Линклар

logo-print

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида “Нури зиндаги” (Ҳаёт нури) ҳафтаномаси мухбири Муҳаммадюсуф Исмоилов устидан маҳкама бошланди.

2010 йил декабр ойида ҳибсга олинган Муҳаммадюсуф Исмоилов Тожикистон Жиноий кодексининг тўрт моддаси бўйича - диний ва миллий адоват қўзғаш, ёлғон гапларни тарқатиш, пора талаб қилиш ҳамда инсон шаънини ерга уриш ва таҳқирлашда айбланмоқда.

Бироқ журналистнинг адвокати Муҳаббат Жўраеванинг айтишича, тергов материаллари шошма-шошарлик билан тайёрланиб, судга оширилган.

- Муҳаммадюсуф Исмоиловга нисбатан қўйилган айбларнинг ҳаммаси асоссиздир. Назаримда, гап бошқа ерда, расмийлар шу йўл билан ҳақиқатни рўй-рост гапираётган журналистлар оғзини ёпмоқчи бўлишаяпти, - дейди адвокат Жўраева.

Маҳкамада иштирок этаётган “Нури зиндаги” газетаси бош муҳаррири Жумаи Мирзонинг сўзларига кўра, суд бошланиб, журналистга қўйилган айбловлар ўқиб эшттирилганидан кейиноқ танаффус эълон қилгани ажабланарли ҳол.

- Бу Муҳаммадюсуф Исмоиловга нисбатан қўйилган айбловлар асоссиз эканидан далолат. Боз устига, маҳкама жараёнида ЕХҲТ вакиллари, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳам иштирок этаётгани суд ҳайъатини чўчитганга ўхшайди, - дейди Жумаи Мирзо.

Унинг айтишича, Муҳаммадюсуф Исмоиловнинг 2010 йилда “Аштда худкушлик”, “Наргиснинг умри хазон бўлди” ва “Ашт аланга ичида” каби бир қатор танқидий мақолалари “Нури зиндаги” газетасида чоп қилинган эди. Бу мақолаларда туманда рўй берган воқеалар тафсилоти ва таҳлилчилар фикри берилган, холос. Мақолаларда диний ва миллий адоват қўзғашга қаратилган бирор-бир сўз бўлмаган.

- Муҳаммадюсуф Исмоилов Ашт туман ҳукуматида ердан ноқонуний фойдаланиш ва сотиш, аҳоли турмуш тарзи ва ободончиликка эътибор берилмаётгани каби мавзуларга бағишланган танқидий мақолаларни чоп қилганди. Охирги мақоласи эса туманда сўнгги пайтларда худкушлик кўлами ошиб бораётгани ва бунда маҳаллий ҳукумат, куч ишлатар тизимларининг айби борлигига ишора қилган. Журналистнинг ҳибсга олинишига айнан шу танқидий мақолалар сабаб бўлганига шак-шубҳа йўқ, - дейди Жумаи Мирзо.

Муҳаммадюсуф Исмоилов 2008 йилдан бери “Нури зиндаги” ҳафтаномасида мухбир бўлиб ишларди. Шунингдек, у мазкур газетани тарқатиш ва сотиш билан ҳам шуғулланган.

Айни пайтда Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси журналист Муҳаммадюсуф Исмоиловнинг ҳибсга олиниши юзасидан мустақил текширувни давом эттираётганлигини маълум қилди.

- Биз, биринчи навбатда, Муҳаммадюсуф Исмоилов қайси сабабларга кўра ҳибсга олинганлигини ойдинлаштиришимиз керак эди. Ташкилотимиз юристи мазкур иш билан шуғулланди ва бу борада ҳужжатлар тайёр бўлган. Айни пайтда ЕХҲТнинг Хўжанддаги ташкилоти биз билан яқин ҳамкорликда ишламоқда ва маҳкамада иштирок этмоқда. Журналист оқланиб чиқиши учун барча имкониятларни ишга соламиз, - деди ассоциация раиси Нуриддин Қаршибоев.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, сўнгги пайтларда Тожикистонда оммавий ахборот воситаларига нисбатан тазйиқ кучайган, сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият эса жорий йилда ёмонлашган. Жумладан, қатор газеталар устидан ўтган йил бошлаган маҳкама ҳанузгача давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG