Линклар

Болгарияда ўзбек қочқини ушланди


Болгариялик расмийлар Лутфулло Бозоровга 6 ё 7 июн куни мамлакатни тарк этиши мумкинлигини айтганлар.

Болгариялик расмийлар Лутфулло Бозоровга 6 ё 7 июн куни мамлакатни тарк этиши мумкинлигини айтганлар.

Швейцарияда бошпана топган Лутфулло Бозоров 28 май куни Руминия–Болгария чегарасида болгар зобитлари томонидан ушланган.

Асли андижонлик, 6 йилдан буён Швейцарияда оиласи билан бошпана топган Лутфулло Бозоров таниши билан Туркияга саёҳатга кетаётган бўлган.

- Буларнинг (чегарачиларни) айтиши бўйича мени Интерполда қидираётган экан. “Сени Интерполда қидираяпти экан. Сен террорист экансан, ваҳҳобий, экстремист, ҳизбутчи, яна бошқа айбловлар билан берган” деди. Ҳибсхонасида бир кеча бўлдим. Кейин судга беришди, суд кўриб чиқди. 31 май куни соат 18.30 да суд ҳукмига биноан мени озод қилишди, - дейди андижонлик қочқин Лутфулло Бозоров.

Лутфулло акага унинг таржимони озод эканлигини айтганидан сўнг, унинг ҳимоячиси ҳам уч кунда Болгарияни тарк этиши кераклигини айтади. Бу гапларга ишонган Лутфулло Бозоров оиласи ёнига, Швейцарияга қайтмоқчи бўлиб, яна чегарага боради.

- Улар яна мени қўлга олишди. Чегарачилар: “сен уч кун бу ерда туриб, тўртинчи куни чиқиб кетишга ҳаққинг бор эди, сен қочмоқчи бўлдинг”, деяпти. Мен адвокатим Болгариядан уч кунда чиқиб кетишим зарурлигини айтганини, шунинг учун кетаётганлигимни айтдим. “Қанча десангиз кутишга розиман, фақат турма, ҳибсхонага олиб кирманглар” деб айтдим.У ерда бошим оғриб қолди-да, - дейди андижонлик қочқин.

Айни пайтда Лутфулло Бозоров Болгариянинг Русе шаҳридаги меҳмонхоналардан бирига маҳаллий ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан жойлаштирилган.

- Милициясининг бошлиғи билан рус тилида гаплашдим. У инсон: “сен қўрқма, ойнинг 6-сига қадар шу ерда қол. Душанба ёки сешанба сенга йўллар очилади. Ўтиб кетишинг мумкин. Ўзинг қочиб кетишга ҳаракат қилма, ёмонлик қилма”, деб айтди, - дейди Лутфулло ака.

Парижда жойлашган “Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари” ташкилоти раҳбари Надежда Отаева ўз ташкилоти мазкур иш билан шуғуллана бошлаганини билдирди:

- Биз қийноқлар бўйича махсус маърузачига маълумот тайёрлаш устида иш олиб бораяпмиз. Чунки унинг экстрадиция қилиниши хавфи пайдо бўлаяпти. Экстрадиция қилиш ҳақида Ўзбекистондан сўровнома келган. Бу ерда тил билмаган фуқаро Евроиттифоқ давлатини кесиб ўтаётганида виза олиш кераклигини ҳисобга олмаган. Бир тарафдан у Интерпол қидирувида бўлгани боис экстрадиция хавфи пайдо бўлган, иккинчи томондан эса у Болгария чегарасини нотўғри кесиб ўтган. Ундан ташқари, қочқинлик мақомини олган фуқаролар ўз давлатидаги қочқинлар билан шуғулланувчи идорани қаерга кетаётганлигидан бохабар қилиши керак. Шунда бу каби ҳолатлар юзага келмайди, - деди Надежда Отаева.

2005 йилнинг 13 май куни содир бўлган Андижон воқеаларидан сўнг Интерпол халқаро қидирувига андижонлик қочқинлар берилган эди.

Болгария ҳукумати шу пайтга қадар Интерпол қидирувида бўлган ва жиноят содир этганликда гумонланган шахсларнигина топширганди. Жумладан, 2009 йилда Болгария расмийлари Руминия давлатига Туркиянинг икки фуқаросини топширган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG