Линклар

Андижонда қадимий қилич топилди


Олимларнинг айтишларича, Андижон вилоятининг Марҳамат тумани ҳудудидан яна кўплаб осори атиқаларни топиш мумкин.

Олимларнинг айтишларича, Андижон вилоятининг Марҳамат тумани ҳудудидан яна кўплаб осори атиқаларни топиш мумкин.

Маҳаллий олимларнинг айтишларича, Андижоннинг Марҳамат туманида бундай топилмалар тез-тез учраб туради.

Марҳаматлик Холдорбой Холмирзаевнинг ҳовлисидан қадимий қилич топилди. Холдорбой аканинг турмуш ўртоғи Рисолатхон опа Озодликка қадимий қиличнинг топилиш тафсилотларини айтиб берди:

- “Оҳак ивитамиз” деб чуқур кавлашган. Шунда чиққан. Топилганига икки ой бўлиб қолди. Ундан олдин ичида нарсалари бор бир хумча ҳам чиққан эди. Уни мактабга топширган эдик, - дейди Рисолат опа.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, топилдиқ унда катта қизиқиш уйғотмаган:

- Бир метрча бор эди. Занглаб қолган эди. “Кўринг, мана қилич топдик, кавлаганда мана бу қилич чиқди” деб кўрсатишди менга. Қараб қўйдим-у, унча эътибор бермадим, - дея гапирди Рисолат опа.

Маълум бўлишича, Марҳамат туманида қадимий топилмалар янгилик эмас. Баъзи топилмалар эгалари давлат томонидан моддий рағбатлантирилган ҳам.

- Битта ҳовлидан тангалар топилибди, эгасига “Дамас” беришибди деб ҳам гапиришган эди. Энди биз ундай умидвор бўлмадик. Халққа керак бўлса, бирор фойдаси тегса бўлди, - дейди Рисолат опа.

Марҳамат туманида яшовчи, Антик дунё ҳалқаро илмий академия доценти Обиджон ака Маҳмудов қадимий қилични ўрганган олимлардан бири.

Обиджон ака Марҳамат туманида 30 йилдан буён Тарихий ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш давлат инспекцияси инспектори бўлиб ишлар экан.

- Фарғона водийсининг Мингтепа тумани бўлган. Асака, Булоқбоши қўшилиб, Мингтепа тумани бўлган. Кеча мана хитойлик олимлар, профессорлар келиб кетди. Жуда катта қизиқиш билан қарашди. Фарғона водийсида Довон давлатининг 70 та катта-кичик шаҳарлари Фарғонанинг шарқида бўлган. Марҳаматнинг 6 ярим минг гектар ерининг ҳар бир метрида 4 мертлик чуқурликда бутун бир шаҳар яшириниб ётибди. Хоҳлаган ерини кавласангиз, уч ярим минг йиллик ашёга дуч келасиз. Тепасидан сув қўйиб, пахта экиб юрган аждодлар устидан. Энди ернинг тагига тушишни ўрганишаяпти, - дейди олим.

Айни пайтда Андижон вилоятининг Марҳамат тумани миқёсида тарихий ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш давлат инспекцияси томонидан кенг археологик изланишлар олиб бориш режалаштирилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG