Линклар

Блаттер ФИФА президентилигида қолди


Блаттер ФИФАни тўфон гирдобига тушиб қолган кема, ўзини эса бу кема капитанига қиёслади.

Блаттер ФИФАни тўфон гирдобига тушиб қолган кема, ўзини эса бу кема капитанига қиёслади.

Халқаро футбол уюшмалари федерацияси ичида коррупция ва порахўрлик билан боғлиқ жанжаллар боис ташкилот раҳбарини сайлашни кейинга қолдириш чақириқларига қарамасдан ФИФАнинг жорий раиси Зепп Блаттернинг қайта сайланди. Сайловдан аввал Цюрихда ўтаётган ФИФАнинг 61-конгрессида Блаттер коррупция айбловлари юзасидан мустақил текширув ўтказиш чақирувларини рад этиб, ташкилот ўзини бошқара олишга қодир дея баён қилди.


ФИФА президентлигига тўртинчи марта сайланган Зепп Блаттер ўзи етакчилик қилаётган ташкилотни коррупция билан боғлиқ жанжалдан олиб чиқишни ваъда қилди.

Цюрихда ФИФАнинг 61-конгрессида қилган чиқишида Блаттер ўзини “елкасига кемани тўғри йўлга тушириб олиш масъулияти юкланган капитан”, дея атади.

- Биз бугун бу ерга бирлик ва бирдамлик ила тўпландик. ФИФА ҳаракатдаги сувда кетаётганини биламиз, ҳатто қаттиқ тўлқинланиб турган сувда кетмоқда дейишим мумкин. Лекин бу кема яна ўз йўлига тушириб олиниши даркор,- деди ФИФА президенти.

Блаттер ФИФА раҳбарлигига тўртинчи марта сайланди. Унинг рақиби Муҳаммад бин Ҳаммам ФИФА раҳбарлигини қўлга киритиш мақсадида ташкилотнинг бошқа аъзоларига пора берганлик айбловлари билан боғлиқ жанжал боис ўз номзодини қайтариб олди ва ташкилотнинг этика масалалари бўйича қўмитаси уни Осиё Футбол федерацияси расилигидан вақтинча четлаштирди. Бин Ҳаммам ўзига нисбатан ноҳақлик бўлаётгани, чунки бу чоралар тергов ўтказилмасдан қўлланилаётганини айтмоқда.

Цюрихда 1 июн куни ўтказилган сайловда ФИФАга аъзо 208 давлат футбол уюшмаларининг вакиллари қатнашди. Улар орасида Ўзбекистон Футбол федерацияси Президенти Мираброр Усмонов ҳам. У Жозеф Зепп Блаттернинг номзодни қўллаб-қувватлайдими, йўқми Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизмати ошкор қилмади.

Ўзбекистон Футбол федерациясидан фарқли ўлароқ, олтиариқлик ашаддий футбол ишқибози ва хаваскор шарҳловчи Содиқжон Нъўмонов бу борада ўз позициясига эга.

- Зеп Блаттер неча йилдан бери раҳбарлик қилиб келаëтган бўлса ФИФАга, ундан олдин мана Осиë футболига, Африка футболига унча эътибор берилмас эди. Асосан Жанубий Америка билан Европа футболига жуда бошқача аҳамият бериларди. Зеп Блаттер келгандан бери унинг қилган хизматлари билан Осиë, Африка футболи роса кўтарилди. Ундан кейин шу жойда ўтиргандан кейин шу жойни кўзлаганлар кўп бўлади. Ўша жойга эришиб, бир нарсалар киргизмоқчи бўлганлар кўп бўлади.

Шунинг учун, дейди Содиқжон Нўъмонов, ҳозирча Зепп Блаттернинг ФИФА “кемаси капитани” бўлиб қолгани маъқулроқ.

- Қолгани ҳозирча яхши. Қўйилаëтганлар кандидатураларни, мана бу сезон қолса, янаги сайловгача Европа Футбол федерациясидан мана Мишел Платини ҳамма ҳурмат қилади, шулар даъвогарлик қилиши мумкин. Кўпгина, мана Англияда Фергюсонлар бор. Шунга ўхшаган одамлар кандидатурасини қўйса, шулар разработка қилса, кейин биз ўйлаб кўришимиз мумкин. Ҳали ҳаммаси қоронғику. Мен айтмоқчиманки, яхши турган нарсани алмаштиришнинг кераги йўқ,- дейди олтиариқлик футбол шарҳловчиси.

Англия ва Шотландия расмийлари ФИФАдаги коррупцияга оид айбловлар юзасидан мустақил текширув ўтказилгунига қадар ташкилот раҳбарини сайлашни қолдиришга чақирди.

Англия Футбол Ассоцияацияси раҳбари бўлмиш Британия Шаҳзодаси Уильям бу айбловлар халқаро миқёсда кенг муҳокама қилинган вазиятида адолатли сайлов ўтказилишига шубҳа билдирди. ФИФАнинг асосий ҳомийлари, жумладан, Coca-Cola ва Adidas ширкатлари ҳам ташкилот обрўсига путур етказилганидан ташвиш билдиришди.

Лекин ФИФАга аъзо 208 уюшмадан атиги 17 таси сайловни кейинга қолдириш фикрини маъқуллади.

Олтиариқлик фтубол ишқибози Содиқ Нўъмонов ФИФАнинг ичида коррупция қанчалик авж олганидан бехабар, лекин бундай катта ташкилотда порахўрлик бўлиши табиий, дейди. У шунингдек, Англиянинг 2018 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга кирита олмагани ортида ФИФА раҳбариятининг шахсий қарашлари сабаб бўлганини эътироф этади.

- Зеп Блаттер ҳар бир мусобақаларга, оддий мусобақаларга ҳам вақт топиб бориб, у ердаги инфраструктураларни, у ердаги қизиқишларни, одамлар билан учрашиб, гаплашиб билиб, дунëни кўрган одам. Мана Англия ололмади дейлик, Россия билан Қатар олган бўлса, Англиянинг ўзи комиссия ишини овозга қўйишдан олдин озгина ахмоқлик қилиб қўйишди. Улар кўпчилик комиссия аъзоларининг ғашига тегиб қўйди. Англиянинг қанақадир корреспондентлари бориб ўзларича пора таклиф қилган, улар олмоқчи бўлган. Бу ҳаммаси менимча ўша Жаҳон футбол федерацияси ичида ўтирган одамларнинг жойлари кўпчилик бойвуччасига маъқул бўлиб қолган бўлса керак, ҳар хил шов-шувлар кўтаришаяпти,- дейди олтиариқлик футбол ишқибози ва хавскор шарҳловчи Содиқжон Нъўмонов.

Айни пайтда, Зепп Блаттер порахўрликка оид айбловлар юзасидан мустақил текширув ўтказилишига қарши эканини яна бир бор таъкидлади. “ФИФА ташкилот ичидаги масалаларини ўзи ҳал қила олади”, деди у.

Германия футбол федерацияси раиси Тео Цванцингер ФИФАнинг 2022 йилги жаҳон биринчилигини ўтказиш ҳуқуқини Қатарга бериш хусусидаги қарорини қайта кўриб чиқишга чақирди. Бу қарор ҳам порахўрликка оид жанжалнинг чиқиши асосий сабабларидан биридир. Цванцингер бу қарорга доир “кўздан қочириб бўлмайдиган шубҳалар бор”, дея таъкидлади.

Икки кун аввал Қатар футболи расмийлари қонунга хилоф ҳаракат қилганларини “мутлақо рад этди.” Қатар 2022 йилги чемпионатни ўтказиш ҳуқуқи учун ФИФАнинг баъзи вакилларига пора берганига оид айбловларни ташкилот вице-президенти Жэк Уорнер илгари сурган эди.

Футбол бўйича жаҳон чемпионати Олимпия ўйинларини ўтказишдан ҳам обрўлироқ ҳисобланиши ва мезбон мамлакатга мўмайгина фойда келтириши боис, бу ҳуқуқни қўлга киритиш учун кураш анча қизғин ўтади.
XS
SM
MD
LG