Линклар

logo-print

Москва мэри муҳожирларни легаллаштирмоқчи


Россия ҳукумати жорий қилган квоталар марказий-осиёлик мардикорларнинг аксарини қонундан ташқарига чиқариб қўйган.

Россия ҳукумати жорий қилган квоталар марказий-осиёлик мардикорларнинг аксарини қонундан ташқарига чиқариб қўйган.

Москва мэри Сергей Собянин пойтахтда меҳнат қилаётган, лекин аксар кўпчилиги ноқонуний мақомга эга муҳожирларни легаллаштириш ташаббуси билан чиқди. Шанба куни ўтказилган матбуот анжуманида меҳнат муҳожирларининг қонунларни бузмасдан меҳнат қила олиши учун ажратилган квоталарни кўпайтириш, келгусида эса, уларни умуман бекор қилиш керак, деди Собянин.


Москва Мэри Сергей Собянин шанба куни журналистлар билан бўлган бир ярим соатлик мулоқоти чоғида ноқонуний миграция билан боғлиқ муаммони ҳал этишнинг янгича усулини таклиф этди. Шаҳар ҳокими Россия пойтахтига меҳнат қилгани келаётганларга ажратилаётган квоталарни кўпайтириш, кейинчалик эса мутлақо бекор қилиш ғоясини илгари сурди.

- Бугунги кунда (Москвага келаётганлар учун) йилига 200 минг квота ажратилмоқда, илгари эса 500 минг кишига ажратилар эди. Биз мигрантлар квоталарини камайтирмасдан аксинча, уларни қайдга олишни осонлаштириш учун кўпайтишимиз зарур,- деди Сергей Собянин.

Москва мэрининг фикрига кўра, меҳнат муҳожирларига квоталарни ажратиш тизимининг жорий этилгани туфайли улар мутлақо ҳуқуқсиз қатламга айланиб қолган, бундан ташқари мигрантлардан тушадиган солиқ миқдори камайиб бормоқда.

Москва шаҳар Думасининг Қонунчилик бўйича қўмита раиси Александр Семенниковга кўра Россия жамиятида мигрантлар масаласида иккита қарама-қарши фикр шаклланган. Озодлик билан суҳбатда Собяниннинг бу ташаббусига ҳукумат расмийлари орасида қарши чиқувчилар ҳам талайгина, дейди у.

- Бу яна узоқ чўзилади, чунки мигрантлар билан боғлиқ вазиятнинг ўзи зиддиятли. Масалага бир тарафлама ёндошишнинг ўзи хавфли. Бир томондан ривожланиб бораётган саноат, қурилиш қўшимча ишчи кучини талаб этмоқда, иккинчи томондан эса россияликлар орасида мигрантлар сонининг кескин ошиб кетишига қарши, кўпинча ўринли норозилик кўчаймоқда. Шунинг учун Собяниннинг бу таклифини шаҳар Думаси ҳар тарафлама ўрганиб чиқишга ҳаракат қилади ва квоталарни камайтириш ёки бекор қилиш хулоласини чиқаришдан олдин барча томонларнинг аргументларини ўрганиб чиқади,- дейди Москва шаҳар Думасининг Қонунчилик бўйича қўмита раиси Александр Семенников.

Шаҳар кенгаши вакилининг айтишича, бугунги кунда миграция масаласида ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган махсус дастурлар амалга оширилмоқда.

Россия меҳнат мигрантлари касаба уюшмаси Марказий қўмитаси юристи Комил Дилмуродовнинг Озодликка айтишича, Москвада меҳнат муҳожирларига ажратилаётган квоталар сонининг камайтирилиши ҳорижлик ишчиларнинг нормал яшаши ва меҳнат қилишига тўсқинлик қилмоқда.

- Мен квоталар бекор қилиниши тарафдориман, чунки ҳатто Федерал миграция хизмати умуман квоталарни бекор қилиш ташаббуси билан чиқмоқда. Лекин ҳозирча турли вазирлик ва давлат идоралари мутаҳассислари ўртасида муҳокамалар бормоқда. Гап шундаки, жорий йил бошидан Россия пойтахтида жадаллик билан молиявий инқироз даврида музлатилган қурилиш проектлари тикланмоқда, ўсиб бораётган саноатга арзон ишчи кучи талаб этилмоқда. Айрим манбалардан олинган хабарга кўра, 2012 йилдан бошлаб мамлакатда квоталар бекор қилиниши мумкин,- дейди Комил Дилмуродов.

Россия меҳнат мигрантлари касаба уюшмаси ходимининг сўзларига кўра, квоталарнинг бекор қилинишига ҳозирча Меҳнат ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги мутассадилари қарши чиқмоқда.

Халқаро Валюта жамғармаси тарқатган маълумотларга кўра, Россияга йилига 12 миллион меҳнат муҳожири келади. Федерал миграция хизмати эса Россияда 5 миллион мигрант борлигини расман тан олган.

2011 йилда Россияга 1,75 миллион кишига ажратилган меҳнат квотасидан 200 мингтаси пойтахт Москвага берилган.
XS
SM
MD
LG