Линклар

Амударё ва Сирдарёда сув ҳажми ўтган йил шу вақтига нисбатан 30 фоизга камайди.

Бу ҳақда Тожикистон сув ва мелорация вазирлиги маълумот тарқатди.

Тожикистон сув ва мелорация вазирлиги расмийси Яраш Пўлатовнинг айтишича, минтақа дарёларида сув ҳажмининг 30 фоизга камайиши, хусусан, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сув заҳиралари билан боғлиқ баҳсларнинг янада кучайишига туртки бўлади.

- Бу йил сув ва сув заҳиралари билан боғлиқ масала жуда оғир. Мутахассисларимиз тадқиқотларига кўра, жорий йилда ўтган йил шу вақтига нисбатан дарёлар суви 30 фоизга камайган. Келгуси йил бу кўрсатгич 40 фоизни ташкил қилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда, - дер экан Сув ва мелорация вазирлиги масъули Яраш Пўлатов асосан иқлим ўзгариши билан вужудга келаётган ҳолат қўшнилар ўртасидаги сув билан боғлиқ баҳсларни кучайтириши мумкинлигини эътибордан соқит қилмайди.

Тожикистон сув ва мелорация вазирлигидан олинган маълумотларига кўра, минтақа давлатларининг асосий сув манбаи саналган Амударё ва Сирдарё суви 1984 йилда ишланган схема асосида давлатлар ўртасида тақсимланиб келинмоқда.

Шу манбанинг таъкидича, ўша схемага асосан минтақа сувининг асосий қисми Ўзбекистонга тегишлидир.

Шу ўринда айтиб ўтсак, ҳар гал Марказий Осиё сув хўжалигини назорат қилиш комиссияси йиғилишида Тожикистон ва Қирғизистон минтақа суви тақсимотига оид эски схема бекор қилинишини сўраса-да, ҳозирча бу борада бирор ўзгариш кузатилмайди.

Сув ва мелорация вазирлиги расмийси Яраш Пўлатовдан сув тақчиллиги билан боғлиқ қўшнилар ўртасида ихтилоф туғилишининг олдини олиш учун Тожикистон томони қандай чоралар кўраётганини сўрадик.

Жаноб Пўлатов Тожикистон Ўзбекистон билан ўзаро музокарага ҳозирлик кўраётганини маълум қилар экан, унинг қачон ва қаерда бўлиб ўтишини олдиндан эълон қила олмаслигини айтди.

Аснода соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Истамқул Гадоев мулоҳазасича, дарёлар сувининг камайиши ортидан давлатлар учун ажратган лимит ҳам камайиши мумкин.

- Минтақа дарёларида сув ҳажми йил сайин камайиб борар экан, Марказий Осиё давлатлари учун ажратилган лимит ҳам камайтириб борилади. Табиийки, Ўзбекистон бунга рози бўла олмайди. Фикримча, ҳеч қандай музокара бу муаммоларни осон ҳал қилиб бера олмайди. Менимча, муаммо ечими учун қандайдир янги чоралар кўрилиши керак, - дейди таҳлилчи Гадоев.

Мустақил таҳлилчига кўра, ўзбекларнинг норозилигида асос бор. Чунки экин-тикин мавсуми бошланиши билан Ўзбекистонда сувга эҳтиёж янада ортади ва оз миқдордаги сув бу мамлакат эҳтиёжи учун етмайди.

Айни пайтда тожикистонлик мутахасислар ҳам, ўзбекистонлик мутахассислар ҳам минтақа дарёлари асосий манбаи саналмиш Помир ва Тян-Шандаги музликлар кичрайиб бораётганидан бонг уришмоқда.

Соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Истамқул Гадоев қўшни давлатлар олимлари ана шу музликларни сақлаб қолишнинг устида бош қотириши зарурлигини таъкидлайди.

Бошқа бир таҳлилчи Анваржон Ҳомидов эса жорий йилда минтақанинг барча республикалари сувдан унумли фойдаланиш зарурлигини қайд этади.

- Албатта жорий йилда сувга кўпроқ эҳтиёжи бўлган давлатлар, жумладан, экин майдонлари нисбатан кўпроқ бўлган Ўзбекистон учун жуда оғир йил бўлади. Шуни назарга олган ҳолда, ҳар бир республика экин мавсумида зироат экинларининг қайсинисини экиш борасида албатта мутахассислар, олимлар тавсияларини олиши лозим бўлади, - дейди таҳлилчи Анваржон Ҳомидов.

Бошқа таҳлилчилар сингари Ҳомидов жаноблари ҳам сув заҳиралари тақсимоти борасида минтақа мамлакатлари орасида қандайдир келишмовчиликлар бўлиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмайди.

Мустақил таҳлилчи Анваржон Ҳомидов минтақада сув заҳиралари масаласи кескинлашиб бораётган айни пайтда минтақа давлатларининг ҳаммаси келишган ва барчанинг манфаатлари бирдек назарга олинган ҳолда иш юритишлари лозимлигини таъкидлайди.

Амударё ва Сирдарё сувининг ҳажми 30 фоизга камайиб, минтақа давлатлари учун сув тақчиллиги билан боғлиқ жиддий хавф туғдириб турган бир пайтда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида сув ва энергетика заҳираларидан фойдаланиш атрофидаги баҳслар тобора кескинроқ тус олаётир.

Тожикистон томони сув тақчиллиги билан боғлиқ муаммонинг йил сайин кескинлашаётганида дарёлар қуйисидаги давлатлар, жумладан, сунъий кўллар қурдираётган ва сув заҳираларидан унумсиз фойдаланаётган Ўзбекистонни айблаб келади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон дарёларнинг қуриётганига сув бошида жойлашган ва ГЭСлар қураётган Қирғизистон ва Тожикистонни сабабчи деб билади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG