Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли, Россиядаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази ходими Баҳром Ҳамроев 6 июн куни Москвадаги уйи яқинида калтаклаб кетилди.


Ҳамроев Москванинг жануб-шарқидаги уйига қайтаётган пайтда номаълум кимсалар ҳужумига учради.

Бахром Ҳамроев оғир аҳволда касалхонага ётқизилди. Ҳодиса юзасидан Россия Жиноят кодексининг “безорилик” банди бўйича иш очилди.

Касалхонада муолажа олаётган ҳуқуқ фаоли билан телефон орқали боғландик ва воқеа тафсилотларини суриштирдик.



Баҳром Ҳамроевни касалхонага бориб кўрган “Мемориал” фаоли Виталий Пономоревнинг айтишича, ҳужум безориларнинг иши эмас.

- Ҳуқуқ фаолига ҳужум обдон ташкиллаштирилган. Улар Баҳромни калтаклашдан олдин, унинг уйи подъезди яқинидаги кузатув камералари обеъктивларини сақич билан ёпиштиришган. Биттаси унинг келишини кузатиб турган, яна бири қочиб кетмаслиги учун орқадан тўсиб турган. Калтаклаб бўлишгач, унинг юзига газ балон билан аэрозоль пуркашган,- дейди Пономорев.

Баҳром Ҳамроевга ҳужум унинг Мурманскга сафаридан бир кун олдин рўй берди.

- Кеча у Мурманскга учиши керак эди. У ерда Ҳамроев “Ҳизбут-Таҳрир” диний ташкилотига аъзоликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси Юсуф Қосимохунов билан учрашиши керак эди. Сабаби 9 июн куни озодликка чиқарилиши кутилаётган Қосимохуновни бошқа сабаблар билан ҳибсда қолдириб, уни Ўзбекистонга бериб юборишлари хавфи бор эди,- дейди Пономорев.

“Мемориал” ходимлари унинг калтакланиши айнан шу сафари билан боғлиқ бўлишини назардан соқит қилишмаяпти.

Баҳром Ҳамроев биринчи марта ҳужумга учраётгани йўқ. Ўтган йил декабр ойида ҳам у уйи яқинида номаълум кимсалар тарафидан калтакланган эди.

- Декабр ойидаги калтаклаш бўйича ҳалигача ҳеч ким жазоланмади. Тергов ҳужжатларида Баҳромнинг калтакланиши шунчаки безорилик деб айтилган. Лекин, декабр ойги ҳужум ҳам безорилик бўлмаган, балки у ҳуқуқ фаоли бўлгани учун атайлаб уюштирилган ҳужум бўлган эди,- дейди Виталий Пономорев.

Халқаро ташкилотлар, жумладан Британиядаги “Amnesty International” ташкилоти Баҳром Ҳамроевнинг калтакланишини ҳукуматдан обдон текширишни талаб этишмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG