Линклар

logo-print

Косондаги маҳкумлар қийноқларга қарши чиқди


Маҳбусларнинг қонли кўйлаклари Ўзбекистон қамохоналарида ҳамон қийноқлар қўлланилаётганидан далолат беради.

Маҳбусларнинг қонли кўйлаклари Ўзбекистон қамохоналарида ҳамон қийноқлар қўлланилаётганидан далолат беради.

17-18 май кунлари Косон қамоқхонасидаги маҳкумлар қийноқлар тўхтатилиши, намоз ўқишга рухсат берилишини талаб қилиб, норозилик акцияси ўтказгани айтилмоқда.


Бундан бир-икки ҳафта аввал Косон қамохонасида норозилик кўтарилгани ҳақида Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълум қилди. Ташкилот тарқатган хабарга кўра, 17-18 май кунлари Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 64/51-сонли қамоқхонада диний мотивлар билан қамалган маҳкумлар қийноқлар тўхталиши талаби билан норозилик акцияси ўтказишган.

Ташкилот раҳбари Суръат Икромовнинг Озодликка айтишича, унга Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Чиноз туманларида яшовчи ўндан зиёд аёл мурожаат қилиб, Косон қамоқхонасидаги қийноқлар борасида шикоят қилишган.

- Аёлларнинг сўзларига кўра, уларнинг яқинлари жиноят кодексининг 159, 244-1 ва 244-2 моддалари бўйича қамалган. Маҳкумлар намоз ўқигани учун қамоқхона раҳбарияти томонидан қийноққа тутилган. 17-18 май кунлари маҳкумлар қийноқлар тўхтатилиши, намоз ўқишга рухсат берилиши ва маҳкумларнинг шароитларини яхшилаш талаби билан чиқишган. Бироқ норозилар қийноқларга тутилиб, ўнлаб маҳкум жазо изоляторига ташланган. Бизда охирги пайт, айниқса май ойида жуда кўп мурожаатлар бўлди. Қамоқхонада диний эътиқод билан, яна 159, 244-моддалар билан қамалганларга нисбатан жуда кўп тазйиқлар, қийноқлар, айниқса Косондаги 51-колониядан нохуш хабарлар келди. Яқинларининг айтишича, буларни қийнаган. Қандай қийнагани, раҳбариятнинг буйруқ бериши деган нималар кўп келди. Охирги пайтда 10га яқин келган бўлса, бизлар ҳозир ўша гуруҳнинг ëзганларини умумлаштириб ахборот бердик. 51-қамоқхонада жуда қаттиқ, жуда кучли тазйиқлар, қийноқлар кетаëтган экан. Ана шу тўғрисида бизлар ўрганиб бу ахборотни бердик,- деди Суръат Икромов.

Тошкент вилоятида яшовчи Саида Отақўзиеванинг турмуш ўртоғи Эркин Отақўзиев диний ва сиёсий мотивлар билан айбланиб, 12 йилдан буён қамоқ жазосини ўтаяпти.

Уч йилдан буён Косон қамоқхонасида ўтирган эри билан 23 май куни учрашиб қайтган Саида Отақўзиева 17-18 майдаги норозилик акциясидан бехабар. Бироқ у эри намоз ўқигани учун қийноққа тутилганини айтгани ҳақида гапириб берди.

- 23 майда 3 суткалик свиданиега бордим. Борганимда мазалари йўқ бўлиб чиққанлар. Умуман бутун бадани қақшаган, қовурғалари оғриб, қаддини кўтара олмай бир ярим кундан ошиқ ëтганлар. Нима деса, намоз ўқиганига тепкилаб ташлаганидан бир киши эмас бир неча киши уради. Буларни ҳайвон даражасидан ҳам баттар даражага тушириб қўйганда. Қанақа маҳалда уришган десангиз, намоз ўқиган пайтда бориб, улар шунақанги зўрлаб керак бўлса устига беш-олти-ўн кишилаб ҳам уришар экан. Умуман ваҳшийларчада. Умуман уларда меҳр-шафқат деган нарса йўқ экан. Индамай келардилар шу пайтгача. Бундан бу ëғига ўзларининг ҳолатлари мана бунақа бўлганлиги учун, қайнонам билан бирга борганманда, “Нима бўлди? Тинчликми?” десак, кейин секин-секин айтганлар. Ким чиқиб кетаëтган бўлса ўша ердан ҳамма розилик сўраб қолаяпти. Уже чиқиб кетишга уларда умид қолмади ҳам. Ниҳоятда, ниҳоятда зулм кучли, деди,- Саида Отақўзиева.

Маҳкумларнинг яқинлари Европа Иттифоқи, БМТ, ЕХҲТ ва АҚШ ҳукуматига мурожаат қилиб, қийноқларнинг тўхтатилишида Ўзбекистон ҳукуматига босимни кучайтиришни сўармоқда.

Озодлик жорий йил бошида Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Шодиев номига 2 та хат йўллаб, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги ўлим ҳолатлари ва қийноқлар қўлланилиши борасидаги иддоаларга ойдинлик киритишни сўради. Аммо орадан беш ой вақт ўтган бўлса-да, қамоқхоналардаги вазият учун маъсул идорадан жавоб олмадик.

БМТ нинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео Ван Бовен, 2002 йили Ўзбекистон қамоқхоналарига қилган қисқа ташрифидан сўнг, ўзбек қамоқхоналарида қийноқнинг систематик характерга эга эканини таъкидлаган эди.

БМТ маърузачиси Новак Ўзбекистон ҳукуматининг қамоқлардаги қийноқларга оид взаият борасида "бир сири бор", деган фикрда.
Ван Бовендан сўнг ушбу лавозимни эгаллаган Манфред Новак эса, ўз фаолияти давомида Ўзбекистонга сафар қилишга муваффақ бўла олмади ва Озодлик билан суҳбатлардан бирида, "Ўзбекистон ҳукуматининг қамоқ ва ҳибсхоналардаги қийноқлар борасида яширадиган бир сири бўлса керакки, мен каби мустақил кузатувчиларнинг бу муассасаларни кўришига изн бермаëтир", дея таъкидлаган эди.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро минбарлардан туриб, қамоқхоналардаги қийноқларнинг систематик эканини инкор этиб келмоқда. Тошкент расмийларига кўра¸ Ўзбекистон қамоқ ва ҳибсхоналарида қийноқ билан боғлиқ алоҳида олинган ҳолатларгина бўлиши мумкин, холос.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG