Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:07

Тожикистон "демографик портлаш"дан хавфсирамоқда


Тожикистон расмийлари демографик вазиятдан ташвишланаётган бўлса-да, туғилишни мажбурий чекламаслигини билдирмоқда.

Давлат статистика қўмитаси ўтган йил сентябрида Тожикистонда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларини эълон қилди.

Шу идора маълумотларига кўра, ўтган ўн йил бадалида тожикистонликлар 1 миллион 665 минг кишига кўпайган.

Давлат статистика қўмитаси масъулларининг таъкидича, мамлакатда аҳоли сони Шўролар замонидан бери мунтазам ўсиб бормоқда.

Аҳоли ўсиш суръатининг баландлиги туфайли иқтидордаги ҳукумат ҳар дойим аҳолини “демографик портлаш” дан огоҳлантириб келади.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон тожик халқига мурожатларида ҳар гал аёлларга иккита фарзанд билан чегараланишни тавсия қилади.

Шунга қарамай, ҳозирда ўртача тожикистонлик оила етти нафарни ташкил қилади.

Душанбе шаҳрининг Қозоқлар маҳалласида истиқомат қилиб турган Ражабгул Шарипова ана шундай кўп болалаи оналардан бири.

- Мана ҳозир оиламда ўттиз жон яшайди. Ҳовлимиз кичкина, таморқамиз йўқ. Егулик маҳсулотларининг ҳаммасини сотиб оламиз. Яшашимиз жуда қийин. Эрларимиз Россияда ишлаб турганди. Лекин ҳозир улар ҳам ишсиз қолишган. Нима қилайлик ? “Туғманглар”, деган билан муаммо ҳал бўлмайдию. Таъминласин ҳукумат аҳолисини. Ўзи биз тожиклар, ўзбеклар болажон халқмиз. Туғмай бўлмайди, насл қуриб кетиши мумкин, - дейди йигирма йиллик умрини таълим соҳасига бағишлаган саккиз фарзанднинг онаси Ражабгул хоним.

Тожикистонда аҳолининг ўсиши баробарида иш жойларининг йўқлиги, ойлик иш ҳақларининг озлиги бу мамлакатдаги ижтимоий вазиятнинг тобора таранглашишига туртки бўлмоқда.

“Лекин шунга қарамай, - дейди кузатувчилар, - Тожикистонда Ўзбекистон ва бошқа шу каби айрим давлатлардаги сингари демографик вазиятни жиловлайдиган сиёсат йўлга қўйилмаган”.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Ўзбекистон ҳукуматининг туғилишни чеклашга қаратилган чора-тадбирлари доирасида ўтган йил мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги туғиш ëшидаги аёлларни мажбурий тарзда стерилизация қилаётгани борасида маълумотлар тарқалганди.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси депутати Махфират Хидирова ўз давлати қўшнисидан фарқли ўлароқ демографияни нозўравон йўл билан изга солишга киришганини айтади.

- Биз бундай тажрибани ҳеч қачон йўлга қўймаслигимизга ишонаман. Зеро жамиятимиздаги ижтимоий муаммолар тобора кучаяётган бўлса-да, оналар ва болалар саломатлиги биз учун ҳамма нарсадан муҳимроқ. Биз қўшниларимиздан фарқли ўлароқ тўғрироқ йўлни танладик. Яъни аҳоли маърифатини ошириш йўли билан туғилишни чеклашга ҳаракатлар қилаяпмиз, - деди Тожикистон парламентининг қуйи палатаси депутати Махфират Хидирова,

Кузатувчиларга кўра, ҳукуматнинг “аҳолини маърифатли қилиш йўли билан туғилишни чеклаш” сиёсати республика чекка қишлоқларига етиб бормагани сабабли, туғиш ёшида бўлган тожикистонлик аёллар ягона контрацепция ўрнида ҳозирча абортни қўллашмоқда.

Баъзи ҳолларда бу йўл оналар ўлимига сабаб бўлаётганини айтади кузатувчилар.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, мамлакатдаги қашшоқлик боис демографик муаммоларни ҳал қилишнинг биргина йўли бу мамлакат ташқарисидаги меҳнат муҳожирлигидир.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда тахминан бир ярим миллион тожикистонлик Россия, Қозоғистон каби мамлакатларда яшаб, фаолият қилади. Тожикистонликларни очлик исканжасидан қутқариб қолаётган асосий манба ҳам, меҳнат муҳожирлигидан топилган даромад эканини таъкидлайди таҳлилчилар.
XS
SM
MD
LG