Линклар

Ратко Младич устидан суд жума куни бошланади


Собиқ Югославиядаги уруш жиноятлари бўйича БМТ трибунали Бош прокурори Серж Браммерц.

Собиқ Югославиядаги уруш жиноятлари бўйича БМТ трибунали Бош прокурори Серж Браммерц.

БМТнинг Ҳаагадаги трибунали босниялик сербларнинг собиқ қўмондони Ратко Младич устидан маҳкама 3 июн куни бошланишини маълум қилди.

Младич сешанба куни Сербиядан Ҳаагага олиб келинганди.

Жума куни эрталаб бошланадиган судда Младичга нисбатан 1992-1995 йилларда Босния-Херцоговинадаги урушда геноцид, уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганлик бўйича айбловлар расман эълон қилинади.

1995 йилда Младич Сребренница шаҳрида саккиз минг нафар мусулмон эркаклар ва болаларнинг қатлиом этилишини уюштирганликда айбланган.

1 июн куни Ҳаага шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган собиқ Югославиядаги уруш жиноятлари бўйича БМТ трибунали Бош прокурори Серж Браммерц генерал Ратко Младич устидан суд адолатли бўлишини таъкидлади.

- Мен Младич устидан суд адолатли бўлишига ва унинг барча ҳуқуқлари ҳурмат қилинишига асло шубҳа қилмайман,- дея баёнот берди Бош прокурор Серж Браммерц.

69 яшар Ратко Младич 16 йиллик қидирувдан сўнг, ниҳоят, 26 май куни Сербияда қўлга олинган эди.
XS
SM
MD
LG