: Нимага шундай деб ўйлайсиз?

- Шу нарсани ҳозир сизларга айтмаса бўлмайди. Кимга айтади бошқа?

Озодлик: Мана шунақа ҳолатлар кўпда. Нафақат Россияда, Чехияда ҳам шунақа. Ўзбеклар келади, ишлайди, ишлайди ҳаққини ололмайди. Нимага шунақа, деб ўйлайсиз? Ҳаққини талаб қила олмайдими?

- Қўрқитиб қўйганда ўшани. Ҳаққини талаб қила олмайдиган қилиб қўйган. Мана мен билан қанча ëқалашди. Шу одам мен билан урушди. Мен бу ерда бир-иккита танишларим бўлгани учун қўрқмай урушиб, паспортларимни зўрға олиб олдим.

Озодлик: Россияга борганда лозим бўлган тартибларга риоя қилган ҳолда рўйхатдан ўтиб, лозим бўлган шартномани имзолаб ишласа бўладими?

- Мана бу қонун-қоидалар чиқдию. 2010 йилдан қонун-қоидалар чиқди. Шу қонун-қоидалардан олдин келганмизда. “Мен легално ишлайман. Мен унақа ишламайман” дедим. Ишқилиб урушиб, талашиб шунақа нима қилганимдан кейин бу одам ëмонликка ўтишни бошлади.

Озодлик: Муаммони ўзларингизда ҳам кўрмайсизларми? Масалан, лозим бўлган патентларни ...

- Муаммо ўзимизда ҳам бор. Чунки бошида биз ўша паспортнинг нимасини қила олмадик. Ўша одамга ишониб бериб қўйдик. Айб ўзимизда. Ҳозир меники ўтиб кетди. Мана бу одамга раҳмим келгани учун телефон қилаëтган эдим холос,- дейди фарғоналик Аъзамжон.


Худога шукур, Ўзбекистонга қараганда бу ер яхши

Санкт-Петербургда қурилишда ишлаётган қашқадарёлик Зафарбек Россиядаги ҳаётдан нолимаслигини айтади.

- Санкт-Петербургда ишлаяпман ҳозир. Ишқилиб Худога шукур, чем Ўзбекистонга қараганда яхши.

Озодлик: Нимаси яхши?

- Иши яхши, пули яхши. Ўзбекистонда иш ҳам йўқ, пул ҳам йўқ. Тўртта фарзандим бор. Ўзбекистонда юрсам, умуман боқа олмайман. Шу ердан пул жўнатамиз. Яхши ишқилиб.

Озодлик: Неча йилдан бери ишлайсиз?

- Бир йил бўлди. Худо хоҳласа яқинда қайтамиз.

Озодлик: Қайтганингиздан кейин Ўзбекистонда нима қиламан деб ўйлаяпсиз?

- Қиламизда энди. Шофëрлик қиламизми, деҳқончилик қиламизми. Ҳозир деҳқончиликка ҳам нон йўқ у ерда. Аммофос, селитра дориларни осмонга кўтариб юборган қиммат.

Озодлик: Петербургга келишдан олдин ўзингиз шу иш билан шуғулланганмисиз?

- Шуғулланганман.

Озодлик: Ўзбекистонда деҳқончилик қилаверсангиз бўлмасмиди?

- Айтаяпманку солярка, дорилар вообше қиммат бўлиб кетди. Умуман яқинига бориб бўлмайди. Бир халта селитра 25-30 минг. Ундан кўра шу ерга келиб ишлаб кетсак яхши бўлади. Худо хоҳласа яхши бўлиб кетар, дейди қашқадарëлик суҳбатдош.



Одамлар ҳозир, мисол учун, мусулмонда

Ўзини Абдулла деб таништирган фарғоналик тингловчимиз Берлинда Ўзбекистон халқ ҳаракати қурултойига собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни таклиф қилиш керак эди деб гап бошлади.

- Қурултой бўлиб ўтдику Германияда. Мен ўзимнинг фикримни айтмоқчи эдимки, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф борку, илгари муфтий бўлган инсон, шу инсонни сайласа бўлмайдими? Шу инсон лойиқ деб биламанда Ўзбекистоннинг нимасига. Айтайлик, Ўзбекистонда ҳозир одамлар Эркни, Бирликни демаяпти ëки бошқани демаяпти. Одамлар Муҳаммад Содиққа кўпроқ ишонади ва моҳияти борда ўша нарсага. Одамларнинг хоҳиши бўлади, деб ўйлайманда. Шунинг учун ўзимнинг фикримни айтмоқчи эдимки, шу инсон қолди холос Ўзбекистонда одамлар ишонадиган, қўллаб-қувватлайдиган. Масалан, Каримов президентлик нимасидан ўзининг хоҳиши билан кетиб нима бўладиган бўлса, сайлов бўладиган бўлса, шу одам номини қўйиши керакмикан, деб ўйлайманда.

Озодлик: Нимага асосланиб айтаяпсиз бу ҳақда?

- Асосланиб айтишлигимки, одамлар ҳозир, мисол учун, мусулмонда. Ўзбекистондаги одамларнинг кўп мусулмон одам. Худодан деса, ҳамма қўрқиб нима қилади. Мисол учун, Оллоҳдан буюрилган нарсаларга жон-жон, деб буйруқни бажаришадию лекин бошқа қонунлар деса, одамлар "отмазка" дейдими, қонунларни ҳамкорликда бажармайдида. Демоқчиманки, мисол учун, Каримовнинг тургани ҳам яхши ҳозирги кунда. Каримов барибир вақти келиб 10 йилми, 20 йилми қанчадан кейин бўлса ҳам, барибир ўзининг хоҳиши билан қўядию барибир. Мен истардимки, Ўзбекистон ҳозирги кунда ҳам яхшию, янаям яхши бўлиши учун ўша инсон бўлса яхши бўлармиди, тузук бўлармикан деб фикр билдираяпман холос.

Озодлик: Бу нарсани сиз Фарғонада кўрганингизга асосланиб гапираяпсизми?

- "Нетолко" Фарғонада, Тошкентда, Ўзбекистондада умуман.

Озодлик: Сизнгизча Ўзбекистонда динга мойиллик кучли.

- Ҳа. Одамларнинг кўпи диндан, масалан, Оллоҳдан нима қилса, ҳурмат қилишади, барибир ҳурмат қилишадида. Қуръонни, ҳадисни ҳурмат қилишадида. Бу менинг битта фикрим холос.

Озодлик: Ўзбекистоннинг келажагини қандай тасаввур қиласиз? Динга асосланган давлат бўладими ëки дунëвий давлат бўлишини хоҳлайсизми?

- Мана мисол учун, шахсий фикрим келажак, Худо хоҳласа, одамлар асосан, мана масалан, Россияда, Европада одамларнинг онги бир ажойиб. Одамлар билан гаплашсангиз, онги бир очиқ ҳолатда. Гаплашсангиз ажойиб. Бизда менталитет шунақами билмайман битта нарсани ушласа, маҳкам ушлаб олишади. Ўша ҳолатда кетаверишади. Бунақа бўлмаслик керак. Масалан Ислом жуда кўп нарсаларга йўл беради. Маслаан аëлларнинг ҳокимиятда ишлашлигига ҳам, масалан маданиятнинг ривожланишига ҳам, бошқа нарсага ҳам жуда кўп йўл беради. Лекин бизда исломни яхши ўқимаганлиги учун, билмаганлиги учун “ислом унақа, бунақа, эскилик” дейишади. Аслида Исломда олиб қараладиган бўлса, янаям ривожланиши мумкин деб биламан Ислом орқали. Тинчлик билан. Қуролли бу яхшиликка олиб келмайди. Исломнинг томирига болта олиб келади холос. Каримов айтгандай, стол атрофида ўтириб ҳал қилишлик билан. Мана шунақа йўл билан чиройли қилиб одамларга исломий қонунларни тадбиқ қилинса, менинг фикрим одамлар қўллаб-қувватлайди. Қонун билан одамлар ҳамжиҳат бўлиб қонунни бажарса, кейин ривожланиш бўлади,- дейди фарғоналик Абдулла.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG