Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:39

Россияда бесоқолбозни ўлдирган ўзбеклар қамалди


Новосибирскда маҳаллий бесоқолбозни ўлдирганликда айбдор, деб топилган икки нафар Ўзбекистон фуқароси узоқ муддатларга қамоққа ҳукм қилинди. Расмийлар берган маълумотга кўра, қотилликни содир этганига иқрор бўлган ўзбекистонликлар жабрланувчиани Интернетдаги танишувлар тармоғи орқали топган.


Россиянинг Новосибирск шаҳрида икки нафар ўзбекистонлик бесоқолбозлик билан шуғулланган маҳаллий фуқарони ўлдирганликда айбдор, деб топилди. Ўз айбларига иқрор бўлган 23 ёшли Ёқуб Ҳазраткулов ва 24 ёшли Феруз Ҳолиқовлар новосибирсклик гомосексуалист билан Интернет орқали танишган ва уникига ана шу баҳонада "меҳмон"га келган ва уни пичоқлаб, хонадаги қимматбаҳо буюмларни ўмариб кетган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Новосибирск вилоят судининг ахборот-аналитика маркази раҳбари Ирина Кошелева ўзбекистонликлар устидан тергов жараёни бир йил давом этганини гапирди.

- Новосибирск вилоят судининг маслаҳатчилар ҳайати томонидан Россия Жиноят кодексининг 105 ва 162 моддалари асосида Ёқуб Ҳазраткулов 17,5 йил, Феруз Ҳолиқов 17 йил қаттиқ режимдаги колония жазосига маҳкум этилди,- деди Новосибирск вилоят судининг расмийси Ирина Кошелева.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик Ё. Ҳазракулов ва Ф. Ҳолиқов Сибир пойтахти ҳисобланмиш Новосибирск шаҳрига иш излаб келган. Узоқ вақтгача иш топа олмаган йигитлар маҳаллийлар билан Интернет орқали танишиб, уларни тунаш режасини ишлаб чиққан. 28 ёшли новосибирсклик бесоқолбозни улар жинсий озчилик вакилларига қарашли танишувлар сайтида учратиб қолган ва ўзларини унга гомосексуалист, деб таништирган, дейди Озодлик билан суҳбатда бу жиноятни тергов қилган Новосибирск вилоят прокуратураси Тергов бошқармаси катта лейтенанти Марина Кинжалова.

- Тергов хулосасига кўра, икки нафар Ўзбекистон фуқароси ўтган йилнинг 6 январида новосибирсклик шахснинг уйига келиб, уни пичоқлаб ўлдирган. Ундан кейин улар Крилов кўчасидаги квартирадан қимматбаҳо буюмларни ўмариб, ғойиб бўлган. Улар 2 кундан кейин ижарага олган квартирада қўлга олинди,- деди Новосибирск вилоят прокуратураси ходими Марина Кинжалова.

Унинг сўзларига кўра, қўлга олинган Ҳазракулов ва Ҳолиқовга Россия Жиноят Кодексининг 105 (қотиллик) ва 162 (талон-тарож) моддалари юзасидан айблов эълон қилинганиб, тергов бошланганидан бери бир йил давомида улар Новосибирск шаҳар тергов изоляторида сақланган.

Маълум бўлишича, судда ўзбекистонликлар қотиллик содир этганига иқрор бўлган, лекин бунга ўзларининг гомосексуализмга бўлган салбий муносабатларини сабаб қилиб кўрсатган. Тергов дастлаб уларни Новосибирск вилоятида бир нечта бесоқолбозларнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумонлаган. Аммо кейинчалик, уларнинг бу жиноятларга алоқаси йўқлиги исботланган.

Новосибирск вилоят суди матбуот котиби ўзбекистонлик Ёқуб Ҳазракулов ва Феруз Ҳолиқовлар суд ҳайъати чиқарган ҳукм юзасидан шикоят аризасини юбориш ҳуқуқига эга, дея қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG