Линклар

Яманда ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишув имзоланди


Яман пойтахти Санаанинг кўриниши, 2011 йил 25 май

Яман пойтахти Санаанинг кўриниши, 2011 йил 25 май

Яман президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ катта таъсирга эга бўлган Хашид қабиласи оқсоқоли Шайх Содиқ ал-Аҳмар билан ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишув имзолади.

Президент Солиҳга содиқ кучлар билан Шайх тарафдорлари ўртасида ўтган ҳафтада рўй берган жангларда 100 дан ортиқ одам нобуд бўлди.

Бу январ ойида ҳукуматга қарши намойишлар бошланганидан бери юз берган энг қонли тўқнашувлар экани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, отишмалар оқибатида минглаб одам уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлган.

Расмийлар мамлакатда фуқаролар уруши бошланиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Икки ой олдин Хашид қабиласи Яманни 33 йилдан бери бошқариб келаётган президент Солиҳ билан қурилган иттифоқни тарк этиб, мухолифат сафига қўшилган эди.

Президент ва қабила оқсоқоли ўртасида 28 май куни эришилган келишувда томонлар ўз қуролли кучларини пойтахтдан босқичма-босқич олиб чиқиши назарда тутилган.
XS
SM
MD
LG