Линклар

“Ўқиган билан ўзбекка иш йўқ”

  • Шерзод

2010 йил июнида ёндириб юборилган Толстой номидаги мактабни битирган 13 нафар ўқувчидан 7 нафари олийгоҳга киришни хаёлига ҳам келтираётгани йўқ.

2010 йил июнида ёндириб юборилган Толстой номидаги мактабни битирган 13 нафар ўқувчидан 7 нафари олийгоҳга киришни хаёлига ҳам келтираётгани йўқ.

Қирғизистон жанубида 30 май куни бўлиб ўтган умумреспублика давлат тестларида ўзбек ўқувчилари деярли иштирок этмадилар.

Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Наримон қишлоқ ҳукуматидаги Чўлпон мактаби битирувчиси Муҳиддин давлат тестларини топширган битирувчилар орасида ўзбек битирувчилар саноқли бўлганини айтади:

- Чингиз Айтматов мактабидан 26 нафар битирувчи умумреспублика тестини топширдик. Лекин бизнинг Наримон қишлоқ ҳукуматидаги бошқа ўзбек мактаблари, Сулаймонов номли мактабдан 2 нафар битирувчи, Луначарский мактабидан 2 ўқувчи, ВЛКСМ мактабидан беш ўқувчигина қатнашди, - деди Муҳиддин.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у бошқа мактаблардан келган тенгдошларидан нега давлат тестига бошқа синфдошлари келмаганини сўраган:

- “Барибир қатнашганимиз билан биз нима бўлардик”, деб ҳаммаси бош тортди, дейишди. “Тест топширишнинг фойдаси бор-ку” десак, “Биз катта бўлиб ҳеч ким бўлмаймиз - деҳқон бўламиз, далачи бўламиз. Ўқиганимиз билан биз ўзбекларга иш йўқ. бошқа миллатдагилар ишлашади”, деб жавоб беришди. Қорасув туманида ўзбеклар кўп бўлишига қарамай, “Чўлпон” мактабига тест топширгани борганимизда ўзбек битирувчилар жуда оз эди, - дейди Муҳиддин.

Наримонлик Ҳикматилло ҳам бу йил 11-синфни тамомлади. Бироқ у 30 май куни бўлиб ўтган умумреспублика давлат тестларини топширмади.

- Ўзимнинг олий ўқув юртида ўқишга қизиқишим бор-у, битирганимдан кейин нима иш қилишимга ақлим етмаяпти. Ўқишни битирган қанча одам ишсиз юрибди, масалан, менинг акам ҳам бу йил ўқишни битирди. У ҳам нима иш қилишига ҳайрон бўлиб юрибди, - дейди Ҳикматилло.

Наримондаги Чингиз Айтматов мактаби директори Авазбек Хожибуваевнинг айтишича, мактаб раҳбарияти 10-11 синф ўқувчилари орасида олий ўқув юртларига ўқишга кириш масаласини кенг тарғиб қилади, бироқ бунинг самараси оз бўлади.

Авазбек ака фикрича, сўнгги йилларда мактаб битирувчилари орасида олий ўқув юртларда ўқишга қизиқиш сусайиши фақат ўзбек ёшлари орасида эмас, бошқа миллат ёшлари орасида ҳам кузатилмоқда.

- Республика бўйича бизнинг ўқувчиларда шундай кайфият бўлаяпти. Ўқувчиларда ўқишга қизиқиш йилдан йилга пасайиб бораяпти. Ишсизлик, “ундан кўра, бир касб эгалласак, савдо-сотиқ ёки бошқа бир иш билан шуғулланиш амалда яхшироқ” деган нарса бўлаяпти-да. Сайловларда ҳам, бирон-бир ишга жойлашишда ҳам яхши билимга нисбатан таниш-билишчилик, моддий имкониятлар кўп рол ўйнаётганини, миллатидан қатъий назар, ҳамма кўраяпти-да. Шу жумладан, ўзбекларники яққолроқ бўлаяпти, - деди Авазбек ака.

Ўтган йилнинг июн ойида ёндириб юборилган Толстой номидаги мактаб (бу мактаб ҳам Қорасув туманига қарайди – таҳр.) 11-синфини бу йил 13 нафар ўқувчи битирди. Улардан фақат 6 нафари умумреспублика тестини топширган.

Толстой мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича муовини Мирзаҳамид Ҳожибуллохуновнинг айтишича, олий ўқув юртларига ўқишга киришни истамаган битирувчилар орасида ҳунар эгаллашга қизиқиш катта экан:

- Олий ўқув юртига ўқишга топширмаган ўқувчиларимиздан: “Энди нима қиласизлар, ўқишга топширмадингизлар-ку?” деб сўрасак, курслар бўлар экан - масалан, компютерний ёки қизлар учун 6 ойликми, 1 ойликми медсестраликка ўқишлар бўлар экан - “шунақа курсларга кирамиз”, дейишади. Ўғил болалар эса: “Россияга кетамиз” дейишади, - деди Мирзаҳамид Ҳожибуллохунов.

Айни пайтда мавзу юзасидан Қорасув туман халқ таълими бошқармаси масъуллари билан боғланишга уринишларимиз самара бермади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG