Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:24

Тошкентда 87 ёшли уруш фахрийси қаровсиз қолди


Тошкентда қаровсиз қолган Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Анна Путинцева.
Тошкентда қаровсиз қолган Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Анна Путинцева.

Икки хонали уйда ёлғиз яшаётган уруш фахрийси 3 йилдан буён вақтида иссиқ овқат емагани, ҳатто ванна қабул қилмаганини айтиб зорланди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ёлғиз қария, пенсионер ва ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган яна бир қарори эълон қилинди.

Ижтимоий ёрдамга муҳтожлиги даражаси аниқланган конкрет шахсларига ёрдамни кучайтиришга қаратилган қарор муносабати билан Озодлик мухбири шундай шахслардан уч нафари билан суҳбатлашди ва уларнинг бугунги аҳволи орқали Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг бугунги ҳаётини ўрганишга ҳаракат қилди.

Дастлабки қаҳрамонимиз Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Шароф Рашидов хиёбони, 40-уй, 8-хонадонда истиқомат қиладиган пенсионер Путинцева Анна Ивановнадир.

87 ёшга кирган Анна Путинцева ногирон пенсионер ва иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, уруш фахрийсидир. У иккинчи жаҳон уруши вақтида собиқ совет армияси сафида то Берлинга қадар борганини айтади.

Шу кунларда у икки хонали уйида ёлғиз истиқомат қилмоқда. Биз у киши билан суҳбат аввалида “Сизни туман меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўлими, туман шифохонаси, “Маҳалла” ёҳуд “Нуроний” жамғармалари, ўзингиз яшаб турган маҳалла қўмитасидан сўнгги бор қачон йўқлашди?” деб сўрадик.

- Йўқ, ҳеч ким мени йўқлагани йўқ, ҳеч ким менга ёрдам бергани йўқ. Яшаш шароитим жуда ёмон, дейди 87 ёшли уруш фахрийси Анна Путинцева.

Путинцеванинг сўзларига кўра, бир нафар набираси бор ва у ҳам бувисини парвариш қилишдан бош тортган.

Унинг ҳолидан хабардор бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси Люда Бросалина сўнгги йиллар давомида Путинцевага тегишли бўлган ижтимоий ҳимояни олишга уриниб келаётганини айтади.

- Ижтимоий ҳимоя бўлими бу аёлга ҳеч қандай эътибор қаратаётгани йўқ. “Ана набирангиз бор, у қарасин сизга”, дейишади доим. Мана шу аҳволда уйида ёлғиз, юриш учун махсус мослама билан бир амаллаб ҳаракатланиб, қуруқ чой-нон билан яшаяпти. Мана ҳозир ўзидан охирги марта қачон чўмилганини сўранг, дер экан Люда Бросалина телефон гўшагини яна Анна Путинцевага тутди.

- Уч йил ўтдики, мен бирор марта чўмилганим йўқ. Оёғим кўтарилмайди. Ваннага тушишга қўрқаман, дейди 87 ёшли уруш фахрийси Анна Путинцева.

Люда Бросалина имкони бўлган вақтда ногирон аёлни енгил-енгил артиб-суртиб қўйишини айтар экан, бармоқ билан санарли даражада қолган уруш фахрийсининг Тошкентда бу қадар аянчли даражада кун кўришидан қаттиқ ўкинишини айтди.

- У асли украиналик. Уруш вақтида унинг қишлоғи ер билан яксон бўлган ва у “нон шаҳри”, деб ном таратган Тошкентга келган. Ёшлигида роса меҳнат қилган бу аёл мана энди кексайганда, шу аҳволда кун кўрмоқда, дейди тошкентлик Люда Бросалина.

Президент қарорида кўзда тутилган “манзилли ижтимоий ёрдамга муҳтож” аҳоли вакилларидан яна бири бўлган навбатдаги қаҳрамонимиз эса Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида истиқомат қиладиган туғма ногирон — болаликдан кўр бўлган Каромат Маматқулова.

У ҳам аслида биргина қизини турмушга берганидан сўнг 61 ёшли хаста онаси билан ёлғиз қолган.

Аммо, ўзбекча ҳаёт тарзи боис отадан мерос катта ҳовлида укасининг оиласи билан бирга яшайди ва унинг ҳолидан хабар олгувчилари бор.
Аммо, тўғма ногирон аёл онаси ва ўзи учун уй-рўзғор ишларини ўзи бажаришини айтди.

