Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:11

Ўзбекистон яна "ёмонларнинг ёмони"


"Freedom House" ("Озодлик уйи" ) ташкилоти Ўзбекистонни бу йил ҳам дунёнинг энг репрессив давлати сифатида "ёмонларнинг ёмони" рўйхатига киритди.

Бош қароргоҳи АҚШда жойлашган Freedom House - Озодлик уйи ташкилоти Ўзбекистонни бу йил ҳам инсон ҳуқуқлари вазияти ўта ёмон бўлган тўққиз мамлакат қаторига киритди.

"Ёмонларнинг ёмони 2011: дунёнинг энг репрессив жамиятлари" деб номланган ҳисоботда Ўзбекистон билан бир қаторда Бирма, Экваториал Гвинея, Эритрея, Ливия, Шимолий Корея, Сомали, Судан ва Туркманистон каби давлатлар дунёнинг энг репрессив давлатлари сафига киритилган.

Freedom House ҳисоботида айтилишича, бу рўйхатга жаҳондаги энг репрессив тизимга эга бўлган, инсон ҳуқуқлари мутассил бузиладиган давлатлар киритилади.

Ташкилот ҳисоботида Ўзбекистонда президент Ислом Каримов ҳукумати аҳолини фундаментал ҳуқуқларидан маҳрум этган ҳолда, ўзининг репрессив сиёсатини давом эттириб келаётганлиги қайд этилади.

"Ҳукумат ҳар қандай сиёсий мухолифатни бостириб келади, президент Каримов ва бошқарув доиралари адлия ва қонун чиқарувчи тизимда устуворлик қиладилар", дейилади ҳисоботда.

194 давлатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволига баҳо берилган ҳисоботда 87 давлат "эркин", 60 давлат "қисман эркин", 47 давлат эса "эркин бўлмаган" давлатларга ажратилган.

Марказий Осиё давлатлари орасида фақат Қирғизистон "қисман эркин" давлатлар орасидан жой олди.

Собиқ Совет ўлкалари бўйича Арманистон, Грузия, Молдова, Озарбайжон ва Украина "қисман эркин", Россия, Қозоғистон, Тожикистон "эркин бўлмаган" давлатлар қаторига киритилди.
XS
SM
MD
LG