Линклар

1 июн - Болаларни ҳимоя қилиш куни кенг нишонланган Қирғизистонда болаларни ўз тенгдошларидан ҳимоя қилиш долзарблигича қолмоқда.

Чунки, расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда сўнгги пайтларда мактаб рэкети билан боғлиқ ҳолатлар кўпайган. Бир йилнинг ичида Қирғизистондаги 2000 мактаб текширилиб, ўз синфдошларини рэкет қилаётган 400 га яқин ўқувчи борлиги аниқланган.

Бишкек мактабларидан бирида ўқийдиган 11-синф ўқувчиси Нурислом мактаб рэкети авж олиб кетаётгани, милиция томонидан бу иллатни бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирлар ва текширувлар ҳеч қандай натижа бермаётганидан шикоят қилади.

- Мактаб рэкетирлари ҳар бир ўқувчидан 100 сўмдан (тақрибан 2,2 АҚШ доллари- таҳр.), айрим ўқувчиларга эса 500 сўмдан (тақрибан 11 доллар – таҳр.) солиқ солишади. Агар бу пулни олиб келиб бермасанг, ўлгудек калтаклашади. Бу ҳақда биз бировга айтолмаймиз. Чунки бу ҳақда ота-онамизга, ўқитувчиларимизга ёки милицияга айтсак, бутун мактаб бизни “Казел” деб масхара қилади, - дейди Нурислом.

Суҳбатдошимиз айтганига ишонадиган бўлсак, мактаб рэкетирлари ўқувчиларга солиқ солиб, битта мактабнинг ўзидан кунига бир неча минг сўмлик нақд пулга эга бўладилар. Бишкекда эса 100 та мактаб бор.

Қирғизистон ички ишлар вазирлигига кўра, бу мактаблардан тўпланган пулнинг бир қисми уюшган жиноий гуруҳлар ҳисобига ўтказилади ва қамоқда ётган жиноятчиларга озиқ-овқат харид қилиш учун сарфланади.

Қизиғи шундаки, мактаб рэкетирлари ўша мактабнинг ўзида ўқиётган юқори синф ўқувчилари орасидан танланади. Бу иш, айрим маълумотларга кўра, уюшган жиноий гуруҳнинг ўша мактаб жойлашган ҳудуддаги вакили иштироки билан амалга оширилади. Чунки жиноят олами мактабларда жиноий тартиблар ва қонунлар ўрнатилишидан, бунинг оқибатида жамиятда жиноят оламинингг ўзига хос қонунлар асосида фикр юритадиган авлод етишиб чиқишидан манфаатдордир.

Шунинг учун ҳам Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги жиноятчиликка кураш капманияси доирасида мактаб рэкетига қарши курашни ҳам кучайтирмоқда.

- Биз ўқувчиларни талаб-тўнаш ва бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “Антирэкет” деган дастурни ишлаб чиққанмиз. Бу дастур асосида Қирғизистондаги 2144 та мактабда қаттиқ текширув ишларини олиб бордик ва 398 та ўқувчини рўйхатга олдик, -деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Эркинбоев.

Мактаб рэкетига қарши кураш ўз мактабдошларидан пул ундириш билан шуғулланган ёшларни рўйхатга олиш билангина чекланиб қолмоқда. Чунки Қирғизистон қонунчилигида мактаб рэкети деган тушунча йўқ ва бундай модда билан ҳеч кимни жиноий жазога тортиб бўлмайди. Милициянинг бу борада ожиз эканини сезган балоғатга етмаган рэкетирлар эса ўз фаолиятини тўхтатишни хаёлига ҳам келтирмаяптилар.

Шунинг учун ҳам Қирғизистон фуқаровий жамияти мактаб рэкети билан шуғулланган ўсмирларни жиноий жавобгарликка тортиб бўлмаса, уларнинг ота-оналарини ўз фарзандлари тарбиясига аҳамият беришга мажбурлаш лозим, деган ғояни илгари сурмоқдалар.

- Масалан, Россияда ота-оналарнинг масъулиятини оширувчи қонун ишлаб чиқилди. Бу қонунга мувофиқ, тартиббузарлик қилган фарзанднинг ота-онаси жуда катта миқдорда жарима тўлайди. Шундан сўнг ота-она фарзанди тарбиясига эътибор бера бошлайди. Қирғизистонда ҳам мана шундай қонунни қабул қилиш керак, - деб фикр билдирди “Кўк бўри” федерацияси вакили Темир Дуйшекеев.

Айни пайтда Қирғизистонда ёшларнинг ўзлари мактаб рэкетига қарши кураш жамиятларини ташкил этмоқдалар. Бу йўналишда “Нет рэкету” деб номланган махсус интернет сайти ҳам фаолият юритмоқда. Аммо ҳозирча янги бўлган бу ҳаракат мактаб рэкетига қарши курашда сезиларли ютуқларга эриши олгани кузатилмаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG