Линклар

Озодликка қўнғироқ қилган Илҳомжон радиода берилаётган ҳаққоний, бироқ танқидий материаллар одамларни жунбушга келтириши мумкинлигидан ташвишда.

"Сиз тўғри гапирасиз, лекин..."

Россиянинг Екатеринбург шаҳридан қўнғироқ қилган Илҳом Озодлик радиоси орқали эфирга узатилаётган лавҳаларда ҳаққоний ва тўғри маълумотлар берилаётгани яхши эканини, аммо бу халқни қўзғатиши мумкинлигидан хавотирда эканини айтди.

- Мен сизларни ҳар кун эшитаман. Кейин нима қиламан-да, агитация қилаяпти, агитация қилиб халқни нима бўлгандан кейин "мана шундай қилиши керак", "мана бундай бўлиши керак" деб, балки халқни уйғотадиган нима бўлаяптими, мен мана шундай деб тушунаяпман-да. Сизларда ҳар доим тўғри гапларни гапирилади-да, лекин барибир мана шундай бўлавергандан кейин, масалан, тўғри, тўғри гап жуда яхши нарса, лекин бора-бора эртага, масалан, мен ҳам эшитаман, сизларни эшитиб танишларимга айтиб берсам, ҳамма ҳайрон қолади. "Шунақами?" дейди. “Мана шунақа гаплар экан” десам, “Йўқ, бўлиши мумкин эмас, унақада нимага ҳеч нарса демаймиз?” дейди. "Ундай қилишимиз керак", "бундай қилишимиз керак" деган гапларни гапиради-да. Мен шунга айтаман, бунақа гап бўлиб кетаверса, кейин нима бўлмайдими? Тем более, сизларнинг ҳам қариндош-уруғларингиз бор. Баравар ҳамма тинч яшаса бўлмайдими, дейман-да. Бу ëқда очиқ ҳамма нарсани гапиради. Ўзбекистонда гапирмайди. Бизларда Ўзбекистон каналлари ҳам бор. Кўриб турамиз. Ҳар доим мусиқалар, концерт, шунақа нарсалар беради. "Ўзбекистонда у бўлаяпти, бу қурилаяпти" деган нарсалар беради. Очиқ нарса бермайди. Тўғри гапирган яхши, лекин бизлар ҳам Ўзбекистоннинг одамларимиз. Бизнинг ҳам оғайниларимиз, ака-укаларимиз яшайди. Барибир нима бўлганда ҳам тинч бўлсин, деймиз-да. Ҳамма жой тинч бўлса, уйга тинч бориб келсак, бизга мана шу томони маъқулроқ-да, - дейди Илҳомжон.


“Ишонганим Зайниев, қайга борсанг боравер”

Қашқарё вилояти Чироқчи туман Чувиллоқ қишлоғининг Чияли жамоа ширкат хўжалигидан қўнғироқ қилган муштарий ўз исми сир қолишини сўради.

У ўзи яшаётган маҳалла раиси ва котибининг порахўр эканини иддао қилиб, мутасадди ташкилотларга қилган мурожаатлари шу пайтгача жавобсиз қолаётганидан нолиди.

- Қумдарë маҳалласи Ҳасан Ëрлаев устидан гапирмоқчи эдик. Маҳалла раисининг ваколати битганда, бошқа бировга бўшатиб бермаяпти шуни. Болаларнинг нафақасини тўғирлаш учун 100-150 минг сўм пул олади маҳалла раиси билан котиби иккалови биргаликда.

Озодлик: Пора беринглар, деб ўзи талаб қиладими?

- Ҳа. “Котибга беринг, икковимиз бўлиб оламиз” деб айтган-да. Котиби Ботиров Шерзод деган бола. Шунга ҳозир бизлар Бойбўта Мамарасулов деган маҳалла раисини сайлаймиз десак, унга йўл бўшатиб бермаяпти.

Озодлик: Ким?

- Ҳасан Ëрлаев деган маҳалла раиси. Ундан кейин мана бу мактабларнинг йўлини тўғирлаб беринг, деб маҳалла раисига ариза ташлаганмиз. Зиëвуддин Турсунов деган фермеримиз бор. Болалар бир километр масофани чангда, пахта пайтида сув кечиб ўтади. Мактаб очилган пайтда чангдан юради. "Шунга йўл ажратиб бер" десак, бермайди. Ўзи 80 гектар ерни давлатга 60 гектар қилиб кўрсатиб олган бояги фермер. Ана шундан болаларга кетса 10 сотих кетадиган ерни ажратиб бермайди-да. Шу тўғрисида маҳалла раисига айтсак ҳам маҳалла раиси қулоқ солмайди.

Озодлик: Маҳалла раисини назорат қиладиган мутасаддиларга шикоят қилиб, ариза билан мурожаат қилмадингларми?

- Районга мурожаат қилсак, маҳалла раиси Ҳасан Ëрлаев: “Мен вилоят ҳокими Нуриддин Зайниевдан бошқаси бўшата олмайди” деб туриб олади-да. “Ишонганим Зайниев, қаерга борсанг боравер” деб гапиради. Мана шуни Озодлик орқали президентимиз қулоғига етирай деб туриб сизларга гапираяпмиз, - дейди исми сир қолишини истаган қашқадарëлик суҳбатдошимиз.


"700 минг сўм давлат хазинасига тушадими?"

Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғидан қўнғироқ қилган Набижон Авдувалиев ер муаммосини ҳал қилиш учун давлат идораларига қилинган мурожаатлар учун катта миқдорда пул тўланиши кераклигини, бу тўлов давлат хазинасига тушадими ёки пора учун сўралганидан бехабар эканликларини айтиб, расмий идораларга мурожаатлар жавобсиз қолаётганидан шикоят қилди.

- Бир муаммо чиқиб қолди менда. Хат билан Ўзбекистоннинг қайси органига ëзсангиз ҳам жавоб олиш қийин ҳозирги вақтда. Шунинг учун шу муаммони Озодликнинг микрофони орқали эшиттирсам. Шуни эшиттиришга сизлар ҳам ëрдам берасизлар, деган умид билан телефон қилган эдим. Муаммо шундан иборатки, менга уч-тўртта фуқаролар келиб мурожаат қилди. Шу тўғрисидаки, улар ота-бобосидан қолган жойлар социализмга ўтиб, капитализмга ўтиб, ҳеч ким ҳисоб қилмаган. Ҳозирги даврда кадастрлаштириш қилиш керак. Шу кадастр қилиш учун Поп туманига борса, учта жой бор экан. Учта жойнинг ҳар бирига "700 минг сўмдан пул тўлайсиз" дебди. “Мен буни тўлай олмайман, ишламайман. нима қиламан?” деса, "Эски қарорларни топ", дебди. Уларни Наманган шаҳрига бориб вилоятдан топиб келибди. Кейин ҳокимиятга борибди. Ҳокимиятга борса, ҳокимиятдагилар қарор чиқариб бериш учун 170 минг сўм пул олар экан. Пул тўламаганлиги учун документини крес қилиб қайтариб юборибди. Менинг олдимга келиб: “Мана шунақа бўлди, ака, мен нима қилай?” деди. “Прокуратурага мурожаат қилгин” дедиму, жавобсиз қолмасин деб сизларга мурожаат қилаяпман. Ҳамма нарса қонун билан бўлиши керак. Шу 700 минг пулни кадастр давлатга ўтказадими-йўқми, буни ким текширади, ҳокимият ўзича қарор чиқариб 170 минг сўмдан пул олиб булар давлатга ўтказадими ëки жиғилдонга урадими, - дейди Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғидан қўнғироқ қилган Набижон Авдувалиев.


************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG