Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:09

АҚШ Ўзбекистондан мева-сабзавот сотиб олмоқчи


Америка Афғонистондаги қўшинлари учун мева ва сабзавотни ўзбек фермерларидан сотиб олиш ниятида.


Бу ҳақда Ўзбекистондаги Америка Савдо палатаси президенти Доналд Николсон Тошкентда чиқадиган “Экономическое обозрение” журналига берган интервьюсида маълум қилди.

Ўтган ҳафта эълон қилинган мақолага кўра, мазкур лойиҳа ўзбек фермерлари, мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхоналари ва дистрибюторлар учун ажойиб имкониятдир, чунки АҚШ қўшинлари ҳозирги кунда Дубайдан кунига 40 тонна тар мева ва сабзавот сотиб олади. Ўзбекистон америкаликларга етказиб берилаётган мева ва сабзавотнинг барча навини бўлмаса-да, уларнинг катта қисмини етказиб бера олади.

- Бу айнан биз излаётган имкониятдир,- деди Николсон.

Ўзбекистондаги Америка Савдо палатаси раисига кўра, мазкур лойиҳани техник жиҳатдан қўллаш ва амалга ошириш учун савдо палатаси кўмагида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, музлаткичларни етказиб берувчилар, маҳсулотни қайта ишловчилар ва сармоядорлардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган.

- Даставвал биз Навоий аэропорти имкониятларидан фойдаланган ҳолда, тар мева ва сабзавотларни самолётда етказиб беришни режалагандик. Бироқ бу ғоя амалга ошмади. Ҳозир эса биз бошқа бир имкониятни - маҳсулотни рефрижераторлар билан жиҳозланган фуралар ёки темирйўлдан фойдаланган ҳолда Термиз орқали Афғонистондаги АҚШ базасига тўғридан-тўғри етказиш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз,- деди Николсон.

Бунда маҳсулотнинг нақадар талабга жавоб бериши қишлоқ хўжалиги соҳасида ишловчи америкалик экспертлар томонидан текширилиши айтилмоқда.

Ўзбекистондаги Америка Савдо палатаси раҳбари жаноб Николсон сўзларига кўра, америкаликлар бу имкониятдан Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотларини параллел равишда Россия, Ғарбий ва Шарқий Европа бозорларига экспорт қилишни ривожлантириш йўлида ҳам фойдаланмоқчилар.

- Биз бу борада Европадаги асосий улгуржи савдо дистрибюторлари билан ҳам музокара олиб бормоқдамиз. Улар Ўзбекистондан тар мева ва сабзавот сотиб олишни анъанавий таъминот манбаларига нисбатан манфаатлироқ муқобил (алтернатива) ўлароқ кўрмоқдалар,- деди Доналд Николсон.

Кузатувчилар, агар Ўзбекистондаги коррупция тўсқинлик қилмайдиган бўлса, бу лойиҳанинг амалга ошишидан ўзбек фермерлари катта фойда кўриши мумкинлигини айтмоқдалар. Айни пайтда, кузатувчиларга кўра, бу ички бозорда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархларининг ҳам ошишига сабаб бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG