Линклар

АҚШ делегацияси ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашди


Бугун Тошкентдаги Америка элчихонасида АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Сюзан Эллиот бошчилигидаги делегация бир гуруҳ ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашди.

Учрашувда иштирок этган "Эзгулик" жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Эллиот хоним Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти, ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотларга расмий Тошкентнинг муносабати билан қизиққан.

Ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатдаги болалар меҳнати, сиёсий маҳбуслар ва қийноқлар масаласини ҳам тилга олганлар.

- Эллиот хоним “Биз ҳозир сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккинчи босқичини олиб бораяпмиз Ўзбекистон ҳукумати билан. Бунинг иккинчи раунди сентябр ойида ўтади. Сентябр ойига қадар бўладиган мулоқотларимизда биз бу масалаларни етакчи масала сифатида Ўзбекистон ҳукуматининг олдига қўямиз. Бу бўйича сўзлашувлар кетаяпти. Вазият бизнинг назаримизда секин-секин илиқлашадигандай” деб гапирди Эллиот хоним,- деди Абдураҳмон Ташанов.

Шунингдек, Эллиот хоним Яқин Шарқдаги воқеаларнинг Ўзбекистондаги акс-садоси билан ҳам қизиққан. Ҳуқуқ ҳимоячилари бу Ўзбекистон шароитида имконсиз эканлигини айтганлар.

Кеча Сюзан Эллиот хоним билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-инсонпарварлик ва сармояларга оид соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги масалалар муҳокама қилинган.

Бугун Оқсорайда президент Ислом Каримовнинг АҚШ дипломатинини қабул қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG