Линклар

logo-print

Мева-сабзавотни четга олиб чиқиш бу йил ҳам қийин бўлади

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистон ҳукумати кўраётган чоралар оддий деҳқон косасининг оқаришига ҳисса қўшмаётир, дейди кузатувчилар.

Ўзбекистон ҳукумати кўраётган чоралар оддий деҳқон косасининг оқаришига ҳисса қўшмаётир, дейди кузатувчилар.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилишига қарши кўрилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказди. ЎзА миллий ахборот агентлигига кўра, 26 май кунги анжуманда божхона қўмитаси раисининг ўринбосари Ғ. Шукуров ва бошқалар “президент Ислом Каримов раҳнамолигида божхона, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги соҳаларида олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётганини” қайд этган. Фермер ва деҳқонларнинг ўзлари эса ҳукумат тадбиқ этаётган бу чоралар боис уларнинг косаси оқармаётганидан гапирмоқда.


Ўзбекистонлик деҳқонлар етиштирган мева-сабзавотларини четга олиб чиқиб сотиш истагида бўлсалар, бунга оид қарорни ёдда тутишлари лозимлигини эслатди божхоначилар.

ЎзА расмий агентлиги хабарида айтилишича, Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раисининг ўринбосари Ғ. Шукуров маҳаллий ва хорижий ахборот воситлари орқали ўзбекистонлик деҳқонларга Вазирлар Маҳкамаси 2008 йил 8 майда мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва узум ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирларига оид қарорида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишнинг амалдаги тартиблари белгиланганини эслатган.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматининг ўзини Ҳусан деб таништирган ходими, Озодликнинг Ўзбекистонда аккредитацияси бўлмагани боис, бу хусусда гаплаша олмаслигини айтди. Лекин мева-сабзавотларни четга олиб чиқмоқчи бўлганларни бу қарор шартларидан огоҳлантиришни жоиз топди.

- Ўша қарор билан қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг импорт-экспорти ҳаммаси тартибга солинган. Яъни қарорга кўра, ҳўл мева-сабзавот маҳсулотларини Ўзулгуржисавдоинвест ëки Ўзматлуботсавдонинг ҳудудий бошқармалари томонидан деҳқонларимиз шартнома тузган ҳолда маҳсулотларни четга олиб чиқиши мумкин. Қуруқ меваларни мулкчилик шаклидан қатъий назар фақат юридик шахсларгина четга экспорт қилиши мумкин. Мана шунақа тартиб белгиланган, деди божхона қўмитаси матбуот вакили Ҳусан.

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда жорий йилнинг 15 майига қадар, бу қонунни айланиб ўтмоқчи бўлганлардан жами 909 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари божхоначилар томонидан ушлаб қолингани ҳақида ҳисоб берилди.

Божхона қўмитаси вакили айтганидек, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 93-сонли қарорига кўра, мева-сабзавотлар “Ўзбекулгуржисавдо” уюшмаси ёки “Матлуботсавдо” ширкатининг минтақавий бўлимлари билан шартнома тузиш шарти билангина четга олиб чиқиш мумкин.

Бухоролик собиқ фермер Бобомурод Раззоқов бир пайтлар хўл мевани Россияга олиб кетувчилар билан оғзаки келишиб, ўзи етиштирган узумни насияга бериб юборгани ва ҳеч қандай тўсиқлар бўлмагани боис, яхшигина даромад олганини эслайди. Бугун эса, дейди у, жорий этилган чекловлар боис деҳқоннинг косаси оқармай қолди.

- Бу аслида деҳқоннинг энг даромад қиладиган соҳаси. Лекин ҳукумат нимагадир бундай чораларни кўришдан кўзлаган мақсади бизга ҳам қоронғи бўлиб турибди. Кўп ҳолларда мева-чевалар, хусусан ўрик мевалари ўзимизда чириб мол озуқасига айланиб кетаяпти. Тадбиркорлар сотиш имкониятига эга эмас. Помидор шундай ҳолатга тушиб бораяпти. Бошқа хил мевалар, узумни оладиган бўлсак, кўп жойларда боғларни йўқотиб юборишди десам хато қилмайман. Сабабики, узумни сотадиган манба йўқ, дейди собиқ фермер.

Президент ташаббуси билан мамлакат аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлаш, ички истеъмол бозорини етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширлаётгани ҳам қайд этилади божхоначилар ўтказган матбуот анжуманига доир расмий хабарномада. Божхоначилар фикрича, ислоҳотларнинг муваффақиятини ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2009 йилга нисбатан 6,8 фоизга ошганида кўриш мумкин.

“Матлуботсавдо” ширкати ҳудудий бошқармаларидан бирининг исми сир қолишини истаган ходими ҳукуматнинг 93-сонли қарори ва божхона қўмитасининг бу қарор ҳақида алоҳида матбуот анжумани ўтказиб эслатишининг сабаби, жорий йилда мева-сабзавотларни четга олиб чиқиш устидан назорат янада кучайишидадир, дейди. Унинг айтишича, бу чора ички бозордаги нархларни қуюшқонида ушлаб туриш мақсадида амалга оширилмоқда.

Бухоролик собиқ фермер Бобомурод Раззоқов, ҳукумат юритаётган бундай сиёсатни давлат зўравонлиги, дея атар экан, деҳқон меҳнати ҳузурини кўрадиган махсус доиралар бор, улар учун эса ҳеч қандай қонун ёки қарор тўсиқ бўла олмайди, деган ишончда.

- Юқорида турган вилоят ҳокимлиги, туман ҳокимлиги, вазирлик ва ҳатто назаримда президент аппаратининг ўзида турганлар ҳар бир республикадаги маълум бир соҳаларни, даромадли соҳаларни ўзларининг монополияларига айлантирганга ўхшайди. Мана шундай инсонлар деҳқонларнинг қўлидан бу маҳсулотни уриб олиб, четга олиб чиқиш имкониятига эга. Бу аниқ нарса. Республика таможняси тўғрисидаги қонунларни мана бу тартибда кучайтирилиши ҳам менинг назаримда маълум бир шахсларнинг фойдасини кўзлаб қилинаëтган ишга ўхшайдида.

Оддий деҳқон жуда кўп ечимларни ечиши керак бўлади, жуда кўп қаршиликларга учрайди. Демак, бу маҳсулот етиштирувчига шундай бир йўлларга тўсиқлар қўйиш керак бўладики, мана шу тўсиқлардан у сакраб ўта олмасин. Бу тўсиқлардан сакраб ўтадиган юқорида турган калхатлар деймизми, нималар бор. Уларнинг у тўсиқлардан ўтиши оддий ҳол. Мана ўшаларга деҳқон мажбуран сариқ чақага бўлса ҳам масҳулоти чириб кетмаслиги учун кўз ëшини тўкиб бўлса ҳам сариқ чақага бериб юборади. Фойдани улар кўради, дейди Бобомурод Раззоқов.

Бундан ташқари, дея сўзини якунлайди Бобомурод Раззоқов, оддий деҳқон ўз маҳсулотини етиштиришда дуч келадиган муаммолар, хусусан суғориш учун сув тақчиллиги, пахтани териб олмасдан, дон тикиш, ғаллани ўриб улгурмасдан, полиз маҳсулотларини экишга мажбурланиши каби муаммолар ҳисобга олинса, ҳукумат деҳқонни қул қилиб олган, деган тасаввур туғилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG