Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:31

Халқаро болалар куни: болалигим пошшолигимми?


Аксар ўзбек болаларининг болалиги меҳнатда ўтмоқда, дейди суҳбатдошларимиз.
Аксар ўзбек болаларининг болалиги меҳнатда ўтмоқда, дейди суҳбатдошларимиз.

1 июнь -- Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни Ўзбекистонда ҳам нишонланди. Тошкентдаги марказий истироҳат боғларида одам гавжум бўлди, шаҳарликлар болаларини музқаймоқлар билан сийлади, ҳалинчакларда учирди. Болага кундалик турмуш оғирлигининг, ота-она кармонининг пиёз пўстидай юпқалигининг фарқи йўқ. Бола ўз тенгдошларидан кам бўлмай, улардай яхши кийинишни, ширин-ширин нарсалар олиб ейишни истайди. Бироқ бугун барча ўзбекистонлик ота-оналар ҳам пошшолик оламида яшаётган фарзандларининг истакларини амалга оширишга қодир эмас.


Тошкент шаҳри 1 июнь куни болалар билан гавжум бўлди. Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари истироҳат боғларида каруселлар ишлади, музқаймоқлар сотилди.

Тошкент шаҳридаги мактабларнинг биридаги 5 синф ўқувчиси Мафтуна, улар учун мактабда тадбир уюштирилгани ҳақида гапирар экан, қўғирчоқлар театри томошасидан мазза қилганини айтиб берди:

- Театр қўйиб беришди, қизлар чиқди, қўғирчоқлар чиқиб ўйнашди. Мазза қилиб томоша қилдик,- дейди Мафтуна.

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги мактабларнинг бирида 9 синфда ўқиётган Зиёдахон ҳам мактабда болалар кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтганини айтади:

- Ўқитувчилар болаларни байрам билан табриклади, дастурхон безашди, болаларга байрам қилиб берди,- дейди Зиёда.

Болалар бу кунни йил давомида эслаб юришади, дейди жарқўрғонлик Ўрол ака. Унинг айтишича, қишлоқ болалари фақат йилда бир бор ёдга олинади, қолган пайт эса улар қишлоқ хўжалиги ишларининг беминнат ҳашарчиларига айланади:

- Ҳозирги Ўзбекистон шароитида болалаларнинг бахтини тўла-тўкис таъминлашнинг имкони йўқ. Болаларнинг бир кун хурсанд бўлгани бу уларнинг бутун йил давомида хурсанд бўлиб юради дегани эмас. Мана нарх-навони қаранг, осмонда. Болангиз истаган яхши нарсани олиб беролмайсиз.

Тўғри, бойларнинг болалари яхши яшаяпти, деб айтиш мумкин. Камбағалнинг болалари эса йил ўн икки ой дала ишларига жалб қилинади. Мана, ҳозир бутун Сурхондарё вилояти коллеж ва лицейларнинг ўқувчилари пахта яганаси ва чопиғига олиб чиқилган. Буни бахтли болалик деб айтиб бўладими?- дейди жарқўрғонлик Ўрол ака.

Ўзбекистон ҳукумати бола меҳнатидан фойдаланмаслик ҳақидаги қатор халқаро конвенцияларга имзо чеккан бўлса-да, ҳар йили юз минглаб болалар пахта мавсумида далаларга ҳайдалади.

Хоразм вилоятининг Хонқа туманидаги мактаблардан бирининг 5 синф ўқувчиси Жамшид ўтган йилги пахта мавсумида Озодлик билан суҳбатда кам пахта тергани учун ўқитувчиси жазолаганини гапирган эди:

- Устозим кам пахта тердинг деб, қулоғимни чўзаверади. Ҳар куни 25 кило норма қўйган, ўзи пахта йўқ. Теролмасак қулоғимизни чўзаверади,- деб шикоят қилган эди Жамшид.

Қашқадарёлик Анвар бобо ҳам қишлоқ болаларининг умри, пахта далаларида ўтиб кетаётганидан ачиниб гапиради:

- Энди қишлоқ боласи шу-да. Фермерлар пахтасининг яганаси борми, чопиғи борми шу болаларнинг бўйнида. Энди шаҳардаги болаларга бир мунча енгилроқ. Уларга дала ишлари йўқ. Қишлоқ болалари эса увол бўляпти,- дейди Анвар бобо.

Фарғоналик пенсионер ўқитувчи Неъматжон Сиддиқов Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида болаларни каттароқ совға билан сийлаш имконияти бўлмаса-да, ҳар ҳолда уларга музқаймоқ олиб бериш ёки шаҳарни айлантириб келиш имконини қилиш керак, дейди:

- Невараларни бугун бир кўчага олиб чиқиб морожний-порожний олиб бердим. Ҳозир дадаси ишдан келиб, валасапидга миндириб яна олиб чиқиб кетди. Энди халқаро болалар кунини шаҳар марказида байрам қилишди. Болалар бир кун бўлса ҳам айланиб мазза қилиб келишади, байрам ўзи шуда,- дейди пенсионер ўқитувчи Неъматжон Сиддиқов.
XS
SM
MD
LG