Линклар

Душанбеда Ал-Қоида етакчиларидан бирини ўғли қўлга олинди


Ўғли ҳибсга олингани айтилаётган Мулла Амриддинга оид маълумотлар ўта чекланган.

Ўғли ҳибсга олингани айтилаётган Мулла Амриддинга оид маълумотлар ўта чекланган.

38 ёшли Муқим Табаров Ал-Қоида тармоғига раҳбарлик учун номзоди кўрсатилган Мулла Амриддиннинг ўғли экани айтилмоқда.


Ал-Қоида гуруҳининг нуфузли аъзоси Мулла Амриддининг учинчи ўғли Муқим Амриддинович Табаров уч кун аввал Душанбеда ўтказилган махсус амалиёт чоғида қўлга олингани ҳақида “TojNews” агентлиги, мудофаа вазирлигидаги ишончли манбага таяниб хабар қилди.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг исми ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган ходимига кўра, 38 ёшли Муқим Табаров сўнги бир неча йил Душанбе шаҳрида яшаган ва ҳеч қаерда ишламаган.

“Муқим Табаров жамият учун ўта хавфли саналган Мулла Амриддиннинг ўғли”, дер экан хавфсизлик идорасининг масъули, ўз идораси бу хабар юзасидан бошқа тафсилотларни ошкор қилмаслигини билдирди.

Эслатиш жоиз, 24 май куни Миллий хавфсизлик қўмитаси, 2009 ва 2010 йиллар Рашт водийсида махфий фаолият олиб борган Ансоруллоҳ жамоатини Мулла Амриддин бошқаргани аниқланганини маълум қилган эди.

Тожикистон ва Покистондаги айрим нашрларнинг хавфсизлик хизматларидаги манбаларга таяниб ёзишича, ҳозирда Покистонда яширингани айтиладиган Мулла Амриддин, нуфузи жиҳатдан Ўзбекистон исломий ҳаракатининг ҳозирдаги раҳбари Усмон Одилдан юқорироқ ва Толибон гуруҳи раҳбари Мулла Умардан пастроқда туради. У диний таълимни 90 йиллар бошида Мисрда олган.

60 ёшли Мулла Амриддин Ал-Қоида раҳбари Усама бин Ладин ўлимидан сўнг мазкур террор гуруҳига раҳбарлик лавозими учун номзоди кўрсатилган шахслардан бири экани айтилади.

Ал-Қоида террор тармоғининг бир халқаси саналган Ансоруллоҳ жамоати ўтган йил сентябрида Хўжандда содир этилган худкуш террор ҳужуми учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Миллий хавфсизлик қўмитаси масъуллари аввалроқ Рашт водийсидаги қонли фожеалар ҳам айнан шу гуруҳ томонидан содир этилганини ва унинг бошида Мулла Абдулло турганини маълум қилган эди.

Бироқ шу йил апрелида Раштда Мулла Абдулло ҳукумат кучлари томонидан ўлдирилганидан сўнг, хавфсизлик масъуллари, ансоруллоҳчиларга Мулла Амриддин исмли шахс раҳбарлик қилганини, Мулла Абдулло эса шунчаки террор амалиётларини бажарувчи қўмондон бўлгани аниқланганини билдиришди.

Мулла Абдулло ўлимидан сўнг, шу пайтгача номаълум бўлган Ансоруллоҳ жамоати фаолиятига оид тафсилотлар аниқлангани баробарида, у билан икки йил Рашт водийсида ҳукуматга қарши жанг қилган сафдошларига бугун Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан ўрин берилди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоевнинг Озодликка маълум қилишича, Мирзохўжа Аҳмадов вазирликнинг Рашт водийсида янги ташкил этилган ички ишлар бошқармасига ишга олинган.

- Раштда янги тузилган Ички ишлар бошқармасидаги ҳамма ўринлар ўша ердаги маҳаллий кадрлар билан тўлдирилди. Жумладан собиқ мухолифатнинг собиқ вакилларидан ўн нафар шу бошқармага ишга олинди, дея маълум қилди Ички ишлар вазирлиги масъули Асадуллоев.

Мухолифат собиқ лидерларидан бири Мирзохўжа Аҳмадовнинг яқин одами Одил Одилов ҳам бу маълумотларни тасдиқлади.

- Туманимизда янги фаолият қила бошлаган Ички ишлар бошқармасига ишга чақиришди бизни. Ариза ёзиб, ҳужжатларимизни ҳам топширдик. Ҳозирча иш бошлаганимиз йўқ, кутиб турибмиз, дейди Одил Олимов.

Эслатсак, Мирзохўжа Аҳмадов 2008 йилнинг февралигача Ички ишлар вазирлигининг Рашт водийсидаги уюшган жиноятчиликка қарши бўлимини бошқариб келган.

Бироқ Раштдаги сўнгги воқеалар ортидан Мирзохўжа Аҳмадов вазифасидан четлатилган ва кейинчалик унинг идораси ҳам тарқатиб юборилганди.

Мирзохўжа Аҳмадов, Одил Одилов каби мухолифат лидерлари Раштдаги тартибсизликларда Мулла Абдуллога яқиндан ёрдам берганликда айбланган эди.
XS
SM
MD
LG