Линклар

logo-print

Тожикистонда ўртача ойлик 100 доллардан ошди

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда ўртача иш ҳақи ошгани, маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, мамлакатда кундалик эҳтиёж маҳсулотлари, шу жумладан, ёнилғи нархларининг ошгани туфайли унча сезилгани йўқ.

Тожикистонда ўртача иш ҳақи ошгани, маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, мамлакатда кундалик эҳтиёж маҳсулотлари, шу жумладан, ёнилғи нархларининг ошгани туфайли унча сезилгани йўқ.

Жорий йил март ойида Тожикистонда ўртача иш ҳақи тахминан 472 сомоний ёки 103 АҚШ долларини ташкил қилди.

Бу борада Тожикистон Давлат статистика қўмитаси раиси муовини Гурез Аминов маълум қилди.

- Ўртача иш ҳақи ўтган йил шу даврига нисбатан 13,4 фоизга ошди. Март ойида фуқаролар маоши тахминан 472 сомонийни ташкил қилди, - деди статистика қўмитаси расмийси Гурезов жаноблари.

Тожикистон мустақилликка эришгандан буён ўтган 20 йил давомида тожикистонликлар илк бор 100 АҚШ долларидан сал кўпроқ ойлик олмоқда.

Бу ҳақда фикр билдирган мустақил таҳлилчилар шу йил баҳорида дунёнинг қатор давлатларида бошланган тартибсизликлар ва мамлакатдаги ижтимоий аҳвол билан боғлиқ вазият ҳукуматни халқ турмуши учун енгилликлар яратиш борасида ўйлашга мажбур қилганини айтмоқдалар.

- Ҳукумат расмийлари бу қарорлари билан халққа: “Биз сизнинг ғамингизни еяпмиз”, демоқчи бўлади. Лекин бундай кичик фоизлар билан биз ҳеч қачон давлатимиз, миллатимизни минтақанинг бошқа мамлакатлари қаторига қўя олмаймиз. Албатта давлатнинг бу сиёсати ортида бошқа сиёсат бир яширин. Лекин бундай ойлик маош жамиятда юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай норозиликларнинг олдини ололмайди, - дея мулоҳаза билдиради мустақил таҳлилчи Ҳикматулло Сайфуллозода.

Март ойида тожикистонликларнинг ўртача ойлик маошлари ошиши баробарида бу мамлакатда ёнилғи ва озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳам нархи ошиб кетди.

Тожикистон давлат идораларининг бирида ишловчи Аслиябону март ойида 110 доллар ҳақ олган.

- Олаётган ойлигимиз ёнилғилар қиммат бўлгандан кейин ҳеч нарса бўлмай қолаяпти яна. 100 доллардан кўпроқ бўлса-да, фақат сабзавотлардан овқат пишириб ейишга етади, гўштга етмайди барибир. Ойлигимиз 100 доллар бўлиб, бозорларда нарх-наво аввалгидек турганида эди, балки бирор ўзгариш бўларди. Мен ҳеч қандай ўзгариш сезганим йўқ, - дейди душанбелик Аслиябону.

Шунингдек, 1 июндан Душанбе шаҳридаги жамоат транспорти йўлкираси ҳам 60 фоизга ошди. Шу важдан ҳам шаҳарликларнинг кўпчилиги бир неча километрлаб пиёда юришни маъқул кўрмоқдалар.

Расмийлар Тожикистонда ойликлар ошганини иддао қилаётган бир пайтда ризқ қидириб Россияга кетаётган тожикистонликларнинг сони камаймаётгани сезилади.

Ёзнинг илк кунларида Душанбе халқаро аэропорти Россияга жўнаётган меҳнат муҳожирлари билан гавжум. Уларнинг аксариятини ташкил қилган қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи тожикистонликларни ҳам, маълум бўлишича, 100 долларлик маош қониқтирмас экан.

- Қишлоқнинг проблемаси кўп. Масалан, огороднинг соляркасига пул, тракторга пул, молига пул, емга пул. Ундан ташқари, кийим-кечак, мактаб проблемалари. Умуман, 100 доллар қониқтирмаса керак, фикримча. Шунинг учун ҳам айниқса қишлоқликлар қийналса ҳам Россияга боришга мажбур бўлади. Россияда уларга энг кам 300 доллар ойлик берилади. Бу пул бир кунингизга ярайди, - дейди яқинда Россиядан қайтган қишлоқ аёли Олмахон.

Тожикистонда юзлаб кишини доимий иш билан таъминлаган завод ва фабрикалар мамлакатда юз берган ички низолардан кейин (1992 ва 1997 йиллар - таҳр.) умуман фаолиятини тўхтатган.

Айрим норасмий маълумотларга кўра, ҳозирда Тожикистон аҳолисининг чорак қисми барқарор маош билан таъминланган. Улар ҳам давлат идоралари ва нодавлат ташкилотларда фаолият қилаётганлардир.

Аснода, мустақил таҳлилчиларга кўра, Тожикистонда давлат тили мақомига жиддий аҳамият қаратилиши ортидан аҳолининг айрим қатламлари учун давлат идораларида ишлаш имконияти ҳам чекланди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон парламенти шу ҳафта бошида давлат идоралари ва муассасалари тўғрисидаги қонунга киритган ўзгартишларга мувофиқ, бундан буён давлат тили саналган тожик тилида эркин фикрлай олиш ва саводли ёзишни билмаган шахслар давлат идораларида ишлай олмайдилар.

Таҳлилчиларга кўра, бу Тожикистон яшайдиган, бироқ давлат тилини билмайдиган миллик озчилик вакиллари бўлмиш руслар, ўзбеклар ва бошқа миллат вакилларининг иш билан таъминланишида тўсиқ яратиши табиий. Демакки, бу фуқаролар эндиликда ўртача иш ҳақи бўлган 100 долларлик маошга ҳам даъвогарлик қилолмайдилар.
XS
SM
MD
LG