Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:24

Ўзбекистонлик аёллар Тожикистондан бадарға қилинди


29 май куни Ўзбекистонга депортация қилинган икки аёл, ҳуқуқ-тартибот идорларига кўра, Хўжандда фоҳишалик билан шуғулланганлар.


Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот маркази вакили Фируз Боқийнинг айтишича, Хўжанд шахрида бу йил фоҳишаларнинг кўпайганлиги қайд қилинган. Хусусан, йил бошидан буён 100 нафар фоҳиша қўлга олинган, уларнинг икки нафари Ўзбекистон фуқаросидир.

“Ўзбекистоннинг Бекобод туманида истиқомат қилувчи Дилноза Шерматова ва Зиёда Тугановалар чегарадан ўтиб, Хўжанд шаҳрига келишган. Икки давлат шартномасига мувофиқ, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг чегара ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар беш кун давомида у ёки бу давлат ҳудудида визасиз юриш ҳуқуқига эга. Бироқ Ўзбекистон фуқаролари беш кун ўрнига 8 кун давомида Хўжанд шаҳрида яшашган ва бу билан паспорт режимини бузишган. Бундан ташқари, улар фоҳишалик билан шуғулланиш жараёнида қўлга олинганлар. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ўзбекистонликлар иши судга оширилди, уларга маъмурий жазо белгиланди. Ўзбекистон фуқаролари тегишли жаримани тўлагач, депортация қилиндилар”, дейилади Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотномада.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси мулозими Фируз Боқий сўзларига кўра, фоҳишалар учун белгиланган жарима жуда кам, шунинг учун уларни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида қонун қабул қилиш лозим. Фируз Боқий фикрича, таносил касалликларини ташувчи бундай қизлар жамиятга катта хавф келтириши мумкин.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Хўжанд шаҳрининг бир неча жойида “тунги капалаклар” тўпланиб турадиган махсус жойлар бор. Асосан қош қорайганда “ов”га чиқадиган фоҳишалар ўз мижозларидан 10 доллардан 200 долларгача ҳақ оладилар. Таҳлилчилар фикрича, мамлакат Жиноят кодексига енгил табиатли аёлларга оғирроқ жазо тайин қилиш тўғрисида ўзгартиш киритиш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди.

- Умуман олганда, ҳар қандай йўналишдаги кескин жазо чоралари акс таъсирни келтириб чиқаради. Масалан, Горбачёв алкоголизмга қарши жуда қаттиқ чора кўрди. Бу фойда бердими? Йўқ! Яна мисол, бир қанча Европа давлатларида фоҳишалик эркинлаштирилди. Фоҳишаликни биз қанча қораламайлик, унга қанча ахлат ағдармайлик хеч қайси жамият - мусулмон мамлакатими, Европа давлатими - уни таг-туги билан йўқотолмаган. Тўғри, фохишалик қилган аёлларни жазолаш керак, лекин бундай йўл билан эмас, - дер экан таҳлилчи Ҳулкар Юсупов фоҳишаликни легаллаштиришни, бундай аёлларга патент жорий қилиб, улардан солиқ талаб қилишни таклиф қилади ҳамда фоҳишаларни вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказиб туриш лозимлигини қўшимча қилади.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Хўжанд шаҳар бўлими вакили Нодира Абдуллаева эса таҳлилчи фикрига мутлақо қўшилмайди. Унинг фикрича, бундай аёлларга нисбатан мусулмон мамлакатларидаги мавжуд бўлган қаттиқ қонунларни қўлламоқ лозим.

- Албатта улар қилаётган ишлари ҳаром ҳисобланади. Исломда фоҳишалик қилган қизларга дарра уриш, никоҳдаги аёлларга эса тошбўрон қилиш жазо чораси сифатида белгиланган. Ўрта Осиёдаги давлатлар, инчунин, Тожикистон исломий давлат бўлмагани учун ҳам бундай жазолар бу диёрларда қўлланилмайди. Агар қўлланилганида, жамиятда бундай номақбул ишлар бўлмас эди, - дейди Нодира Абдуллаева.

Хўжандлик Мадина фоҳишаларнинг кўпайиб бораётганига минтақадаги оғир иқтисодий аҳвол сабаб бўлаяпти, деган фикрда.

- Менимча, фоҳишалик кўпайиб бораётганининг асосий сабабларидан бири бу мамлакатдаги фақирона ҳаёт ва ишсизлик. Бой оилалардан бўлган қизларнинг яхши кийиниши, яхши яшашини кўрган бошқа қизлар ҳам шуни истайдилар ва енгил ҳаёт йўлини излайдилар. Хўжанддаги фоҳишаларнинг асосий қисми вилоятдаги бошқа туманлардан ташқари республика жанубидан келган қизлардир. Охирги йилларда эса улар сафи қўшни республикалардан келган қизлар ҳисобига кенгаймоқда, дейди Мадина.

Унинг фикрича, токи расмийлар мамлакатдаги хотин- қизларни ўз ҳимоясига олиб, уларга қулай шароит яратиб, иш ўринлари билан таъминламас экан, энг кескин жазолар билан ҳам бу муаммони ҳал қилиб бўлмайди.
XS
SM
MD
LG