Линклар

Тошкентдаги "Эзгулик" жамияти қийноқлар оқибатида вафот этган яна бир маҳбус ҳақида маълумот тарқатди.

22 май куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан бўлган, 1982 йилда туғилган, 29 ёшли Муҳиддин Абдуллаев дафн этилди. Унинг жасади Қашқадарё вилоятининг Шайхали қўрғонидаги жазони ўташ муассасида яқинларига топширилди. Бу ҳақда июн ойи аввалида Тошкентдаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари маркази маълумот тарқатди.

Муҳиддин Абдуллаев мазкур қамоқхонага ўлимидан 17 кун олдин Тоштурмадан ўтказилган экан. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишларича, қамоқхона шифокорлари марҳумга “жигар циррози” ташҳисини қўйган.

- Бу йигит ўтган йилнинг куз ойларида ҳибсга олинган. Шу йилнинг 5 май куни жазони ўташи учун зонага юборилган. 17 кундан кейин ўлими сабабли уйига жасади жўнатилган. Бизга яқин манбанинг айтишича, ҳуқуқ муҳофаза органлари ходимлари кўмиш маросимларини тез ўтказиб, ортиқча шов-шув чиқармаслик пайида бўлишган.

Муҳиддин Абдуллаев жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди томонидан диний-радикал оқимларга мансубликда айбланиб, 159-244 моддалар билан жиноий жавобгарликка тортилган. Қўлимизда ҳозир суд ҳужжатлари, ҳукми йўқ., - деди инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Тошкент вилояти бўлими раҳбари Абдураҳмон Ташанов.

"Муҳиддин Абдуллаев Ўзбекистон қамоқхонасидан жасади чиққан ягона маҳбус эмас. Бироқ унинг ўлими Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар аломатлари билан вафот этган бошқа маҳбусларнинг ҳолатига яқин" дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли.

- Энди масаланинг умумий томони жазони ижро этиш муассасалари, тергов изоляторларида систематик қийноқларнинг авж олаётгани натижасида шундай ўлим ҳолатлари бўлаётганидир. Албатта, жазони ўташ муассасаларидаги тиббий бўлимлар уларга “қийноқдан ўлди” деган диагнозни қўймайди. Муҳиддинга ҳам “жигар циррозидан ўлди” деган диагнозни қўйишган. Энди қийноқлардан ўлганлиги ёки бошқа сабаблардан ўлганлиги айтилса, тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилишни талаб қилади. Жигар циррозидан одамнинг ўлиб қолиши камдан-кам учрайди. Ундан ташқари, агар соғлиги ёмон бўлганида Тоштурмадан зонага юборилмаслиги керак эди. Чунки бу қонун билан тақиқланган, - дея изоҳ берди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Айни пайтда Шайхали қамоқхонасида вафот этган Муҳиддин Абдуллаевнинг яқинлари билан боғланиш имкони бўлмаяпти.

Абдураҳмон Ташанов “Эзгулик” жамияти 2010 йил давомида 35га яқин жазони ўташ муассаларида ўлган маҳбуслар ҳақида маълумотларга эгалигини билдирди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов охирги ўн йил ичида 150га яқин маҳбуслар қийноқ оқибатида вафот этгани ҳақида маълумотлар борлигини айтди:

- Буни тўхтатиш учун оддий нарса- ГУИН ташкилоти раҳбарияти ва давлат раҳбарининг буйруғи керак. Оғзаки буйруқ бўлганда ҳам шу нарса тўхтатилади,- деди ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаоллари ва инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ташкилотлар Ўзбекистондаги қамоқхоналарда мониторинг ўтказишга рухсат сўраб бир неча бор расмий идораларга мурожаат қилган. Шу пайтга қадар бу илтимосномалар жавобсиз қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG