Линклар

Тошкентда ЕИ ваколатхонаси очилиб, нима ўзгаради?

  • Ҳасанжон

Ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, Тошкентда ЕИ ваколатхонасининг очилиши икки томон муносбатларидаги иккиюзламачиликни машруълаштиришдан бошқа нарса эмас.

Ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, Тошкентда ЕИ ваколатхонасининг очилиши икки томон муносбатларидаги иккиюзламачиликни машруълаштиришдан бошқа нарса эмас.

Ўзбекистонда ЕИ ташқи ишлар идорасининг илк дипломати иш бошлади. Чехиялик дипломат Ондрей Шимекнинг вазифаси жорий йилда Тошкентда ЕИ ваколатхонасини очишга тайёргарлик ишларини амалга оширишдан иборат. Ҳуқуқ ҳимоячилари ЕИ ваколатхонаси очилишини қўллаб-қувватлаш баробарида, унинг мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини сезиларли даражада яхшилашига шубҳа билан қарамоқда.


Европа Иттифоқи номидан Тошкентда фаолият юрита бошлаган чехиялик дипломат Ондрей Шимек ҳозирда ташкилий масалалар билан банд бўлгани сабабли Озодликка кейинроқ интервью беришни ваъда қилди.

Чехиянинг Тошкентдаги элчихонаси биринчи котиби Роман Масарик Озодликка Европа Иттифоқи дипломатлари Тошкентда 23 май кунидан иш бошлаганини маълум қилди.

- Европа Иттифоқи вакиллари Тошкентга келган ва ҳозирда иш олиб бормоқда. Улар орасида чехиялик дипломат Ондрей Шимек бор. У ЕИ вакилларига бошчилик қилмоқда. Келгусида ваколатхонага элчи келади. Ҳозир Европа Иттифоқида элчини сайлаш жараёни бормоқда. Элчи келганидан сўнг Ўзбекистон президентига ишонч ёрлиғини топширади. Жаноб Шимек эса ЕИ элчисининг ўринбосари бўлади,- деди Роман Масарик.

Унга кўра, жаноб Шимекнинг ҳозирги вазифаси ваколатхона фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур шароитларни яратиш, ваколатхона учун қароргоҳ топиш ва уни акрредитациядан ўтказишдан иборат.

ЕИнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилиши жорий йилга белгиланган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов шу йил январида Европа Иттифоқи Комиссияси раҳбари Жозе Мануэл Баррозо билан Брюсселда учрашганидан сўнг ЕИ Ўзбекистонда ваколатхона очиш ҳақида қарор қабул қилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ўзбекистонда ЕИ ваколатхонаси очилишини қўллаб-қувватлаш баробарида бу идоранинг инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаши ҳақида турли фикр билдирмоқда.

Тошкентда ЕИ ваколатхонаси очилишини ижобий воқеа деб бахолаган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов бунинг натижаси қандай бўлишини вақт кўрсатади, дейди.

- Менинг фикримча, ваколатхона очилса, Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари учун яхши бўлади. Негаки бу ваколатхона фуқароларни, жабрланган одамларни қабул қилиши мумкин ва Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини кузата олади. Бу қанчалик фойдали бўлишини ëки натижали бўлишини вақт кўрсатади. Албатта бир нарсани олдиндан айтиб бўлмайди. Бу ваколатхонадан фойда йўқ ëки бошқа нарса дейиш, менимча мутлақо нотўғри. Очилгани яхши. Негаки, барибир қандай бўлмасин Европа Иттифоқи жуда катта ташкилот. Иккинчидан, бу ердаги ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳам, мамлакатдаги нодавлат ташкилотларнинг одамларини ҳам ваколатхона қабул қилади. Ана шунда талаблар, қандайдир илтимосномалар қолдиради ва бу нарса менимча ëритилади. Шунинг учун менинг фикрим бундай ваколатхонанинг Тошкентда очилгани яхши,- дейди Суръат Икромов.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева ҳам Тошкентда ЕИ ваколатхонасининг очилишини қўллаб-қувватлайди.

- Мен Ўзбекистонда Европа Иттифоқи ваколатхонаси очилишини шак-шубҳасиз қўллаб-қувватлайман. Чунки мен ҳар қандай халқаро ташкилотнинг Ўзбекистонда фаолият юритишини яхши деб ҳисоблайман. Бунинг сабаби, 2004 – 2005 йилларда инсон ҳуқуқларини ривожлантирадиган ҳамма йирик халқаро ташкилотлар ҳайдаб чиқарилди. 2011 йилга келиб биз Ўзбекистондек ёпиқ жамиятда ўз ишлаш услубига эга бўлган энг нуфузли ташкилот, Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ҳайдаб чиқарилганига гувоҳ бўлдик,- дейди Надежда Атаева.

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиси ЕИ ваколатхонасининг очилиши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилай олишига шубҳа қилади, боиси, унинг фикрича, бу Ўзбекистон ҳукумати ва ЕИ ўртасидаги сиёсий муросадир.

- ЕИ ваколатхонасининг очилиши бу сиёсий муроса. Ўзбекистон ҳукумати ЕИ кўтармайдиган мавзуларни аллақачон белгилаб қўйган. Бу - сиёсий маҳбуслар, болаларнинг пахта далаларида эксплуатация қилиниши, Андижон воқеалари билан боғлиқ мавзулар, мухолифат партиялари билан Ўзбекистонда 15 йилдан ортиқ вақтдан бери қонундан ташқари фаолият юритаётган инсон ҳуқуқлари ташкилотларини рўйхатга олиш, тинч йиғилиш ўтказиш сингари масалалар муҳокамаларда кўтармайдиган мавзулардир. Шундай вазиятда ЕИ ўз ҳозирлигини сақлаб қолишга уринмоқда. Чунки Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида бир-бирини тушуна оладиган масала Афғонистон ва наркотрафика масаласи бор. Бу ва глобал хавфсизлик борасида ўзаро ҳамкорлик шубҳасиз кучаймоқда. Бироқ ЕИ идорасининг Тошкентда очилиши мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшиланишига ижобий таъсир этиши эҳтимолдан йироқ деб ўйлайман,- дейди Парижда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG