Линклар

Болаларга пахта тердиришнинг йўли топилди

  • Садриддин Ашур

Ғарб сиёсатчилари ва ташкилотлар Ўзбекистондаги болалар меҳнатини "замонавий қулликнинг ёрқин мисоли", дея баҳолайди.

Ғарб сиёсатчилари ва ташкилотлар Ўзбекистондаги болалар меҳнатини "замонавий қулликнинг ёрқин мисоли", дея баҳолайди.

Болаларни қишлоқ хўжалиги ишларига фақат дарсдан кейин ва кўнгилли равишда жалб қилиш мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон фермер хўжаликлари уюшмаси ва Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги баёнот тарқатди.

Баёнотда айтилишича, айрим "нохолис хорижий ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистонда болаларни оммавий тарзда қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилиш борасида тарқатган турли хил ёлғонлари ва бўҳтонлари" Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан пахтанинг "юқори рейтингига" путур етказиш мақсадида тарқатилмоқда.

"Бу бўҳтонлар ўзбек пахтасининг ташқи бозордаги обрўсини пасайтиришга хизмат қилади. Ўзбекистонда барча пахта ҳосили фермерларнинг ўзлари томонидан йиғиштириб олинади ва фермерлар болаларни оммавий тарзда пахта теримига жалб қилишдан иқтисодий манфаатдор эмаслар", дейилади баёнотда.

Баёнот муаллифлари, болаларнинг турли хил ишларга мажбурий жалб қилинишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлар экан, айни пайтда, 15 ёшдан юқори бўлган болалар, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўқиш мавсуми тугагунга қадар меҳнат тарбияси мақсадида, кўнгилли тарзда ва ота-оналарнинг рухсати билан қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиниши мумкинлигини айтиб ўтади.

“Қишлоқ хўжалиги маҳсулот ишлаб чиқарувчилари, жумладан фермер хўжаликлари 15 ёшдан юқори бўлган болаларни кўнгилли тарзда ишга жалб қилар экан, улар иш ҳақини одилона тўлашга, амалдаги қонунчилик асосида меҳнат хавфсизлиги, тиббий хизмат ва иссиқ овқат билан таъминлаш мажбуриятларини олишлари лозим”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, баёнотда болалар фақат ўқишдан ташқари пайтда меҳнат билан шуғулланишлари мумкинлиги ва бу қоидани бузган шахслар Ўзбекистон қонунчилигида кўрсатилган моддалар билан таъқиб қилиниши ҳам айтиб ўтилган.

Бироқ халқаро ва маҳаллий кузатувчилар Ўзбекиситондаги учта нуфузли идоранинг қўшма баёнотини шу пайтгача қабул қилинган, бироқ бажарилмай келаётган баёнотлар сирасидан эканлигини айтмоқдалар.

Мустақилликнинг ўтган 20 йили давомида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида болалар меҳнатидан фойдаланмаслик ҳақида қатор қарорлар ва қонунлар қабул қилинди. Президент Каримовнинг ўзи баланд минбарлардан болаларни пахта ишларига жалб қилмаслик ҳақида бири неча бор гапирди. Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳам болаларни пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида қарор қабул қилган эди.

Бироқ бу қарорларнинг ҳали сиёҳи қуримай туриб, болалар оммавий тарзда яна қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинди ва пахта далаларига ҳайдалди.

Болалар меҳнати мониторинги билан мунтазам шуғулланиб келаётган “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими фаоли Исроил Ризаевнинг айтишича, бу йил болалар меҳнатидан мажбурий тарзда фойдаланишнинг бир мунча камайгани кузатилмоқда. Ҳуқуқ фаоли бу ҳолатни жаҳон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ҳақидаги хабарлар кўпайгани, жаҳондаги қатор йирик ширкатларнинг ўзбек пахтасига бойкот эълон қилгани билан боғлайди. Исроил Ризаев фикрича, Меҳнат вазирлиги ёки касаба уюшмалари федерацияси ҳеч қачон мустақил тарзда бундай баёнот билан чиқиш қила олмаган бўларди ва бунга президентнинг ўзи томонидан ишорат бўлган бўлиши мумкин:

- Озгина ишонишга умидлар уйғонаяпти. Сизлар энди узоқда, биз бу ерда кўриб турибмиз. Ўтган йилларда мактаблар оммавий равишда бекилиб, болалар далага олиб чиқиларди, ҳозир бекитгани йўқ. Имтиҳонларни мана топширишаяпти. Фақатгина кўрганимни айтаяпман, мана қўни-қўшниларимнинг болаларини ўқитаман. 9-синфлар навбат билан обеддан кейин, консултациялардан кейин бориб икки-уч соат чопиб келишаяпти ҳозир. Ҳозир фақат 9-синф. Қолганларини мен кузатмадим. 5-6-7-синфлар чиқмаяпти. Шунга бир ишора бўлса керак деймиз.

Яхшиликка деймизда энди. Жўжани кузда санаймиз. Худо хоҳласа, 3-4 ойдан кейин пахта мавсуми келса, ўшанда кўрамиз. Бу баёнот яна қоғозда қолиб кетадими ëки ҳақиқатан қонунларимиз энди ишлашга ўтадими, энди уни вақт кўрсатади-да,- дейди Исроил Ризаев.

Ўзбекистон Меҳнат қонунида болаларнинг меҳнат қилишига маълум шартларга амал қилган ҳаолда рухсат берилган, бироқ маҳаллий ҳокимлар бу шартларни қўпол тарзда бузиб, болаларни эксплуатация қилишади дейди ҳуқуқ фаоли:

- Меҳнат кодексини варақлаб қарасангиз, у ерда ўзи кўрсатилган 12-13-14-16 ëшдан меҳнат қилишнинг ўзининг шартлари бор. Ота-онасининг ëзма розиликлари, соғлиғига хавф солмайдиган жойларда, қисқартирилган меҳнат кунлари, охирги куни иш ҳақлари бериш ва ҳоказолар белгилаб қўйилган кодексда. Фақатгина шу амалга ошмасдида. Чопиқ бўлдими, пахта бўлдими мактаблар бекилиб, хабарингиз бор ҳатто бошланғичлар ҳам чиқиб кетарди. Умид қилишимиз керак янги ўқув йилидан бошлаб мактаблар тақа-тақ бекилиб пахтага, ëтоқларга чиқмаса керак, энди,- дейди Исроил Ризаев.

Дарвоқе, бу баёнот эълон қилинган шу кунларда мактаб болалари пахта далаларини ўтоқ қилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон расмийлари болалар меҳнати муаммосига бағишланган халқаро йиғинларда ўзбек болалари пахта йиғим-теримига мажбуран эмас, балки кўнгилли равишда, ота-оналарига ёрдам бериш мақсадида чиқишларини таъкидлаб, "болани ёшликдан меҳнатга ўргатишнинг нимаси ёмон?" қабилидаги баҳоналарни айтиб келишади.

Шу боисдан сўнгги баёнот ҳам Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммоси ҳал этилмаганини хаспўшлаш йўлидаги навбатдаги баҳона сифатида баҳоланмоқда.

Кузатувчиларга кўра, токи Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида жиддий ислоҳот ўтказилмас экан, болалар меҳнатидан фойдаланмаслик ҳақида чиқарилган бу каби баёнотлар аввалги қарорлар сингари сувдай қумга сингиб кетаверади, чунки, бугунги кунда ўзбекистонлик фермерлар, қўл кучисиз, четдан ёрдамсиз пахтани териб ололмайди.

Сўнгги йиллардда бир қатор Ғарб ширкатлари, жумладан "Tesco", "Marks & Spenсer" каби йирик ширкатлар ҳам мажбурий бола меҳнатидан фойдаланилгани боис ўзбек пахтасини бойкот қилиб келишади. Ўзбекистонда ҳар куз мавсумида юз минглаб болалалар мажбурий пахта йиғим-теримига жалб этилади.

Ўтган ҳафта АҚШнинг болалар кийими ишлаб чиқарувчи "Gymboree" ширкати ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечганини эълон қилди.

АҚШ ва Канадада 600 дан ортиқ дўконга эга ширкат бу қарордан мақсад Ўзбекистон ҳукуматини пахта ҳосилини йиғиб олишда мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланмасликка кўндиришдир, дейилади ширкат вэб саҳифасида эълон қилинган баёнотда.

Пахта экспорти бўйича дунёда учинчи ўринда турадиган Ўзбекистон пахта савдосидан йилига бир миллиард АҚШ долларидан ортиқ фойда олиши тахмин қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG