Линклар

Cўғд вилоятининг Ашт туманида тўрт нафар тожикистонлик тўй ўтказгани учун маҳакамага тортилди. Туман суди ҳаками Шоғуфрон Давроновнинг айтишича, маҳкамага тортилганлар тўйларни динни тарғиб қилиш маракасига айлантирганлар.

- Айни пайтда Тожикистон Ислом ўйғониш партиясининг Сўғд вилояти бўлими вакиллари Мирзо Хожиматов ва Собит Мадалиев, тўй эгаси Нўмон Холмирзаев ва унинг қариндоши амалдаги қонунга зид иш тутиб, тўйни диний маракага айлантиришган. Уларнинг иши судда кўрилиб чиқилади, - деди Шоғуфрон Давронов.

Расмийларнинг таъкидлашларича “Урф-одат ва тўй - маъракаларни тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун тўйларда диний маърузалар қилишни тақиқлайди.

- Мазкур Қонунда “тўй” деган калима бор. Айтмоқчиманки, тўй бу рақсга тушиш, қўшиқ айтиш ва хурсандчилик қилиш маросими. Мархамат, домлалар ҳам иштирок этишсин, хеч ким тақиқламаган, сўзга чиқишсин, табриклашсин. Лекин тўйхона амри маъруф қилиш ва мавлуд ўқиш жойи эмас. Бунинг учун масжидлар мавжуд, - деди вилоят ҳокимияти расмийси Мазбут Воҳидов.

Бироқ хуқуқ химоячилари ва таҳлилчиларнинг айтишларича, расмийлар ва куч ишлатар тизимлари вакилларининг ўзлари Қонунни бузишмоқда.

- Янги қонуннинг бирорта моддаси ёки бўлимида тўйлар замонавий ёки исломий тарзада ўтказилиш кераклиги ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Фақат, Қонунда “хатна” ва “ никоҳ” тўйлари ҳақида аниқ кўрсатма берилган. Шундай экан Тожикистонда исломий тўйларни ўтказиш тақиқланмаган, - дейди инсон хуқуқлари ҳимоячиси Файзинисо Вохидова.

Мустақил кузатувчилар фикрича, янги Қонун жамиятда порахўрликнинг яна бир тури пайдо бўлишига туртки бўлган.

- Тақиқланган тўй ёки маракани текширгани келган қонун ижрочилари кўп ҳолларда ошна-оғайнигарчилик қилиб, ё бўлмаса ўзига тегишли улушини оладилар-да, кетадилар. Бундан ҳамма хабардор. Лекин ҳеч ким бундай кўринишларга қарши курашмаяпти, - дейди кузатувчи Дилором Абдувохидова .

Аҳолисининг тахминан 60 фоизи қашшоқ деб топилган Тожикистонда 2007 йил «Урф-одат ва тўй - маъракаларни тартибга солиш тўғрисида” Қонун қабул қилинган эди.

Мазкур қонунга мувофиқ, мамлакатда тўй-ҳашам ва диний тадбирлар сони камайтирилди. Туғилган кунларни нишонлаш, Бешик тўйи, Қиз базми, Чарлар кабилар шулар жумласидандир. Шунингдек, суннат тўйига алоқадор маслаҳат оши, миллий кураш, улоқ ҳамда ордбезон маросимлари, тўйга 60 дан ортиқ меҳмон чақириш тақиқланган.

Никоҳ тўйидаги фотиҳа, маслаҳат оши, қудаларга сарпо бериш, сеп тўйи, чойгаштак ёки қизлар мажлиси каби маросимлар ҳам қатъиян маън этилади. Никоҳ тўйлари илгаригидек 4-5 кун эмас, балки бир кун давомида ўтказилиб, тўйга чақирилган меҳмонлар сони 200 киши билан чекланади.

Тўй ҳаражатларини икки томон баравар кўтаради ва тўй кортежи тўртта автомобилдан ошмаслиги зарур. Бундан ташқари, бешик тўйи, чиллагурезон, соч тўйлари кўпи билан 15 киши иштирокида ўтказилади.

Янги қонунни бузган оддий фуқаролардан 2000 сомоний ёки 440 долларгача, амалдорлардан 5000 сомоний ёки 1100 долларгача ва юридик шахслардан эса 10 минг сомоний ёки 2200 долларгача маъмурий жарима ундирилиши белгиланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG