Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:03

Тожикистонлик муслима бадарға қилиниши мумкин


10 кун муқаддам Россия пойтахтида ҳибсга олинган тожикистонлик Умеда Сиддиқовага экстрадиция хавф солмоқда.


19 май куни Москванинг Катта Киселная кўчасида Федерал Хавфсизлик хизмати ходимлари Тожикистонда радикал ислом ҳаракатига аъзо бўлганликда айбланаётган 34 ёшли тожикистонлик Умеда Сиддиқовани ҳисбга олди.

Ҳодиса тафсилотларини Озодликка сўзлаб берган бу аёлнинг 70 ёшли қайнонаси Гавҳар Сиддиқовага кўра, Умеда ишга кетаётган пайтда ушлаб кетилган ва бир кун давомида ундан мутлақо дарак бўлмаган.

- Уйдан ишга кетаётганида эрталаб соат 8 ларда олиб кетилди. Адашмасам, 19 май эди. У трикотаж фабрикасидаги тикувчилик цехида ишларди. Шу уйимиздан 10 дақиқали йўл эди, пиёда борарди. Соат 7 ларда уйга қайтарди. Ўша куни соат 7 бўлди - дараги йўқ. Болалари йиғлашга тушди, биз билмаймиз унинг олиб кетилганини. Дугонасига телефон қилган эдик, ишхонасига борса, ишдагилар: “Бугун ишга келмади”, дейишган. Кейин биз турмада ётган ўғлим Фаррухнинг адвокатига телефон қилиб, Умедани ҳам милицияга олиб кетишганини билдик, - дейди Гавҳар Сиддиқова.

Асли хўжандлик Гавҳар Сиддиқованинг айтишича, фарзандлари Фаррух ва Умеда 1998 йилда оила қуришган ва фарзандли бўлганидан бир неча йил ўтгач, Россияга кўчиб келишган. Россияда уларнинг яна икки фарзанди туғилган. Гавҳар опанинг айтишича, кичиги 9, каттаси 12 ёшда бўлган болаларни 20 май куни дастлаб юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетишади, у ердан эса Алтуфевода жойлашган болалар етимхонасига жўнатишади.

- Ҳеч бўлмаса, ўғлимнинг хотинини чиқариб юборишсин, болам... Болалари сарсон бўлмасин! 3 та вояга етмаган боласи бўлади-ю, нима асосда уни ҳибсга олишади? Ёшим етмишга бориб қолган, шаҳарни яхши билмасам, болаларни кўра олмасам... Терговчи биз ижарага олаётган уй эгасини ҳам чақиртириб қўрқитганга ўхшайди, бизни уйдан яқин орада чиқиб кетишимизни сўраяпти у ҳам. Бошим қотиб қолди, додимни кимга айтишни ҳам билмайман, - дея кўзига ёш олади Гавҳар Сиддиқова.

Эр-хотин Сиддиқовларнинг ҳибсга олиниши сабабларини аниқлаш мақсадида Озодлик уларнинг адвокати Надежда Ермоловага мурожаат қилди. Адвокатнинг айтишича, Умеда тожик расмийлари томонидан 2006 йилда халқаро қидирувга берилган экан.

- Лекин бу жуда ғалати туюлаяпти, чунки у қидирувга 2006 йилда берилган, беш йил ўтганидан кейин эса қўлга олинди, ваҳоланки, улар ҳеч қаерга яширингани йўқ. Яъни улар керакли бўлган пайтда ҳибсга олингани шубҳа туғдиряпти. У Тожикистонга экстрадиция қилиниши мумкин, 2010 йилнинг 7 декабридан бери тергов изоляторида сақланаётган Фаррух ҳам прокуратуранинг экстрадиция ҳақидаги қарорини кутаяпти. Эр-хотин тожик ҳукумати томонидан экстремизмда, конституциявий тузумга тажовуз қилганликда ва ноқонуний диний ташкилотларга аъзоликда айбланмоқда, - деди адвокат Надежда Ермолова.

Деярли 10 йилдан бери Москвада яшаб келаётган ва 3 нафар фарзанд тарбияси билан шуғулланиб юрган аёлни тажовузкорлик ва экстремизмда айблаб қамоққа жойлаш кимга керак?

Бу саволга жавоб берар экан, Москвадаги Сиёсий қочқинлар жамияти президенти Баҳром Ҳамроев бу муслиманинг ҳисбга олиниши 2010 йилнинг декабр ойида мусулмонларга қарши бошланган босимнинг мантиқий давомидир, деган фикрда. Бу ишни бевосита назорат остига олган "Мемориал" ходими Баҳром Ҳамроев босимга учраётган диндорлар орасида ўзбекистонликлар ҳам борлигини айтади.

- Аслида унинг эрини, эсингизда бўлса, ингиз,.,,,mmjdhf,, ,, 7 декабрда қамашган эди. Мен ўшанда жароҳат олганим ҳам эсингизда бўлса керак... Бу аёлни қамашдан мақсад нима? Эрига босим ўтказиб, бошқаларга керакли кўрсатма берасан, деяпти. Ўша 7 декабрда айнан шундай айбловлар билан қўлга олинган бошқа 14 кишидан ҳибсдаги биттаси – Фаррухга босим ўтказилиб, аёлини ҳибсга олиб, фарзандларини болалар уйига топширилишидан мақсад – бошқаларга гувоҳлик беришга мажбурлаш.

Озодлик: 14 киши деяётганларингиз ким ўзи?

- Ўзбекистон, Тожикистон ва Россиянинг Доғистон фуқаролари. Улар ҳозирча озодликда бўлгани билан бир одам кўрсатма бергани ортидан қолганларни яна ҳибсга олиш имконияти очилади. Бу ишларнинг барчаси сохталаштирилган. Агар бу ишнинг илдизини ковлайдиган бўлсак, Рижскаяда 2010 йилнинг октябр ойида ҳибсга олинган Тожикистон фуқаролари бор эди. Озодлик радиоси бу ҳақда хабар берган эди. Уларга қурол-аслаҳа ташлаб, шу воқеаларни бирини бирига боғлаб, “Россияда экстремизм, терроризм хавфи кучайяпти”, деган хулоса чиқариш. Бу ҳибсга олишлар, қатағонларнинг кучайиб кетишини бир нечта сабаблари бор. Биринчидан, молиявий сабаб - давлатнинг маблағини олиб ўзлаштириш, ўзларига иш жойларини ташкил қилиш, лавозимларга кўтарилиш. Давлат бюджетидан экстремизм ва терроризмга қарши катта молия ажратилади, яъни бу пуллар ишлатилаяпти, сохталаштирилаяпти. Албатта, бунинг эвазига бир нечта мусулмон қурбон қилинмоқда, - дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаоли сўнгги пайтларда Москвада ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бир нечта муслималар қўлга олинганини ҳам маълум қилди.

Москва Бош прокуратурасидан олинган маълумотларга кўра, Умеда Сиддиқова ҳозирда Москвадаги полиция тергов изоляторларидан бирида сақланмоқда. Унинг Тожикистонга экстрадицияси масаласига оид хужжатлар Россия Бош прокуратураси томонидан кўриб чиқилаяпти.

Айни пайтда Россия Федерацияси ва Тожикистон ўртасида ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисида шартнома имзоланган эмас.
XS
SM
MD
LG