Линклар

logo-print

Сербияда Ратко Младичнинг озод этилиши талаби билан ўтказилган намойишларда 100 дан ортиқ одам ҳибсга олинди.

Серб ўнг миллатчилари тарафидан Белград марказида ўтказилган намойишларда ўн минглаб одам қатнашди.

Намойиш қатнашчилари Сербия радикал миллатчи партияси байроғини кўтариб олишган бўлиб, айрим намойишчилар қўлларида “Младич қаҳрамон!”деган сўзлар ёзилган плакатларни кўриш мумкин эди.

Намойишлар нисбатан тинч ўтган эса-да, тадбир сўнгида шаҳарнинг айрим жойларида миллатчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берган.

Сербия ички ишлар вазири Ивика Дачичнинг маълум қилишича, тўполонлар чоғида 111 одам ҳибсга олинган.

- Ҳозир полиция вазиятни назорат қилаяпти. Кимки жамоат тартибини бузган бўлса ва бузишга уринса, ҳибсга олинади ва унга нисбатан қонун доирасида чора кўрилади, - деди Дачич.

Младичга хайрихоҳлик билдирилган намойишлар у туғилиб ўсган Калиновик шаҳрида ҳам бўлди. Босния уруши фаҳрийлари уюшмаси тарафидан ўтказилган бу намойишлар тинч ўтган, унда уч минг киши қатнашган.

Намойишчилар Ратко Младични Ҳаага трибуналига топширмасликни ҳукуматдан талаб этди.

- Ратко Младич серб қўмондонидир. Уни Ҳаага трибуналига топшириш ва Ҳаага трибунали билан ҳамкорлик хоинликдир, - деб айтди Сербия радикал партиясидан депутатликка сайланган Лидия Вукичевич.

Намойишда Ратко Младичнинг ўғли Дарко ҳам қатнашди. Дарко ўз отасини бегуноҳ деб билишини, у тинч одамларни, жумладан, Сребреницада ҳам одамларни ўлдиришга буйруқ бермаган, деб айтди.

16 йиллик қидирувдан сўнг ўтган хафта қўлга олинган генерал Младич 1992-95 йиллардаги Босния урушида геноцид ва инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда.

Ҳаагадаги БМТ уруш жиноятлари трибунали томонидан у 1995 йилда Сребреница шаҳрида 7500 босниялик мусулмон эркак ва болаларни ўлдиришда ҳам айбланмоқда.

Бу Иккинчи Жаҳон Урушидан буён Европада содир этилган энг даҳшатли жиноят сифатида кўрилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG