Линклар

Урганчда ҳам уйлар бузиляпти

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон шаҳарлари қиёфасидан совет унсурлари билан бирга одамлар уйлари ҳам сидирилиб ташланмоқда.

Ўзбекистон шаҳарлари қиёфасидан совет унсурлари билан бирга одамлар уйлари ҳам сидирилиб ташланмоқда.

Хоразм вилояти Урганч шаҳри марказидаги Ал Хоразмий кўчасининг икки бетидаги уйлар бузила бошлади. Хоразм вилоят ҳокимлигининг қарори асосида бузилаëтган уйлар совет даврида ҳукумат мулозимлари учун махсус лойиҳа асосида қурилган эди. Хоразм вилоят ҳокимлиги қурилиш бўлими меъморига кўра, бу уйлар пишиқ ғиштдан мустаҳкам қилиб қурилган бўлиб, шаҳарда ҳозир қурилаëтган уйлардан кўра, яхшироқ аҳволда. Биноларнинг совет услубидаги шаклу шамойили боис уларни бузишга қарор қилинди, дейди меъмор. Уйи бузилган хонадон эгалари товон пули ололмаëтганига норозилик билдирмоқда.


Бу уйларни бундан икки ой олдин бузмоқчи бўлганида, мен ва қўшниларим Баҳром Ҳусаинов ҳамда Муборак Қурбониëзова “устимиздан бензин қуйиб ўзимизни ëқиб юборамиз”, деганимиздан кейин уй бузилиши кечиктирилган эди, дейди Ал Хоразмий кўчасида яшовчи Худойберганова Аделя.

- Улар бузамиз деб айтишганида, бизлар бензинлар билан ўзимизни ëқамиз деб кўчага чиққанмиз. Ўшанда тўхтатишди икки ойга. Энди яна шунақа қилишаяпти. Каримов “янги уйни қурмасдан туриб, эскисини бузма” дейди. Нима учун булар Каримовнинг гапига қулоқ солишмайди? 1985 йил 3 июнда мен кўчиб келдим. Шундан бери яшаб келаяпман. 1959 йилда қурилган бу уй. Агар буни ремонт қилсак, камида яна 30 йил туради бу уй,- дейди Аделя Худойберганова.

Совет даврида Коммунистлар кўчаси деб аталган ва "обком уйлари" дея ном чиқарган, ўз вақтида энг шинам ҳисобланган бу уйлар бузилар экан, уларнинг эгалари мутаносиб товон пули ололмаслигидан xавотир билдиришмоқда.

- Бизнинг ҳуқуқимизни бузишмоқда. Нима учун мен ғиштдан қурилган обком уйда яшаб, бунинг устига мен у ерда евроремонт қилганман, энди мен притонга (ташландиқ жой демоқчи-таҳр.) кетишим керак? Гурленский бу притон. Подвалларида сув оқиб ëтибди, чивин, пашша деганингиз кўп. Нима учун мен қариган пайтимда у ëққа бориб яшашим керак? Тезроқ ўлишим учунми,- дейди Аделя Худойберганова.

Ўзбекистон матбуот қўмитаси мулозими Улуғбек Йўлдошев ҳам шу уйларда истиқомат қилади. “Бу уйларнинг нархи 80 миллион сўм эди. Бизга эса шаҳарнинг бир бурчагидан 20 миллиондан ҳам кам турадиган уйларни таклиф қилишмоқда” дейди у.

- Уже бузишаяпти. Беш-олти жой кетди. Квартира таклиф қилиб туришибди, лекин ҳали ҳеч кимга бергани йўқ. Бизнесменларга юклашган квартира олиб берасан деб. Яна жой ўрни ҳам таклиф қилиб турибди. Бу ердаги жойлар яхши. Таклиф қилинганлари Гурленский, бошқа жойлар. Улар тўғри келмайдику. Ëзилди ҳамма ерга. Фақат ҳали жавоб йўқ,- дейди Улуғбек Йўлдошев.

Уйлар бузилаëтган ҳудуддан Ўзбекистон парламентига депутат қилиб сайланган Клара Жумамуродовага телефон қилиб, сайловчиларингиз сиздан мадад кутмоқда деб айтдик.

- Менга қаранг, тўлиқ қопламаса, уни ҳокимият билан келишилган ҳолда қилинади. Мен ҳозир бир документ кўрмай бир нарса дея олмайман ахир. Лекин қонун бўйича тўлиқ қоплайдиган нима билан беришлари керак. Мен ҳозир документ кўрмасдан бир нарса дея олмайманку телефонда. Мен одатда жума-шанба кунлари бораманку. Учрашганда бир хулосага келармиз. Ҳозир телефонда мен нима деб гаплашиб биламан. Учрашармиз биргаликда. Мен одатда жума кунлари фабрикада бўламан. Кимнинг нима гапи бўлса, келаверсин,- дейди Клара Жумамуродова.

Ўзбекистон Олий Мажлис депутати Клара Жумамуродова умумий гапдан нарига ўтмади.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, уйи бузилаëтган фуқаролар мутаносиб тарзда уй-жой билан таъминланмоғи керак. Ал Хоразмий кўчаси турғунлари эса бузилган уй-жойлари ўрнига фақат ваъдалар олишаëтганини айтишмоқда.

Бу ваъдаларга кўра, Хоразмдаги бой тижоратчилар уйи бузилганларга уй сотиб олиб беришга мажбурланмоқда. Бундай қонунсизликларга Урганч шаҳар прокурори муносабати қандай? Шаҳар прокуратураси ходими Қудрат Раҳимов Озодлик билан суҳбатда бу ҳолат билан жиддий шуғулланишни ваъда қилди.

- Бу нарсалар билан албатта, как положено, қонун доирасида бўлиб турибди. Қонундан четга чиқиб ҳал қилиш масаласи йўқ. Уларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда нима ëрдам қилиш керак бўлса, ëрдами билан бўлиб турибди. Мен ҳозир исм-фамилияларини ëзиб олдим. Яна бир кўриб чиқаман.

Урганч шаҳри Ал Хоразмий кўчасидаги уйларни бузиш ҳақидаги қарор шаҳар қиëфасини совет унсурларидан тозалаш йўлидаги умумий режанинг бир қисми экани айтилмоқда.

Бундан олдин меъморий обида ҳисобланган вилоят театрининг декоратив юзаси қора шишалар билан қопланиб тўсиб қўйилган.

Шаҳардаги курант соат, Худойберган Девонов ва Ўзбекистон ССР 25 йиллиги номидаги кинотеатрлар бузиб ташланган эди.

Марказий Осиëдаги илк киночи Худойберган Девонов яшаган уй ва унга қўйилган ҳайкал бузиб ташланди.

Урганч шаҳрининг асосчиси Абулғозий Баҳодирхон ҳайкали шаҳар чеккасига бадарға қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG