Линклар

"Жазо муддати тугади, ўғлимни озод қилинг!"

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда кўп ҳолларда эътиқод маҳбуслари қамоқ муддатлари узайтирилади.

Ўзбекистонда кўп ҳолларда эътиқод маҳбуслари қамоқ муддатлари узайтирилади.

Ўзбекистонда жазо муддатини ўтаб бўлган маҳкумлар озодликка чиқарилмаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълум қилди. Ташкилотга кўра, Зарафшондаги 64/48 жазони ижро этиш муассасасида қамоқ жазосини ўтаб бўлган 30 ёшли Шуҳрат Одилхонов, жазо муддати тугаганига бир ой бўлганига қарамай, номаълум сабабсиз қамоқда ушлаб турилибди.


“Ҳизб ут-Таҳрир” диний оқимига аъзоликда айбланиб, иккинчи марта 9 йилга озодликдан маҳрум этилган тошкентлик Шуҳрат Одилхоновнинг қамоқ жазоси шу йилнинг 5 майида тугаган эди. Бироқ, у ҳамон озодликка чиқарилмаган.

Ш. Одилхоновнинг онаси Қурбонбуви опанинг айтишича, колония маъмурияти ўғлининг озод этилиши кечиктираётганини ҳужжатларни тайёрлашга вақти бўлмаётгани билан изоҳлаган. Қамоқҳона маъмурияти онага Одилхоновнинг қамоқхона тартибини бузмаганини ҳам билдирган.

Ш. Одилхонов 2000 йилда Ўзбекистон ЖКнинг 159-моддаси билан айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Бироқ, бир ярим йилдан сўнг Ўзбекистон Олий суди маҳкумнинг кассация шикоятини кўриб чиқиб, жазо муддатини 1,5 йилга туширган эди.

2001 йилда қамоқдан озод бўлган Шуҳрат яна бир йилдан сўнг қамоққа олиниб, бу сафар 9 йилга кесилди.

Қурбонбуви опанинг айтишича, унинг ўғли қамоқда “Ҳизб ут-Таҳрир” ғояларидан тамомила воз кечган ва унинг томонидан қамоқхона ички қоидаларини бузиш ҳолатлари бўлмаган:

- Ўғлим у эътиқодидан қайтган. Ўша ерга мен борганимда ҳам айтди. “Давлат қонунларига риоя қиламан. Мен қайтдим. Президентимиз чиқариб юборса бўлди”, деди. Мен “Худо хоҳласа, чиқиб кетарсан болам”, дедим. Уйимизнинг боқувчиси йўқ ҳозир. “Президентимиз ҳеч бўлмаса бизларга ëрдам қилармикан, ëрдам қўлини чўзармикан? Болам қайтганку”, деган умид билан юрибман. Кутиб ўтирибман ҳозиргача эшикка қараб. Лекин ўғлим қайтган. Росманасига қайтган. Ўз кўзим билан кўриб келдим. “Опа нарушение қилаëтганим йўқ. Ҳақиқатан мен билмаган эканман”, деди. Қамоқхонадаги кутубхонада ишлаётган болага мингдан минг раҳмат. Ўша қайтарипти. Ўшанақалардан кўпайтирсин. Адашганларни тўғирласин, йўлга солсин. (йиғлаб) Қийналиб кетдим жуда ҳам ука. Жуда ҳам қийналиб кетдим. Болам билан жуда ҳам қийналиб кетдим,- дейди Қурбонбуви опа.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаб бўлган, бироқ озодликка чиқарилмаётган маҳбуслар кўп бўлиши мумкин. Бироқ, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси, қамохоналар маъмурияти диний ва сиёсий айбловлар билан қамалган тутқунларга ўз ихтиёрлари билан жавоб бериш ҳуқуқига эга эмас ва улар бу ҳақда юқоридан келадиган кўрсатмани кутиб турадилар:

- Энди бу ерда битта нарса борки, кўпларига нисбатан мисол учун ўша муддати тугаëтганда устидан яна жиноят иши очишадида жиноят кодексининг 221-моддаси бўйича, 3 йилдан 6 ойгача муддат қўшиб қўйишади. Нимагаки уюштирилган ҳолатда тартибни бузди деган баҳонаси бўйича. Жуда булар ўрганиб олган бу масала бўйича. Лекин ҳозир Ўзбекистон қонунларининг бузилиш ҳоллари кетаяпти. Гарчи, маҳкум ўзини қамоқда яхши тутган бўлса ҳам, қоидаларни бузмаган бўлса ҳам, агар у диний айблов билан қамалган бўлса, махсус топшириқ келмагунча у қамоқда ушлаб турилаверади,- дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG