Линклар

logo-print

Йигирма бир жасад ҳамон эгасиз

  • Шерзод

Ўш қирғини чоғида ҳалок бўлган, бироқ маълум муддат кимлиги аниқланмай турган 76 жасаддан шу кунгача 55 тасининг шахси аниқланган.

Ўш қирғини чоғида ҳалок бўлган, бироқ маълум муддат кимлиги аниқланмай турган 76 жасаддан шу кунгача 55 тасининг шахси аниқланган.

2010 йил июн ойидаги Ўш қирғинидан сўнг топилган 21 мурда шахсини ҳанузгача аниқлашнинг имкони бўлмаяпти.

Ўтган йилги Ўш воқеалари чоғида Олой туманида яшовчи Турдубек Сулуевнинг 32 ёшли ўғли Жалинбек Сулуев Ўш шаҳрига кетган ва бедарак йўқолганди. Турдубек Сулуев ўғлини топа олмагач, Ўш қирғинида ҳалок бўлган, бироқ кимлиги аниқланмаган жасадларга ўзининг қони нусхасини қўшиб экспертизага юборишга мажбур бўлган.

Турдубек Сулуев ўтиб бораётган ҳафтада ўғлининг жасади аниқланган экспертиза хулосасини олди:

- Буни биринчи Москвага жўнатишган. Бироқ қандайдир сабаблар билан қайтиб келган. Кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги Хитой билан экспертиза тўғрисида гаплашди, деган маълумот беришди. “Хитойга экспертизага жўнатдик” дейишган. Натижаси чиқди. Яна кўп одамнинг кимлиги аниқланмай қолибди. Меники ва яна ўн беш одамники аниқланибди, - деди Турдубек Сулуев.

Шу йилнинг 3 июн куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Қасимбек Мамбетов Ўш қирғинида ҳалок бўлган, бироқ кимлиги аниқланмаган жасадларнинг 12 нафари Москвада, яна 15 нафари Хитойда ўтказилган экспертизалар натижасида аниқланганини маълум қилди.

Мамбетовга кўра, экспертизалар Россия ва Хитойнинг нуфузли лабораторияларида ўтказилганига қарамай, яна 21 жасаднинг кимлиги аниқланмай қолмоқда.

- Москва ва Хитойдан олинган расмий маълумотларга кўра, вафот этган ва кимлиги аниқланмай қолаётган 21 жасаддан 3 тасининг ДНКсини аниқлаш имкони бўлмаган. Негаки, бу жасадлар бутунлай куйиб кетган. Қолган 18 одамнинг ДНК генотипи ҳозирда ўз яқинларини излаётган фуқароларнинг қонига, генотипига мос келмаган, - деди Қасимбек Мамбетов.

Унинг айтишича, бундан буён ДНК экспертизалари ўтказилмайди. Агарда яқинларини излаётган бошқа одамлар бор бўлса, уларнинг қон нусхалари билан кимлиги аниқланмай қолаётган 18 одамнинг ДНКси солиштирилади.

Ўш қирғинидан кейин ташкил этилган “Ўш шейиттери” ташкилоти раҳбари Турғунайим Айтиевага кўра, Ўш ва Жалолободда ўз яқинларини йўқотган фуқаролар шахси аниқланмаган жасадларнинг кимлиги аниқланишидан ҳали ҳам умидворлар:

- Жасадлар энг охирги молекуласигача текширилди. Бизнинг “Ўш шейиттери” ташкилоти ва ҳукумат ҳам айтаяпти “яна ҳаракат қилиб, жасадларни текшириб кўрилишидан биз бош тортмаймиз” деб. Имкони бўлиб бошқа давлатлардан экспертиза қилишга таклиф тушса, биз розимиз, - деди Турғунайим Айтиева.

2011 йилнинг июн ойигача маълум қилинган расмий маълумотларга мувофиқ, Ўш қирғинида Ўш ва Жалолобод вилоятларида 435 одамнинг вафот этгани тасдиқланган. Қирғинда жабирланганларнинг сони эса 2244 одамни ташкил қилади.

Ўш қирғинида жами 76 жасаднинг шахси аниқланмай қолган. Кейинчалик бу жасадлардан айримларини яқинлари таниб олиб кетишган.

Ўтган йилнинг августида шахси аниқланмай қолган жасадлар ва яқинларини излаётган фуқаролардан қон олиниб Москва шаҳрига ДНК анализига юборилган, кейинчалик экспертиза ишлари Хитойда давом эттирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG