Линклар

Косон қамоқхонасидаги маҳкумлар норозилик акцияси ўтказди


Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, жорий йилнинг 17-18 май кунлари Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 64/51-сонли қамоқхонада диний мотивлар билан қамалган маҳкумлар қийноқлар тўхталиши талаби билан норозилик акцияси ўтказишган.

Ташкилот раҳбари Суръат Икромовнинг Озодликка айтишича, унга Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Чиноз туманларида яшовчи ўндан зиёд аёл мурожаат қилиб, Косон қамоқхонасидаги қийноқлар борасида шикоят қилишган.

- Аёлларнинг сўзларига кўра, уларнинг яқинлари жиноят кодексининг 159, 244-1 ва 244-2 моддалари бўйича қамалган. Маҳкумлар намоз ўқигани учун қамоқхона раҳбарияти томонидан қийноққа тутилган. 17-18 май кунлари маҳкумлар қийноқлар тўхтатилиши, намоз ўқишга рухсат берилиши ва маҳкумларнинг шароитларини яхшилаш талаби билан чиқишган. Бироқ норозилар қийноқларга тутилиб, ўнлаб маҳкум жазо изоляторига ташланган,- деди Суръат Икромов.

Маҳкумларнинг яқинлари Европа Иттифоқи, БМТ, ЕХҲТ ва АҚШ ҳукуматига мурожаат қилиб, қийноқларнинг тўхтатилишида Ўзбекистон ҳукуматига босимни кучайтиришни сўармоқда.
XS
SM
MD
LG