Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:03

Хўжандда бола савдоси кўпаймоқда


Тожикистонда қашшоқликдан қийналган айрим оналар ўз фарзандларини сотишаяпти.
Тожикистонда қашшоқликдан қийналган айрим оналар ўз фарзандларини сотишаяпти.

Тожикистонда ўн яшар қизчасини 3 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди.

Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маълумотида айтилишича, Хўжанд шаҳрида яшовчи ишсиз Светлана Мицик ўн ёшли қизини сотаётган пайтда ҳибсга олинган. У илгари судланган Марҳабо Ғойибова билан ўзаро тил бириктириб, бола савдосига қўл урган.

Болафуруш она ва харидор айни пайтда Ички ишлар бўлимининг ҳибсхонасида сақланмоқда.

Қизча эса охирги пайтларда мактабда ўқимаган, айрим пайтларда унинг кўчада тиламчилик қилиб юргани қайд этилган.

Светлана Мицикнинг қўшниси Тахминанинг айтишича, бу оиладаги фарзандлар доим оч ва юпун юришади.

- Бу оиланинг шароити оғир. Қўшнилар уларнинг болаларига озиқ - овқат бериб турардик. Ўзи ишламайди, эри йўқ десак ҳам бўлади. Чунки гоҳ - гоҳ пайдо бўлади-да, фақат жанжал қилиб кетади. Лекин, назаримда, ҳар қандай шароитда ҳам инсон ўз фарзандидан воз кечмаслиги керак, - дейди Тахмина.

Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот маркази маълумотида айтилишича, Светлана Мицик жорий йилда фарзандини сотаётганида қўлга олинган учинчи аёл бўлди.

Маҳаллий кузатувчи Абдурасул Мамадалиевнинг айтишича, бундай иллатнинг пайдо бўлишига мамлакатдаги ижтимоий аҳволнинг оғирлиги сабаб.

- Мана шундай воқеалар мамлакат аҳолисининг иқтисодий аҳволи нечоғли эканини кўрсатиб турибди. Бундай воқеани эшитиб, даҳшатга тушади одам. Чунки ўша одамнинг руҳини ҳам, қалбини ҳам ва маънавий оламини ҳам иқтисодий қийинчиликлар кемириб ташлаган. Унинг кўзига пуштикамаридан пайдо бўлган фарзанди эмас, балки яшаш учун керак бўлган восита кўринаяпти, холос, - дейди Абдурасул Мамадалиев.

Айтиб ўтиш лозимки, Тожикистонда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш каби дастурлар ўтмишда қолиб кетган. Республика ҳукуматининг 2010 йил феврал ойида қабул қилган қарорига биноан кўп болали оилалар ва янги туғилган болаларга бериладиган моддий ёрдам миқдори қисқартирилган. Эндиликда кам таъминланган ва кўп болали оилаларга ҳар ойда илгариги 80 сомоний (20 АҚШ доллари) ўрнига 20 сомоний (5 АҚШ доллари) миқдорида моддий ёрдам берилади.

Сўғд вилоятидаги Болалар хуқуқларини ҳимоя қилиш комиссияси раҳбари Рухсора Каримхўжаеванинг айтишича, бугунги кунда жуда кўп ёш болалар турли хил зўравонликлар дуч келиб, одам савдоси қурбонига айланмоқдалар.

Ана шундай болаларни аниқлаш, уларни янги ҳаётга қайтариш учун вилоят ҳукумати ва Халқаро миграция ташкилоти кўмагида вилоятда болаларга бошпана берадиган марказ ташкил этилган.

Марказ одам савдоси қурбони бўлган, оилада турли хил зўравонликларга учраган, ҳаётдан кўнгли совиб кетган болаларни ўз ҳимоясига олади.

- Давлат ташкилотлари билан мустаҳкам алоқамиз бор, Ички ишлар бўлимлари билан ҳам. Аста-секин одамлар ишончига кирдик. Масалан, ўтган йили вилоят шарқидан бир аёл келиб, олти ойлик боласини сотмоқчи бўлди. Икки ой давомида вакилларимиз у билан тушунтириш ишларини олиб борди. Бу муддат ичида эса фарзанди марказда сақланди. Ҳозир ўша аёл ишлаяпти, фарзанди икки яшар бўлиб қолди, - дейди Рухсора Каримхўжаева.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йилда Сўғд вилоятида бола сотиш билан боғлиқ олтита жиноят содир этилган. Сотилиши режалаштирилган гўдакларнинг икки нафари бир ҳафталик чақалоқ бўлган.
XS
SM
MD
LG