- Ҳовлида Худога шукур, уй ичида ҳамма ишни қиламан. Қўлимдан ҳамма иш келади. Кўчада бировнинг ëрдамига муҳтожманда. Бировнинг ëрдами билан бориб келаман бирор жойга, дейди Каромат опа.

Каромат Маматқулова туғма ногирон бўлгани учун давлатдан оладиган 97 минг сўм пенсиясини оширишларини сўраб, кўп бор мутасадди ташкилотларга мурожаат қилганини ҳам қўшимча қилди.

- Ижтимоий ëрдам фақат социал таъминот бўлимидан тайинланган пенсия бор. У ҳам болаликдан ногиронлик ҳақида. 97 минг пенсия оламиз. 22 минг компенсация берилади, қўшимча ëрдамда. Бу қўшимча ëрдам бизга, Афғонистонда бўлганларга, уруш ветеранларига берилади. Қолганларга берилмайди.

Озодлик: Етадими бу пул, Каромат опа?

- Етмайди-да. Етмайди. Бир қоп ун 65 мингга чиққан пайтда, битта беш литрлик мойингиз 20-25 мингга чиқиб кетган ҳозир, дейди Каромат опа.

Сирдарёлик туғма ногирон Каромат Маматқулованинг сўзларига кўра ҳам тегишли ташкилотларнинг ходимлари ундан хабар, олиб ўзлари келмайди, балки унинг ўзи бирор бир жияни етовида арзини айтиб, у ташкилотлар эшигида навбат пойлайди.

Ҳозиргина ҳикоясини эшитганингиз ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва президент қарорида "манзилли ижтимоий ҳимояга муҳтож", дея қайд этилган қаҳрамонларимиздан “Сизга давлатнинг мутасадди ташкилотларидан қандай ёрдам керак?” деб сўрадик.

Уларнинг жавоблари деярли бир хил бўлди: Дори-дармон ва ногиронлар парвариши учун етарли маблағ ҳамда мутасадди ташкилотларга озгина инсоф керак.

Биз қаҳрамонларимизнинг ана шу талабларидан сўнг Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигига боғландик.

Ташкилотнинг аҳолининг алоҳида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами билан ишлайдиган бўлими масъули, деб тақдим қилинган Нурали Йўлдошевдан саволларимизга жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятининг меҳнат бўлимлари ҳам конкрет ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳолатига оид мурожаатимизга жавоб бермади.

Аммо, микрофонсиз суҳбатда мутасадди идоралардан бирининг ходими расмийлар очиқ айтишдан бош тортган аҳволни қисқагина қилиб айтди:

- Давлат томонидан белгиланган пенсия ва моддий ёрдам бор. Шу ҳозир асосий ёрдам. Давлатдан ажратилган бюжет билан ҳозир ҳар битта ногиронга қарагани биттадан одам қилиб беролмаймиз, деди Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг Тошкент шаҳридаги туман бўлимларидан бирининг ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Худди шундай айнан уруш фахрийларига ёрдам кўрсатиши керак бўлган “Нуроний” жамғармаси ходимларидан бири ҳам ҳамма муаммони моддий аҳволга тақади.

- Биз нодавлат, нотижорат ташкилотимиз. Бизга ҳеч қаердан маблағ келмайди ëки шунақанги якка-ëлғизларга ëки фахрийларни ҳимоя қилишга давлат томонидан маблағ ажратилмайди. Биз ўзимиз пул топиб, ëрдам бериб юрадиган ташкилотмиз. Лекин ўша айтганингиздай агарда кимдир бизга мурожаат қиладиган бўлса, биз давлат ташкилотига тавсия берамиз. Биз энди давлат ташкилотига “Мана шуни қилиб бергин, деб ҳам айта олмаймиз.

Озодлик: Бир неча нафар қолган уруш фахрийсига ҳам конкрет ëрдам бера олмаса, “Нуроний” жамғармаси нима иш қилаяпти ўзи, деган савол туғиладида. Бу мендагина эмас, тингловчиларда туғиладиган савол.

- Келинг ташкилотимизга мен сизга кўрсатаман, нима иш қилаëтганимизни. Телефонда мен бу нарсани сизга айтмайман, деди Ўзбекистонда ёлғиз қариялар ва ногиронларга ижтимоий ёрдам билан боғлиқ муаммоларнинг илдизи моддий имкониятга тақалишини очиқ тан олган “Нуроний” жамғармаси ходими.
XS
SM
MD
LG