Линклар

Қирғиз парламенти шу соатларда Ўш қирғинини ўрганиш бўйича ташкил қилинган комиссия ҳисоботини муҳокама қилмоқда.

Қирғизистон парламенти мухсус комиссияси қирғизистонлик ўзбек лидерларини Ўш қирғинининг асосий айбдорлари сифатида эътироф этган.

- Ўш қирғини ўзбек лидерлари Қодиржон Ботиров, Иномжон Абдурасулов ва бошқалар томонидан олдиндан режалаштирилган, - деди парламент комиссияси раҳбари Тўқўн Мамитов.

Шунингдек, парламент комиссияси Ўш қирғинининг олдини ола билмагани учун айбдор деб аталиши шарт бўлган 20 га яқин ҳукумат амалдорининг исмларини ҳисоботга киритиб, ҳукуматдан уларни лавозимларидан бўшатиш ва жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилган.

Ўш қирғини юзасидан ҳисоботини парламент комиссиясининг 25 аъзосидан 3 нафари имзолашдан бош тортган. Комиссия аъзолари Исмоил Исақов ва Жилдиз Жолдошева муқобил ҳисобот ёзганлари ва ўз хулосалари парламент комиссияси хулосасига тўғри келмаслиги сабабли имзо чекишдан бош тортишган. Депутат Ширин Айтматова эса ҳисоботни нега имзоламаганини очиқламади.

Парламент комиссияси хулосасида Ўш қирғини учун жавобгарлар қаторида номи тилга олинган депутат Исмоил Исақов эса июн воқеаларида ҳукумат эмас, ҳокимиятни қайтариб олишга ҳаракат қилган Қурмонбек Бакиев ва унинг яқинлари айбдор деб топилишини истайди.

Айни пайтда парламент муҳокамасида сўзга чиққан президент Ўтунбаева Ўш қирғинининг келиб чиқиши сабаблари ҳақида ўз нуқтаи назарини билдириб 40 дақиқалик нутқ сўзлади. Ўз нутқида президент «Ўш қирғининиг келиб чиқишида қайсидир бир миллатни айбдор, деб топилишига кескин қарши” эканини билдирди. Давлат раҳбари фикрича, Ўш қирғини Қирғизистон расмийларининг 20 йиллик нотўғри сиёсати маҳсулидир.

- Расмийлар 20 йил давомида этник озчиликлардан ўз манфаати йўлида фойдаланиб келган, лекин уларни республика ижтимоий-сиёсий ҳаётидан четлатган, - деди Роза Ўтунбаева.

Парламент комиссияси хулосасида 2010 йилнинг май ойида мамлакат жанубини бакиевчилардан тозалаш учун Бош вазир Алмазбек Атамбаев ва муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзолари ўзбек лидерлари билан музокаралар олиб боргани айтилади. Ҳисоботда муваққат ҳукумат аъзоларининг бундай сиёсати натижасида миллатлараро муносабатлар кескинлашиб, 10 июн куни Ўш қирғини бошланишига сабаб бўлган.

Бироқ парламент муҳокамасида сўзга чиққан Бош вазир Алмазбек Атамбаев депутатларнинг бундай хулосасини рад этди:

- Бизни ўзбек лидерлари билан мунтазам учрашганликда, улар билан тил бириктирганликда айблашмоқда. Бизни июн воқеаларида содир этилган барча ёвузликларда айблашмоқда. Шунинг учун мен депутатлардан Бош прокуратурага бу масалани ўрганиш ва ўз хулосасини тақдим этиш бўйича топшириқ беришни илтимос қиламан, - деди Бош вазир Атамбаев.

Депутат Жилдиз Жолдошева эса ўзининг муқобил ҳисоботида “қирғиз сиёсий элитасининг ўзаро “разборкаси”га ўзбекларни аралаштириш керак эмас эди. Бу ҳукуматнинг энг катта хатоси бўлган ва шу нуқтаи назардан ҳукумат Ўш қирғинининг келиб чиқиши учун айбдор”, деган хулосани билдирди.

Айни пайтда Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати парламент ҳисоботи муҳокама қилинаётган бир паллада Ўш қирғини келиб чиқиши юзасидан ўз позициясини эълон қилди.

Миллий хавфсизлик хизмати тарқатган маълумотда айтилишича, “миллатлараро муносабатларнинг кескин ёмонлашувига маҳаллий ҳокимият органларининг айрим раҳбарлари ва баъзи сиёсатчилар томонидан ўзбек диаспорасининг Қурманбек Бакиевни ҳокимиятга қайтаришга интилган реваншистларга қарши курашга жалб қилингани сабаб бўлган”.

Маълумотда айтилишича, ўз вақтида Миллий хавфсизлик хизмати муваққат ҳукумат аъзоларини бу жуда катта сиёсий хато экани ва бунинг натижасида миллатлараро муносабатлар кескинлашиб кетиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Аммо ҳукумат Миллий хавфсизлик хизматининг огоҳлантирувига эътибор бермаган. Парламент комиссияси эса Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг Ўш қирғини юзасидан берган маълумотларини ўз ҳисоботига киритмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG