Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:37

Комиссия хулосаси қурол бўла оладими?


Халқаро комиссия Ўш қирғинида жабрланганларнинг аксари этник ўзбек, деган хулосага келган.
Халқаро комиссия Ўш қирғинида жабрланганларнинг аксари этник ўзбек, деган хулосага келган.

Қирғизистон жанубида 2010 йилнинг июнида бўлиб ўтган воқеаларни ўрганган Халқаро комиссиянинг хулосаси ўша воқеалардан жабр кўрганларнинг топталган ҳуқуқларини тиклаш учун қурол бўла оладими? Бу савол Комиссия ҳисоботи эълон қилинганидан буён кўпчиликни қизиқтирмоқда. Бу қизиқишни Қирғизистон парламентининг Комиссия раиси Киммо Кильюненни персона нон грата, деб эълон қилиши янада кучайтириб юборди. Ўш қирғинидан жабр кўрганларни қизиқтираётган саволни мухбиримиз Сарвар Усмон инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига берди.


Биринчи суҳбатдошимиз Қирғизистондаги “Қилим шами” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова.

Унинг фикрича, Халқаро комиссиянинг ҳисоботи ўз-ўзидан адолатни тиклаш учун қурол бўла олмайди.

- Айнан шу ҳужжат у ёки бу шахснинг топталган ҳуқуқлари қайта тикланиши учун восита бўла олади, дея олмайман. Бунинг учун Қирғизистон ҳукумати – давлат ҳисобот муаллифлари таклиф қилган тавсияларни бажариши лозим. Жабр кўрганларнинг эса, бу ҳужжатга ишора қилишидан фойда йўқ. Чунки у Қирғизистон ҳудудида юридик кучга эга эмас.

Озодлик: Нега?

- Биринчидан, Қирғизистоннинг суверен давлат сифатида ўз қонунлари бор. Иккинчидан, бу комиссия на БМТ, на ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлардан расмий мақом олган. Агар ўшандай мақоми бўлганида эди, Комиссия тавсиялари бажарилишини халқаро механизмлар ёрдамида таъминлаш мумкин бўлар эди. Биз, қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари аввал-бошданоқ Комиссиянинг мана шу заиф жиҳатига эътибор қаратиб келганмиз.

Озодлик: Демак, Комиссия ҳисоботи шунчаки бир қуруқ қоғоз экан-да?

- Йўқ-йўқ, мен бундай фикрда эмасман. Ҳисобот ҳар ҳолда катта меҳнат маҳсули. Можарони ичидан туриб кузатган одам сифатида айтишим мумкинки, ҳисоботда бўлиб ўтган воқеалар тўғрисидаги маълумотларнинг 75-80 фоизи ишончли маълумотлардир.

Озодлик: Бу хулоса жабрланганларни ҳимоя қила оладиган ҳужжат эмас экан, унинг қуруқ қоғоздан нима фарқи қолади?

- Мазкур ҳисобот қурол бўлиб хизмат қилиши учун биз халқаро механизмлардан фойдалана билишимиз лозим. Бунинг учун эса, халқаро ташкилотлар, халқаро қўмиталарнинг ўзлари иродаларини ишга солишлари лозим. Улар ҳисоботга эътибор беришлари лозим. Лекин бунга қандай эришамиз? Эришиш эса, мумкин. Эришиш зарур, дейди Азиза Абдурасулова.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Ўш воқеаларидан сўнг Европада тузилган жамоат ташкилоти – “Алишер Навоий институти” вакили, ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суҳроб Исмоилов.

Озодлик: Ўша ҳисобот, ҳисоботда Ўш воқеаларининг инсониятга қарши жиноят деб баҳоланиши, Ўш воқеаларида жабр кўрганлар ҳуқуқларининг тикланиши учун қандайдир ëрдамчи восита бўла оладими ëки йўқми?

- Назарий жиҳатдан албатта шу халқаро комиссиянинг чиқарган ҳисоботи ва ундаги тавсиялар, агар улар амалга ошириладиган бўлса ҳокимиятнинг ўзи тарафидан, унда улар албатта мана шунақа механизм ролини ўйнаши мумкин ҳақиқий бир текширувлар ўтказиш ва ўша воқеалардаги айбдор тарафларни жазога тортиш бўйича. Лекин кузатишларимиз бўйича Қирғизистон ҳукумати комиссиянинг бошида фақатгина қўл учида розилик берди. Ўйладики, шу шовқин-суронни босди-босди қилиш учун адолат тўғрисидаги бўлаëтган чақириқларга жавоб бўлиши учун комиссия ўзининг хулосасини чиқарадида, унинг кетидан аниқ мажбурий бажарилиши керак бўлган ҳеч қанақа чора-тадбирлар таклиф қилинмайди дебн ўйладилар шекилли. Лекин комиссия ўзининг бир талай турли хил йўналишлар бўйича аниқ хулосаларни бергандан кейин унинг бажарилиши кераклиги тўғрисида ақллари етиб қолгандан кейин ҳозир буни инкор этиш йўлига ўтишмоқда.

