Линклар

Ўзбекистон АҚШ қўшинларига мева етказиб бериши мумкин


Америка етакчиларининг хориждаги қўшинлар билан тамадди қилиш одати борлиги инобатга олинса, уларнинг ўзбек меваларига оғзи тегиб қолиши эҳтимоли борга ўхшайди.

Америка етакчиларининг хориждаги қўшинлар билан тамадди қилиш одати борлиги инобатга олинса, уларнинг ўзбек меваларига оғзи тегиб қолиши эҳтимоли борга ўхшайди.

Қўшма Штатлар Афғонистондаги ўз қўшинлари учун мева ва сабзавотни ўзбек фермерларидан сотиб олишни режаламоқда. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Америка Савдо палатаси президенти Доналд Николсон маҳаллий матбуот орқали маълум қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистондан сотиб олинган мева-сабзавотларни Афғонистонга етказишни йўлга қўйиш бўйича ишчи гуруҳи ҳам тузилган. АҚШ Савод палатаси раҳбари бу ишчи гуруҳига айнан қайси расмий идоралар ёки ширкатлар кирганини аниқлаштирмади. Лекин Қўшма Штатлар бошлаётган ташаббус Ўзбекистон маҳсулотларини бошқа мамлакатларга ҳам экспорт қилиш имкониятларини очишини таъкидлади жаноб Николсон.


Ўзбекистондаги Америка Савдо палатаси президенти Доналд Николсон Иккинчи мамлакатда чиқадиган “Экономическое обозрение” журналига берган интервьюсида ҳозирда Қўшма Штатлар Афғонистондаги қўшинлари учун 40 тонна мева ва сабзавотни Дубайдан сотиб олади, деди. “Экономическое обозрение” журнали жаноб Николсон сўзларига таяниб, АҚШ яқин келажакда ўз қўшинлари учун озиқ-овқат базасини Бирлашган Араб Амирликларидан кўчириш ниятида эканини ёзди.

Ўз интервьюси чоғида жаноб Николсон “Ўзбекистон америкаликларга етказиб берилаётган мева ва сабзавотнинг барча навини бўлмаса-да, уларнинг катта қисмини етказиб бера олади”, дея умид билдирди.

Унга кўра, мазкур лойиҳани амалга тадбиқ этиш мақсадида савдо палатаси кўмагида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, музлаткичларни етказиб берувчилар, маҳсулотни қайта ишловчилар ва сармоядорлардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган.

Бироқ Донлад Николсон, бу ишчи гуруҳига маҳаллий расмий идоралар ёки ишлаб чиқарувчилардан кимлар жалб этганини “Экономическое обозрение” журналига берган интервьюсида аниқлаштирмаган. Озодлик жаноб Николсон билан боғланишга ҳаракат қилди, лекин у киши душанба куни АҚШдан Ўзбекистонга йўл олгани боис, бунинг иложи бўлмади.

Ўзбекистондаги Америка Савдо палатасининг шахси сир қолиши шарти билан гапирган ходими ҳам бу саволимизга жавоб бера олмади.

Лекин бу ишчи гуруҳига Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги жалб этилмагинини айтишимиз мумкин. Ҳар қалай вазирликнинг мева ва сабзавотлар масалалари билан шуғулланувчи мутасаддилари бундан хабари йўқлигини айтишди.

Ўзбекистондаги Америка Савдо палатаси президенти Афғонистондаги қўшинларни озиқ-овқат билан таъминлашни йўлга қўйиш ниятлари бир-икки йилдан бери борлигига ишора қилди.

“Даставвал биз Навоий аэропорти имкониятларидан фойдаланган ҳолда, тар мева ва сабзавотларни самолётда етказиб беришни режалагандик. Бироқ бу ғоя амалга ошмади. Ҳозир эса биз бошқа бир имкониятни - маҳсулотни рефрижераторлар билан жиҳозланган фуралар ёки темирйўлдан фойдаланган ҳолда Термиз орқали Афғонистондаги АҚШ базасига тўғридан-тўғри етказиш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз”, деди Николсон.

Уч йил аввал Афғонистондаги АҚШ қўшинлари таъминотига қаратилган ҳамда Россия, Болтиқбўйи ва Марказий Осиё давлатларини ўзи ичига олувчи Шимолий тақсимот тармоғи йўлга қўйилганида озиқ-овқат маҳсулотларининг баъзи турлари, хусусан мева-сабзавотларни Ўзбекистондан сотиб олиш режалари ҳақида гапирилган.

Ўшанда президент Ислом Каримвонинг тўнғич қизи Гулнора Каримовга тегишли экани айтилган собиқ Зеромакс ширкати Шимолий тақсимот тармоғи пудратчиларидан бири бўлиши ҳақида гап борган эди.

Хусусан, WikiLeaks сайти эълон қилган АҚШ махфий ёзишмаларидан бирида: “Зеромакс АҚШнинг олтита ширкати билан тузилган консорциум доирасида Шимолий тақсимот тармоғи орқали Афғонистонга юкларни транзит қилиш билан боғлиқ бизнес имкониятлардан ҳам фойдаланишни ният қилмоқда” дейилган.

Ўзбекистондаги Америка Савдо палатаси президенти Донланд Николсоннинг “Экономическое обозрение” журналига интервью бериши Зеромакс ширкати ёпилганининг бир йиллигига тўғри келди.

Шунингдек, бу интервью эълон қилинишидан бир неча кун ўтиб, Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилишига қарши кўрилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказиб, ўзбекистонлик деҳқонларни мева-сабзавотларини четга олиб чиқишга оид қарорни ёдда тутишлари лозимлигини эслатди.

Фарғоналик фермер Алишер ака Ўзбекистон ҳукуматининг деҳқонларга нисбатан сиёсати адолатли бўлганида, америкаликлар таклиф этаётган лойиҳа ўзбек фермерларига катта фойда келтириши мумкин бўларди, дейди.

- Ўзбекистон аграр давлат. 75 фоиз аҳолиси нима билан шуғулланади. Қишлоқдаги яшайдиган аҳолининг қўлига пул тушади. Мана бундайроқ пул тушадида. Ҳозир мева-чевалар ташқаридан чегара қўйилганлигининг ҳисобига жуда арзимаган пулга, сок чиқарадиган цехлар борку, ана ўшаларга мажбуран арзимаган пулларга сотаëтган эдида. Демоқчиманки, агар ҳақиқатан давлат ғирромлик қилмасдан, мажбурламасдан, арзимаган пулга бизга берасан демасдан ҳақиқатан бозор нархида сотиб оладиган бўлса, майли.

Лекин, дея ишонч билан гапиради фермер ўз тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ҳукуматининг бу соҳада ҳам “ғирромлик қилмаслиги”га ва даромаднинг асосий қисми ҳокимиятдагилар чўнтагига тушмаслигига ҳеч ким кафил бўла олмайди.
XS
SM
MD
LG