Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:40

Россия Европа сабзавоти учун эшикларни ёпди


2 июндан бошлаб Россия Европа Иттифоқидан олиб кириладиган сабзавот учун таъқиқ эълон қилди. Бунга Европа давлатларида ўткир ичак инфекцияси тарқалганлиги сабаб бўлди. Шу пайтгача таъқиқ фақат Германия ва Испания сабзавотларига қўйилган эди. Шунингдек, бундан аввалроқ Россия бозорларига олиб кирилган Европа сабзавотларини ҳам савдодан олиб қўйиш ҳақида фармойиш берилди.


Ўткир ичак инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари Европанинг 9 давлатида, энг кўп тарқалиши эса, Германияда қайд этилди. Медицина ходимлари берган маълумотларга кўра, инфекциядан 16 киши нобуд бўлган.

Россия Давлат Бош санитар врачи Геннадий Онишченконинг “Вести” телеканалига берган интервьюсида Россиядаги барча савдо нуқталаридан Европа давлатларида етиштирилган дуркун сабзавотлар олиб қўйилди, дея маълум қилди:

- Европа санитария тизимлари вазиятни ҳал қила олмаяпти. Бу эса, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун етарли механизмлар ишлаб чиқилмаганидан далолат беради. Бу шунчаки кичик бир тармоқдаги мутахассиснинг ғингшиши эмас, балки бунинг ортида иқтисод, одамларнинг ҳаёти ва саломатлиги турибди. Европадан сабзавотларни Россияга олиб киришга таъқиқ қўйишимизга ҳам, савдо айланмасидан бу маҳсулотларни олиб қўйишимизга ҳам ана шу сабаб бўлди,- деди Россия бош санитар шифокори Геннадий Онишченко.

Россия истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини назорат қилиш федерал хизмати бошлиғи айни пайтда, инфекциянинг манбаси фақат бодиринг бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларга шубҳа билдирди.

Истеъмолчилар жамияти халқаро конфедерацияси бошлиғи Дмитрий Янин ҳам Европадан киритилаётган сабзавотларга таъқиқ қўйилиши ҳақидаги қарорни қўллаб-қувватлашини билдирди:

- Мен озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги системаси ишлаб кетади ва инфекция ўчоғи топилиб унга барҳам берилади, деган умиддаман. Бир томондан, айтиш мумкинки, июнь ойида бундай таъқиқ қўйиш унчалик ёмон оқибатларга олиб келмайди, чунки бу ойда сабзавотларга эҳтиёж унча катта бўлмайди,- дейди Истеъмолчилар жамияти халқаро конфедерацияси бошлиғи Дмитрий Янин.

Бироқ Россия қишлоқ хўжалиги собиқ вазири Виктор Семенов бошқа фикрда:

- Тўғри, бир томондан аҳоли саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш керак. Бу таъқиқдан маҳаллий сабзавот ишлаб чиқарувчилар ютади, дегувчилар ҳам бор. Бироқ, бундай эмас. Бу бир тизим бўлиб шаклланган. Бу кутилмаган зарарлар келтириб чиқаради, бозорда таранглик пайдо қилади. Масалан, гулкарам, цукини,тошкарам июнь ойида фақат Европадан олиб келинади. Энди аксарият ресторанлар, умумий овқатланиш шохобчалари овқатлар менюсини ўзгартиришига тўғри келади. Энг муҳими, бу ҳолат Россиянинг инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатади. Бу аслида бир қадам орқага кетишдир,- дейди Россия қишлоқ хўжалиги собиқ вазири Виктор Семенов.

Еврокомиссия Россия жорий қилган таъқиқини танқид қилди. Европа Иттифоқининг соғлиқни сақлаш комиссияси бошлиғи Жон Даллининг яқин орада Россияга ўз норозилигини йўллаши кутилмоқда.

Германияда Е.coli батериясини юқтирган 1500 дан зиёд бемор аниқланган. Ҳозирга қадар Е.coli юққан 16 одам нобуд бўлди.

E.coli бактерияси одамларга бодрингдан юққан, деб тахмин қилинмоқда.

Ушбу касалликка чалинган инсонларда қонли ич кетиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, қайт қилиш кузатилади.

Олимлар бодрингда E.coli қандай пайдо бўлганини аниқлаш устидан бош қотирмоқда.
XS
SM
MD
LG