Биз агар жаҳонда мана шунақа ҳолатларда дунë ҳамжамиятининг, айниқса ривожланган давлатларнинг тутган турли хил йўлларини кўрадиган бўлсак тарихдан, агар исташса эди дунëнинг кучли мамлакатлари, мана шу ҳолатда Қирғизистон ҳукуматини бутун тўлиқ таркиби билан энг асосий айбдорлар таркибига киритиб, уларни жазога тортиши мумкин эди. Ҳатто халқаро трибунал ҳам жорий қилиши мумкин эди. Бу ўринда Қирғизистон ҳукуматини ҳозирги дунëдаги универсал жиноят суди ҳисобланадиган халқаро жиноятчилиги, унинг уставига аъзо бўлиш-бўлмаслиги аллақачон рол ўйнамасди. Агар кучли давлатлар исташганида эди, босим орқали мана шу механизмни амалга оширишган бўларди. Лекин биз ҳатто кучли давлатларнинг ҳам реакцияси турли хил бўлганлигини кўрдик. Бир хиллари сиëсий баҳо беришда дадилроқ бўлди, бир хиллари қўл учида сиëсий баҳо беришди. Шунинг учун биз ўйлаймизки, ҳозирги кунда халқаро комиссия чиқарган ва таклиф қилган жуда аниқ механизмларнинг бажарилишини фақат Қирғизирон ҳукуматининг ўзининг сиëсий иродасига қолиб кетган кўринади.

Озодлик: Демак, Ўш воқеаларида жабрланганлар шу комиссиянинг хулосасини қўлтиғига қисиб, бирор-бир идорага бориб, “Мана кўриб қўй. Мана бунақа хулоса ëзилган” деб дастак қила олмас эканда.

- Менимча, айнан тескариси. Ҳозирги ҳолатда ҳатто Қирғизистон ҳукуматининг ўзи ҳам мана шу нарсани инкор қилиб турган пайтда, мана шу воқеаларда тақдирлари жабрланган, мана шу орқали азият чеккан ҳар бир тараф ўзбеклар бўладими, қирғизлар бўладими, ўзларининг ҳақларини қайта тиклашмоқчи бўлишса, улар халқаро комиссия чиқарган ҳисоботни ва ундаги тавсияларни айнан дастак деб билдиришлари керак, уни фақат қўллаб-қувватлаши керак. Шунга доимо ишора қилиб туришлари керак.

Озодлик: Ишора қилиб туришлари керак. Ишора қилса, қайсидир бир идора шуни тан оладими Қирғизистондами, Қирғизистон ташқарисидами?

- Бу ҳамма давлатларнинг, ҳукуматларнинг қанчалик халқаро ҳуқуқ қонунларини ҳимоя қилиш иродасига боғлиқ. Бу ерда гап айнан бизнинг кучимиз, чидамимиз қанчаликка етади мана шу халқаро комиссиянинг тавсияларини илгари суришга, ҳар битта ҳолатда ман ашу тавсияларга ишора қилишга?

Озодлик: Демак, 1 июн куни бу ҳужжат эмас Қирғизистон ичида.

- Мажбурий ҳужжат дея олмаймиз.

Озодлик: Республикадан ташқаридачи?

- Бояги айтиб ўтганимиз, агар халқаро ҳамжамият, ҳеч бўлмаса дунëдаги учта-тўртта катта кучлар, бу ерга албатта Россия ҳам киради, чунки воқеалар бошланган пайтда БМТнинг хавфсизлик кенгаши халқаро қўшинларни киритиб шу воқеаларни бостирамиз деган эди. Россия билан Хитойнинг овози қаршилик билдиргани учун мана шу қарор ўтмасдан қолди. Россиянинг овози ҳисобга олинади мана шу тавсияларда қанчалик амалий инструментга айланишига. Албатта Америка билан Европа Иттифоқининг овозлари ҳам кучли эътиборга эга бўлади. Агар улар истаса, бу тавсиялар ҳаëтда ўзининг амалий аксини топиши мумкин.

Озодлик: Демак, республикадан ташқарида ҳам бугун бир дастак бўла олмайди, восита бўла олмайди.

- Менимча, воситага куч бериш керак холос. Лекин унга таянган ҳолда амалий бажарилишини талаб қилса бўлади. Шунга кучи етади. Чунки тавсиялар етарли даражада аниқ ва конкрет ва у ерда етарли даражада айблар қўйилган.
XS
SM
MD
LG