Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 03:54

Душанбеда ногиронлар интернати ёпилди


Душанбе мактаб-интернатида ўқийдиган ногирон болалар ота-оналари ўз фарзандларининг пойтахт ташқарисидаги мактабга кўчирилишидан норози бўлмоқдалар.
Душанбе мактаб-интернатида ўқийдиган ногирон болалар ота-оналари ўз фарзандларининг пойтахт ташқарисидаги мактабга кўчирилишидан норози бўлмоқдалар.

Болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида Тожикистон пойтахтидаги кар-соқов болаларнинг ягона махсус мактаби фаолияти тўхтатилди.

Душанбе шаҳрининг Фирдавсий туманида жойлашган кар-соқов болалар 8-махсус мактаб-интернати совет замонидан буён минглаб тожикистонлик ногиронларга таълим-тарбия бериб келган Тожикистон пойтахтидаги ягона даргоҳдир.

Мазкур интернат директори Раҳимали Табаровнинг Озодликка маълум қилишича, бир неча кун аввал Таълим вазирлиги масъуллари мактабни тарқатиб юборишга оид қарорини эълон қилган.

- Таълим вазири ўринбосари Маҳмадова хоним келиб, 1- ва 8-синф ўқувчиларини Рудакий туманидаги кар-соқов болалар мактаб-интернатига жойлаштирилиши, юқори синфларга эса бутунлай жавоб бериб юборилишини айтди. Нима мақсадда шундай қарорга келди вазирлик - бу шахсан менга номаълум, - дейди интернат директори Раҳимали Табаров.

Бу 1 июн - Болаларни ҳимоя қилиш халқаро кунида вазирлик қароридан хабар топган аксарият ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлди.

- “Қайси бир ташкилот олмоқчи бу бинони”, дейишди бизга. Ҳеч ким фарзандини Ленинский районига (ҳозирги Рудакий туманининг аввалги номи - таҳр.) юборишни хоҳламайди. Баъзиларнинг олиб бориб-олиб келиш учун одами йўқ. Фарзандларимизнинг ўша мактабда тунашини умуман хоҳламаймиз, - дейди биринчи синф ўқувчиси Шаҳлонинг онаси Гулшан Азизмуродова.

Душанбелик ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлаётган яна бир масала бу Рудакий туманидаги мактаб-интернатда элементар шароитнинг йўқлигидир.

Норози ота-оналардан бири Мунаввара Неғмонованинг ягона фарзанди шу мактабнинг 6-синфида ўқийди.

Мунавварахон президент Имомали Раҳмоннинг ногирон болаларга қатор имтиёзлар яратиб берилиши борасидаги ўтган йилги ваъдасини эсга оларкан, бугун ўша ваъдаларнинг тескариси бўлаётганидан шикоят қилди.

- Наҳотки шундай катта бир шаҳарда ногирон болалар саводини чиқараётган шу битта мактабни ёпишса? Ёки бизнинг фарзандларимиз ногиронлиги учун камситилиши, ҳуқуқлари оёқости қилиниши керакми? Болаларимизни юбораётган ўша мактабда оддийгина шароитнинг йўқлигини катталар яхши билади-ку. Нега яна шундай қарор чиқаришади, - дейди соқов ўғлининг саводини шу мактабда чиқариш орзуси бўлган Мунаввара Неғмонова.

- “Ҳукумат бизнинг ногирон фарзандларимизга уй берсин, машина берсин”, демаймиз. Фақат улар фарзандларимизнинг билим олишларига халақит бермасин, - дейди яна бир ногирон боланинг онаси Холида Одинаева.

Биз мавзу юзасидан Фирдавсий туман халқ таълими бошқармасига ҳам мурожаат қилдик. Мазкур идора бошлиғи Раҳмонали Таваров кар-соқов болалар махсус мактаби ёпилганига оид даъволар асоссизлигини айтди.

- Мактаб ёпилгани йўқ. Бу шунчаки миш-миш. Умуман муаммо мактабда эмас. Муаммо шу мактабнинг директорида. Чунки у давлат тили тўғрисидаги қонунга зид иш кўрган. Мактабда давлат тилини жорий қилмаган, - дер экан Фирдавсий туман таълими бошқармаси расмийси Таваров.

Маълум бўлишича, Душанбедаги мактаб-интернатда иш юритиш рус тилида олиб борилган, шунингдек, бу ердаги кўргазмали қуроллар ҳам русча бўлган, бу эса тожик расмийларига ёқмаган.

Норасмий маълумотларга кўра, бугунги кунда республикадаги кар-соқов болаларнинг ҳар ўн нафаридан фақат биттаси мактабда ўқийди, қолганлар эса жамиятдан ажралиб қолган.

Совет Иттифоқи даврида фаолият бошлаган ва эндиликда тарқатиб юборилаётган кар-соқов болалар махсус мактаб интернатида шу кунгача 180 дан ортиқ қиз ва бола таълим олган.

Мазкур мактаб директори Раҳимали Табаровнинг айтишича, мустақиллик йилларида икки қаватли бинонинг биринчи қавати давлат идораларидан бирига ажратилган, иккинчи қаватида эса қисман қисқартирилган мактаб фаолият қилаверган.

Душанбе шаҳри ва унинг атрофидаги туманда яшаётган ногирон болалар саводини чиқариб келган мазкур интернатнинг ёпилиши ҳақида аввал ҳам айтилган. Аммо ҳар гал ота-оналарнинг норозиликлари бунга йўл қўймаган.

Норасмий манбаларга кўра, бундан бир неча йил тожик жамиятидаги кар ва соқовлар сони тахминан 20 000 кишини ташкил қиларди. Аксарияти ёшларни ташкил қилган бу ногиронларни ўқитиш учун шароит йўқлиги сабабли улар уйларида қолаётгани айтилади.

Соҳа мутахассисларининг айтишича, совет даврида бу ёшлар жамиятнинг соғлом қатлами қаторида мактаблар ўқиб, завод ва фабрикаларда ишлаган. Бироқ бугунги кунда уларнинг катта қисми ишсиз ва ўта оғир аҳволда кун кечиришмоқда.

Мустақил таҳлилчиларга кўра, ҳукумат масъуллари фаолият қилиб турган ана шундай махсус мактабларни ёпиш ўрнига жамиятнинг бу гуруҳи дуч келаётган муаммоларни бартараф қилиш ва уларга зарур шароитлар яратиб бериш устида бош қотириши зарур.
XS
SM
MD
LG