Линклар

Тожикистонда намойиш ўтказиш эрки чекланди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон ички ишлар вазирининг муовини Саидхон Жўрахонов фикрича, “Мажлислар, митинглар ва тинч намойишлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар "шу куннинг талаби"дир.

Тожикистон ички ишлар вазирининг муовини Саидхон Жўрахонов фикрича, “Мажлислар, митинглар ва тинч намойишлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар "шу куннинг талаби"дир.

Тожикистонда очлик эълон қилмоқчи бўлган фуқаролар эндиликда бу ишни расмийлар рухсати билангина амалга ошира оладилар.


Бу чеклов 1 июн куни Тожикистон парламентида қабул қилинган “Мажлислар, митинглар ва тинч намойишлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар ортидан жорий қилинди.

Тожикистондаги фуқаролар урушидан сўнг (1992 ва 1997 йиллар - таҳр.) очлик эълон қилиш бу мамлакат фуқароларининг ижтимоий норозиликлари ягона шакли саналиб, бунинг учун шахс ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаган.

Эндиликда норозилик йўли билан очлик эълон қилиш ҳуқуқий меъёрлар ва милиция фаолияти тўғрисидаги қонунларга мослаштирилди, натижада фуқаролар расмий рухсатсиз очлик эълон қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлдилар.

Ноқонуний эътироз билдирган шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, ундан 30 минимал иш ҳақи ёки 2400 сомоний (тахминан 510 АҚШ доллари - таҳр.) миқдорида жарима ундирилади.

Парламентнинг чоршанба кунги мажлисида, шунингдек, “Тожикистон милицияси тўғрисида”ги қонун ва Маъмурий кодексга ҳам ўзгартишлар киритилди.

Қонун кучга киргач, тожикистонлик милиция ходимларнинг ваколатлари кучайтирилади, яъни милиция ходимларига намойишчиларга қарши резина ўқ қўллаш имкони берилади.

Қонунга киритилган ўзгартишлар билан депутатларни таништирган Тожикистон Ички ишлар вазири муовини Саидхон Жўрахонов қонундаги бу ислоҳот “замон талаби” эканини таъкидлади.

- Қонунларимизни ҳозирги замон талабларига мослаштириш зарурати туғилди. Шунингдек, бу ўзгартишлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоялашни такомиллаштириш йўлида муҳим аҳамиятга эга, - деди Ички ишлар вазир муовини Саидхон Жўрахонов.

Вазирлик расмийсига кўра, сўнгги ўн уч йил бадалида митинг ва намойишлар тўғрисидаги қонун бирор марта ўзгартиш киритилмаган.

Қонунга ўзгартишлар киритилиши араб мамлакатларида ҳукуматга қарши давом этаётган норозилик намойишлари ортидан халқаро ташкилотлар бундай намойишлар Тожикистонда ҳам такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантираётган бир вақтга тўғри келди.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи сўнгги ҳисоботининг Тожикистонга оид қисмида “бу мамлакатда кескин норозиликлар вужудга келиши мумкинлиги”дан огоҳлантирганди.

Аснода сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов Тожикистонда сўнгги икки йил давомида кузатилаётган ижтимоий ночор аҳвол ва нарх- навонинг кун сайин ўсиб бораётгани оммавий халқ норозиликларига олиб келиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмайди.

- Норозилик эҳтимоллари бор. Чунки бир қоп ун 200 сомонийдан (тахминан 43 АҚШ доллари - таҳр.) ошиши, ўсимлик мойи, шакар каби кундалик эҳтиёж молларининг нархлари халқнинг қўли етмас даражада ўсиб бориши албатта норозиликларни вужудга келтиради. Ҳатто қонун таъқиқлаб қўйганига қарамай, митинглар, очлик намойишлари ҳам бўлиши эҳтимоли кучли, - дер экан сиёсий таҳлилчи Мамадазимов аввал ҳам ҳукумат Яқин Шарқдаги вазиятнинг Тожикистонга таъсири борасида огоҳлантирилганини қўшимча қилди.

Бироқ Тожикистон парламентининг халқаро алоқалар ва ижтимоий ташкилотлар қўмитаси раиси Олим Салимзода қонун муҳокамасининг дунё давлатларидаги сиёсий вазиятга ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини таъкидлади.

- Қонун муҳокамаси давлатнинг митинглар ва норозилик намойишларидан хавотирлари маъносини англатмайди. Шунчаки, қонунларимизни тўлдиришимиз ва қайта ишлашимиз вақти етган, - деди парламент вакили Салимзода.

Мазкур қонун ҳукумат ташаббуси билан қайта кўриб чиқилди.

Шу ўринда айтиш лозимки, мустақилликка эришган Тожикистонда сўнгги 18 йил ичида норозилик намойишлари жуда кам қайдга олинган.

Сўнгги бир неча йил Тожикистоннинг Душанбе Кўлоб, Хоруғ ва Хўжанд шаҳарларида норозилик намойишлари ва ҳатто давлат айрим идоралари ёнида очлик эълон қилиш ҳолатлари қайдга олинган.

Аксарияти аёлларни ташкил қилган норозилар мамлакатдаги ижтимоий аҳвол, бозорлардаги нарх-наво, электр энергиясидаги узилишлар, табиий газ етишмаслиги туфайли майдонга тўпланганини айтган эдилар.
XS
SM
MD
LG