Линклар

logo-print

Яман хавфсизлик кучлари Таиз шаҳридаги намойишчиларга қарата ўт очгани ва камида 20 намойишчини ўлдиргани айтилмоқда.

Бугун Яманнинг уч нуқтасида ҳукумат қўшинлари билан тўқнашувлар юзага чиққани хабар қилинди.

Таиз шаҳрида ҳукумат қўшинлари тинч намойишчиларга қарата ўт очди.

Обиён вилоятида эса жанггари гуруҳлар Зинжибар шаҳрини ҳануз ўз назоратида ушлаб турибди.

Шунингдек, пойтахт Санаа шаҳри яқинида ҳам маҳаллий қуролли гуруҳлар билан ҳукумат қўшинлари ўртасида жанг ҳаракатлари кузатилди.

Таиз шаҳридан олинган хабарларга кўра, бу ердаги намойишлар чоғида ҳукумат қўшинларининг ўқидан камида 20 намойишчи ўлган. Яна 100 га яқин намойишчи жароҳатлангани ҳақида хабарлар бор.

Таизда ишлаётган айрим шифокорларнинг сўзларига кўра, қурбонлар сони яна ортиши мумкин.

Шифокорлар ва ҳуқуқ фаолларидан йиғилган хабарларга кўра, ҳукумат қўшинлари Таиз шаҳри ҳокимияти биноси ёнига йиғилган оломонга қарата ўт очган.

Намойишчилар ҳибсга олинган сафдоши озод этилиши ва президент Солиҳнинг истеъфосини сўраётган эди.

Ўтган тунда бу ердаги намойишчиларга қарши полиция ёш оқизувчи газ ва сув пуркаган эди.

Намойишларни кузатаётган хориж журналистлар Таиздаги намойишларнинг бу тариқа қонли бостирилиши бу давлатда президент истеъфоси сўралаётган намойишлар даврининг “бурилиш нуқтаси” бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Санаа шаҳрининг шимолий қисмидаги Ал-Ҳасаба туманида ҳам ўтган тунда тўхтовсиз отишмалар овози эшитилгани хабар қилинмоқда.

Икки кун муқаддам бу ҳудудда маҳаллий Ҳашид қабиласига мансуб жанггарилар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида тўқнашув юзага чиққан эди.

Айни пайтда Зинжибар шаҳри яқинида ҳукумат қўшинларининг автокарвони жанггари гуруҳлар пистирмасига дуч келгани ва натижада, ҳукуматнинг тўрт аскари ўлдирилгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, ўлганлар орасида Яман армияси полковниги ҳам бўлган. Гувоҳлар шундан сўнг ҳукумат қўшинлари Зинжибар шаҳрини ҳаводан ўққа тутганини айтмоқда.

Бу шаҳар Яманнинг Обиён вилояти марказий шаҳридир. Бу шаҳарнинг назорати жума куни жанггари гуруҳлар қўлига ўтгани айтилган эди.

Шанба куни Яманнинг собиқ Мудофаа вазири президент Солиҳни Обиёндаги жанггариларни қуроллантириш ва бунинг ортидан келиб чиқадиган нотинчликдан мамлакатда унга қарши бораётган намойишларга барҳам бериш учун фойдаланишни кўзлаётганликда айблади.

Айни пайтда Яман муҳолифати ҳам президент Солиҳни Зинжибарни ўзи қуроллантирган жанггарилар қўлига берганликда айбламоқда.

Яман Мудофаа вазирлиги расмийлари эса бундай айбловларни инкор қилди ва аксинча, ҳукумат қўшинлари жанггари гуруҳлар зўравонлиги олдини олиш учун Зинжибардан ташқари мамлакатнинг яна бир неча нуқталарига сафарбар қилинганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG