Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:48

Сулаймон тоғи ЮНЕСКО рўйхатига киритилди


Бу борадаги ҳужжатни 1 июн куни Ўш шаҳрида ЮНЕСКО вакили Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаевага топширди.

ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё бўйича вакили Сергей Задарев Ўшдаги Сулаймон тоғи 2009 йилда ЮНЕСКО жаҳон мероси рўйхатига киритилганини, аммо бу борадаги ҳужжат бугун Қирғизистон ҳукуматига топширилишини айтди.

- Менга бу ҳужжатни топшириш шарафлидир. Чунки Сулаймон тоғи Қирғизистонда жаҳон мероси рўйхатига киритилган биринчи обектдир, - деди Сергей Задарев.

Мазкур воқеа муносабати билан Ўшда ўтказилган тадбирда сўзлаган президент Ўтунбаева Сулаймон тоғининг жаҳон мероси рўйхатига киритилиши 2010 йилги июн қирғинидан сўнг инфратузилмаси деярли ишдан чиққан шаҳарнинг ривожланишига жуда катта ҳисса қўшади, деб айтди.

Қирғизистон президенти фикрича, ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган Сулаймон тоғига бундан буён сайёҳлар оқими кўпаяди.

- Бундан буён Сулаймон тоғини кўргани минглаб сайёҳлар оқиб келади. Сайёҳлар оқими тўхтамаслиги учун биз Ўш шаҳрининг инфратузилмасини, айниқса туризмга боғланган соҳаларни ривожлантиришимиз шарт бўлади, - деди президент Ўтунбаева.

Қирғизистон президентининг Ўшга сафари мана шу тадбир билан якунланди. Президент аввалги сафаргидай шаҳар аҳолиси билан учрашгани ва уларнинг муаммолари билан қизиққани йўқ.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Сулаймон тоғи Ўш шаҳрининг қоқ марказида жойлашган бўлиб, тоғ тепаси ва атрофида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда турли ислом уламолари, жумладан, авлиёларга тааллуқли экани айтиладиган кичик обидалар мавжуд. Ўш шаҳрининг тарихи эса 3000 йилга тенг эканлиги иддао қилинади.

Ўшликларни Сулаймон тоғи жаҳон мероси рўйхатига киритилгани суюнтирди. Бироқ Озодлик мухбири билан суҳбатлашган шаҳарликлар ўзларини айни пайтда бошқа нарса – “Ўшдаги нисбатан барқарор вазият мутлақ барқарорга айланадими?”, “2010 йил воқеалари қайта такрорланмайдими, ҳукумат буни кафолатлай оладими?” деган саволлар кўпроқ қизиқтираётганини айтадилар.

Ўшнинг Амир Темур мавзесида яшовчи ўшликлардан бири бугунги кунда ўзбеклар зич яшайдиган ҳудудларда ҳам қирғизлар бемалол аралашиб юрганини, аммо шаҳар марказида миллатчилик руҳидаги чақириқлар тез-тез янграб қолаётгани, маиший миллатчилик кучайиб бораётганини айтади:

- Бугунги кунда қирғизлар Амир Темур мавзесига келиб, бемалол ошхоналарга кириб, биз билан аралашиб юрибди. Бироқ айрим тушунмаган одамлар ҳам бор. Ўшалар маиший миллатчилик қилиб қўйишаяпти-да, - дейди суҳбатдошимиз.

Ўшдаги Заҳриддин Муҳаммад Бобур номидаги ўзбек академик театри директори Бахтиёр Тўхтаматов эса Ўшдаги нисбатан барқарор вазиятнинг барқарорга айланишида ва миллатлараро ишончнинг қайта тикланишида маданиятнинг аҳамияти катта ва Қирғизистон ҳукумати мана шу масалага кўпроқ эътиьбор қаратиши зарур, деб ҳисоблайди:

- Менимча, тарихга бир назар ташлаб, бир-биримизнинг маданий меросимизга, маданий ёдгорликларимизга ҳурмат билан қарасак, ўзаро ишончнинг тикланишига йўл очган бўламиз, - дейди Бахтиёр Тўхтаматов.
XS
SM
MD
LG