Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:54

Ўзбек сайёҳлари Мисрга отланмоқда


Мисрдаги халқ ғалаёнлари чоғида мамлакат курортлари қарийб бўшаб қолганди.
Мисрдаги халқ ғалаёнлари чоғида мамлакат курортлари қарийб бўшаб қолганди.

Шу йилнинг 27 июнидан 10 сентябригача мингдан ортиқ ўзбекистонлик сайёҳ Мисрда бўлиб қайтади.


Бу ҳақда хабар қилган Регнум ахборот агентлиги мазкур вақт мобайнида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиаширкати томонидан саккизта чартер рейси амалга оширилишини қайд этади.

Айни пайтда Миср расмийлари мамлакатдаги вазият тўлалигича барқарорлашгани ва чет эллик сайёҳлар аста-секинлик билан Мисрга қайтаётганини айтилмоқда.

- Мисрнинг барча курортлари ва саёҳат марказларида сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳукумат томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилган, бунга яқинда мамлакатимизда бўлиб қайтган Ўзбекистон саёҳат бизнеси вакилларининг ўзлари гувоҳ бўлдилар,- дея иқтибос келтиради Мисрнинг Тошкентдаги консули Аҳмад Ҳамед сўзларида Култура.уз сайти.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг январ-феврал ойларида Мисрнинг турли шаҳарларида 18 кун давом этган норозилик намойишлари натижасида президент Ҳусни Муборак ҳокимиятдан кетганди, бироқ халқ ғалаёнлари мамлакатга келаётган сайёҳлар оқими кескин камайишига ҳам сабаб бўлганди.

Авваллари Мисрга йилига бир неча миллион сайёҳ ташриф буюрар, бу эса пирамидалар мамлакатини жаҳондаги туризм лидерига айлантирганди.

Миср расмийларининг хорижлик сайёҳларни мамлакатга жалб қилиш бўйича уринишларига қарамай, БМТ жаҳон саёҳат ташкилоти маълумотларига кўра, бу йилги мавсумда Қизил денгиз курортларидаги меҳмонхоналар 30-40 фоизга тўлиши, Қоҳира, Луксор, Александриядаги меҳмонхоналар эса нари борса 20 фоизга тўлиши кутилмоқда.

Мутахассисларга кўра, сайёҳларни қабул қилиш бўйича ўтган йилги даражага чиқишга (ўтган йили эса Мисрга 12,7 миллион сайёҳ ташриф буюрганди) мисрликлар фақат 2015 йилга борибгина эришишлари мумкин бўлади.
XS
SM
MD
LG