Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:16

Душанбеда китоб кўргазмаси ўтказилди


Душанбедаги китоб кўргазмасида Ўзбекистон иштирок этмади.
Душанбедаги китоб кўргазмасида Ўзбекистон иштирок этмади.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида илк маротаба ўтказилган “Китоб” халқаро кўргазмаси поёнига етди.

Тожикистон мустақиллигининг йигирма йиллиги муносабати билан ўтказилаётган маданий тадбирлар доирасида тугаб бораётган ҳафтада “Китоб” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада дунёнинг саккиз давлатидан келган китобхоналар ва нашриётлар вакиллари қатнашди.

Тожикистонда илк бор ўтказилаётган халқаро миқёсдаги бу маданий тадбирда минтақадан фақат Туркманистон, узоқ хориждан эса Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Озорбойжон ва Афғонистон кутубхоначилари,ноширлари қатнашди.

Бироқ Тожикистонга ён қўшни Ўзбекистон томони эса тадбирда қатнашмади.

- Биз Ўзбекистондаги нуфузли нашриётлардан учтасига ҳукумат номидан таклифнома юбордик. Аввалроқ ўша нашриётлар масъуллари билан телефонда ҳам суҳбатлашганмиз, улар таклифимизни қабул қилганди. Лекин нега бугунги кўргазмада қатнашмаганлари бизга қоронғу, - деди “Китоб” халқаро кўргазмаси масъули Нажмиддин Зайниддинов.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Совет Иттифоқи даврида ўзбек тилидаги бадиий, илмий китоблар ва олийгоҳлар студентлари учун қўлланмалар ҳамда ўзбек синфлари учун дарслик китоблар билан тожикистонликларни фақат Ўзбекистон таъминлаб турган.

Бироқ шўролар давлати тарқаб кетгани ортидан мустақилликка эришган икки қўшни давлатнинг бошқа соҳалардаги сингари маданий алоқалари ҳам заифлашди.

Бу ўз навбатида Тожикистондаги ўзбек синфларида дарсликлар муаммосини келтириб чиқаргани баробарида, Тожикистон Тиббиёт ва Педагогика унверситетларида ҳам студентлар учун зарур қўлланмаларнинг етишмаслигига сабаб бўлгани айтилади.

Душанбе шаҳридаги Тиббиёт унверситетининг учинчи курс талабаси Зарина Сатторова Тожикистонда шундай бир халқаро кўргазманинг ташкил этилиши энг аввало студентлар учун фойдали бўлганини қувонч билан гапирди.

- Мен бу кўргазмада дунёнинг илғор давлатларидан Хитой, Ҳиндистон, Эрондан келган нашриётлар ва китобхоналар вакиллари билан танишдим. Келгусида улар менга зарур бўлган ва рус тилига ўгирилган қўлланмалар, илмий китобларнинг электрон вариантини юборишини айтишди. Мамалакатимизда ана шундай тадбирларнинг йўлга қўйилиши биз илмга чанқоқ ёшлар учун жуда муҳимдир, -дер экан бўлғуси шифокор Зарина Сатторова Тожикистоннинг ўзида барча республика олийгоҳларини зарур китоблар билан тўла таъминлаш учун ҳали имконият йўқлигидан афсусдалигини қўшимча қилди.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Қурбон Афғонов халқаро кўргазмада жаҳон адабиётининг энг нодир асарлари, бугунги замон олимларининг илмий изланишлари натижалари намойишга қўйилгани ва бу эса тожикистонликлар учун янги оламни кашф этганини айтди.

- Ўзимизда ҳам сўнгги йиллар китоблар нашри яхши йўлга қўйилаётган эса-да, аммо бу ҳали жамиятимиз учун кифоя эмас. Ҳеч қачон китоб дўконларида учратмаган бадиий асарлар, Туркманистон, Ҳиндистон ва Туркиядаги таниқли шоирларнинг тожик тилига ўгирилган шеърий тўпламларини бугунги кўргазмада қўлга олиш бахтига муяссар бўлдим. Менимча ана шундай тадбирлар Тожикистонда тез-тез ўтказилиб туриши лозим, - дея мулоҳаза билдирди суҳбатдошимиз Қурбон Афғонов.

Бироқ кўргазма иштирокчиларидан бири, афғонистонлик меҳмон Ғиёсиддин Камолзода гарчи тожик жамияти бундай маданий тадбирларга ташналик сезилса-да, бироқ бу мамлакат давлат айрим тизимлари бу йўналишда сунъий тўсиқлар яратаётганидан шикоят қилди.

- Афғонистондаги нотинч вазиятда ҳам ҳар уч ойда халқаро китоб кўргазмалари ўтказилиб турилади. Жамиятнинг маърифатли бўлиши учун асосий манба саналган маданий тадбирларда бизда ҳамма бир ёқадан бош чиқариб қатнашади. Бироқ, менимча, тожик жамияти ҳали бунга тайёр эмас, - дер экан афғонистонлик меҳмон Камолзода, гарчи Тожикистон ҳукумати томонидан расмий таклифонма олган бўлса-да, тожик чегарачилари у ва унинг шерикларини уч соат сабабсиз чегарада тутиб турганидан норозилик билдирди.
XS
SM
MD
LG