Линклар

Пулинг бўлса халтада, ...

  • Сарвар Усмон

Мисрга кетаётган ўзбекистонликларга беш минг йиллик тарихга эга пирамидаларни мамлакатда рўй берган инқилоб ҳам силжита олмаганини кўриб қайтиш таклиф этилаётган кўринади.

Мисрга кетаётган ўзбекистонликларга беш минг йиллик тарихга эга пирамидаларни мамлакатда рўй берган инқилоб ҳам силжита олмаганини кўриб қайтиш таклиф этилаётган кўринади.

Шу йилнинг 27 июнидан 10 сентябригача мингдан ортиқ ўзбекистонлик сайёҳ Мисрда бўлиб қайтади. Регнум ахборот агентлигининг бу хабари мухбиримизни мавзуни кенгроқ ўрганишга ундади. Фиръавнлар қурдирган пирамидаларни кўриш учун бу йил Мисрга мингдан зиёд ўзбекистонлик борар экан, бу кўпми ё озми? Умуман, ўзбекистонликлар ёзги таътилни қаерларда ўтказади? Сайёҳлар орзу қиладиган юртлардан бири бўлган Ўзбекистоннинг ўзи чет элликларни қай даражада жалб эта олаяпти?


Ўзбекистондан саёҳат

“Ўзбектуризм” миллий компанияси марказий бошқарувининг ўзини таништирмаган масъул ходими айтишича, “ўзбекистонликлар Иссиқкўл билан Туркияда кўпроқ дам олишмоқда. Ўзбекистоннинг ўзида ҳам”.

“Ўзбектуризм” вакили бошқа саволларимизга жавоб беришни истамади.

Қирғизистондаги “Иссиқкўл травел” саёҳат агентлигининг ўзини Азиза, деб таништирган масъул ходими бу йил Иссиқкўлда қанча ўзбекистонлик дам олажаги тўғрисида маълумот йўқлигини билдирар экан, умумий тенденциялар ҳақида гапирди.

- Бизда Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистондан саёҳлар бор.

Озодлик: Ўзбекистонлик сайёҳлар Иссиқкўлда дам олаётганлар орасида сони жиҳатдан нечанчи ўринни эгаллайди?

- Ўзбекистон Россия ва Қозоғистондан кейин учинчи ўринда туради, деди “Иссиқкўл травел” саёҳат агентлиги вакили.

Биз Туркиянинг Анталия шаҳридаги IC Hotels Green Palase меҳмонхонасининг рус тилида сўзлашувчи сайёҳлар билан ишловчи менежери Наталья билан ҳам гаплашдик.

Наталья масалага жиддий ёндошиб, ҳужжатларини ўргандида, сўнгра “Умуман, йил давомида бизнинг меҳмонхонада дам оладиганларнинг 15 фоизи ўзбекистонликлардир”, деди.

Иссиқкўлда ҳам, Туркияда ҳам қанча ўзбекистонлик дам олиши тўғрисида аниқ рақам топа олмадик. Бироқ Регнум келтирган маълумот баъзи бир хулосалар қилишга имкон беради.

Агентликка кўра, бу йил таътил мавсумида Мисрда 1000дан зиёд ўзбекистонлик дам олади. Бу рақамни “қулоғидан тортиб” бир йилда 4000 киши деб олайлик.

Қиёслаш учун: ўтган йили Мисрда 2 ярим миллион россиялик дам олди.

Демак, тақрибан ҳар 1500 россияликдан 25 киши ёки 30 минг россияликдан 500 киши ўтган йили Мисрда дам олган бўлса, ўзбекистонликларнинг 29 минг нафаридан 4 кишигина Мисрга борган бўлиб чиқади.

Нима учун фарқ бу қадар катта? Бу саволнинг жавоби турлича бўлиши мумкин.

Бировлар руслар Россияда захлаб кетгани учун қуёшда тобланишга боришга мажбур, дер. Балки, чиндан ҳам шундайдир.

Лекин асосийси, нарх масаласидир. Масалан, меҳмонларининг 15 фоизини ўзбекистонликлар ташкил қиладиган 5 юлдузли IC Hotels Green Palase меҳмонхонасида бир ҳафта дам олиш нархи 2000 доллардан бошланади.

Ўзбекистонликларнинг қайси қатлами шунча пул тўлаб Туркия ёки Мисрга бора олади? Бу саволга ҳар бир тингловчимизнинг ўз жавоби бордир?


Ўзбекистонга саёҳат

Ўзбекистонлик фалон пул тўлаб, Туркияю Мисрда улоқиб юриши шарт эмас. Ўзининг қуёши ўзига етарли. Дам олиш жойлари ҳам кўп. Хориждан ҳам кўп сайёҳлар келади. Уларга хизмат кўрсатадиган қатор ширкатлар бор.

Бу ширкатлардан бири - Тошкентдаги “Турктуризм” агентлиги.

Ширкат вакили Муроджоннинг гапларига қараганда, чет эллик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш учун мамлакат раҳбари жуда катта ишларни амалга оширган.

Озодлик: Умуман йилдан йилга Ўзбекистонга саëҳатчилар келиши кўпаяяптими озаяяптими? Бу соҳада қанақа проблемалар бор?

- Ҳеч қанақанги проблема йўқ. Президентимизга минг раҳмат ока. Йилдан йилга ишқилиб жуда кўпааяпти. Ўзбекистон яхши реклама бўлаяпти. Жуда ҳам қизиқадиганлар кўп Ўзбекистон тарихига. Бозорларни кўраяпти. Тинчликни кўриб шунақа хурсанд бўлиб кетишаяпти. Меваларни кўришаяпти. Бу қанақанги юрт дейди ҳўл меваларни кўриб. Уларга мен ўзим қўшиқ чалиб, ашула айтиб бераман. Улар жуда ҳам қизиқади. Фантастика дейди Ўзбекистонни, жуда ажойиб.

Озодлик: Сизларнинг меҳмонларинглар асосан қайси давлатлардан?

- Бизга энди кўпроқ Европадан келади. Франциядан, Буюк Британиядан кўп келади, Испания, Голландия, Янги Зеландиядан ҳам келди. Европанинг турли мамлакатлариданда. Мана қўшни республикалардан ҳам Қозоғистондан, Қирғизистондан, Япониядан мана ҳозир туристлар бор.

Озодлик: Ўзбекистон фуқароларининг ўзларининг ҳам саëҳатларини уюштирасизларми?

- Ўзбекистонникини ҳам уюштирамиз. Фирмалар биласизми кўпроқ ихтисослашган. Кимдир мана шундай маҳаллий туризмга ишлайди Ўзбекистон бўйича, кимдир атроф билан ҳам шуғулланади. Қайсидир фирма қабулга ишлайди.

Ўзбекистондагилар биласизми кўпроқ ўзи машинасига ўтириб кетаверади. Чунки Ўзбекистон ўзи маълумда. Электричкага ўтиради, поездга ўтиради, самолëтга ўтириб кетаверади. Бизларнинг Ўзбекистон фуқароларига Самарқанд, Бухорога бориб келиш жуда осон нарса. Электричкада билетлар арзон. 15-20 мингга шартта олиб бориб қўяди. Поездда, таксида олиб бориб қўяди. Самарқанд, Бухороларни кўриб, бемалол арзон-арзон меҳмонхоналар бор. Хорижий фуқаролар хурсанд, дейди Тошкентдаги “Турктуризм” агентлиги вакили Муроджон.

Шуниси қизиқки, сайёҳларни қабул қилувчи Тошкентдаги бошқа бир ширкат раҳбари Владимирдан Муроджон мақтаниб айтган гапларнинг мутлақ тескарисини эшитдик.

Озодлик: Ўзбекистонда туризм йилдан-йилга ривожланаяптими, тобора кўпроқ одам дам олаяптими?

- Йўқ, ривожланмаяпти, йилдан-йилга тобора камроқ одам дам олаяпти”, дейди Владимир.

Владимирнинг фикрича, бунинг сабаби пухта тайёрланмаган қонунларнинг қабул қилинаётганидадир.

Суҳбатдошимиз чет элликларнинг Ўзбекистонга келишдан кўнглини совутаётган баъзи омилларни айтиб берди. Омиллардан биринчиси сайёҳни қайддан ўтказиш масаласининг чигаллигидир.

- Чет эллик сайёҳ Тошкентга етиб келгач, шаҳардаги меҳмонхонада қайддан ўтади. Бироқ у 5 кунга шаҳар ташқарисига туристлар маршрути бўйлаб саёҳатга чиққудек бўлса, унинг меҳмонхонадаги қайди ўз кучини йўқотади. Борган жойида, масалан Бўстонлиқ туман милиция бўлимида қайддан ўтказишдан бош тортишади, натижада сайёҳ Тошкентдан қайтиб кетаётганида паспорт назоратидагилар унинг бошини оғритади, қаерда юрдингиз деб, деб ёзғирди Владимир.

Унинг айтишича, баъзи ҳудудлар сайёҳлар учун ёпиб қўйилгани ҳам чет элликларнинг Ўзбекистонга қизиқишни сусайтириб юбормоқда.

- Писком ҳудуди, Ангрен платоси каби сайёҳлар боргиси келадиган жойларга бориш тақиқлаб қўйилган, деди Владимир.

Унинг фикрича, “туризмга путур етказадиган эмас, аксинча ривожлантиришга хизмат қиладиган қонунлар қабул қилинмагунча, бу соҳада илгари силжишни кутиб бўлмайди”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG