Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:20

Халқаро ташкилотлар Қозоғистондаги ўзбек қочқинлари ҳимоясига чиқди


Олмаотада ҳибсда қолаётган қочинларнинг яқинлари бир йилдан бери сарсон.
Олмаотада ҳибсда қолаётган қочинларнинг яқинлари бир йилдан бери сарсон.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бешта нуфузли ташкилот Қозоғистон ҳукуматини бошпана сўраб мурожаат қилган 32 нафар ўзбекистонлик қочқинни экстрадиция қилмасликка чақирди.


АСАТ – Франция, Халқаро Амнистия, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассосиацияси, Ҳюман райтс уотч ва Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси 7 июн куни эълон қилган қўшма баёнотда диний қарашлари учун таъқибга учраган 32 нафар қочқин Ўзбекистонга экстрадиция қилинса, қийноққа солиниш таҳдиди борлигидан огоҳлантирди.

Халқаро ташкилотлар 7 июн куни Қозоғистон Бош прокурорига йўллаган мактубда Қозоғистон ҳукуматини қийноққа солиниши таҳдиди бўлган шахсларни ватанига экстрадиция қилмаслик ҳақидаги халқаро мажбуриятини бажаришга чақирди.

- Ўзбекистонда қийноқлар систематик экани ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистон ҳукумати уларни экстрадиция қилишни талаб қилиб, илгари сураётган жиноий айбловлар инобатга олинса, уларни қийноққа маҳкум этмаслик Қозоғистон ҳукуматининг вазифасидир,- дейди Ҳюман райтс уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Қозоғистонда ҳибсга олинишидан аввал Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси 32 нафар ўзбекистонлик қочқиндан бир нечтаси ва уларнинг яқинлари билан суҳбатлар ўтказган. Ташкилот маълумотига кўра, улар диний қарашлари учун таъқибга учрашдан қўрқиб, Қозоғистонга келиб бошпана берилишини сўраган. Ўзбекистон расмийлари уларни давлатга қарши фаолият ҳамда диний айбловлар билан боғлиқ турли жиноятларда айблаган.

БМТнинг қийноқлар бўйича маҳсус вакили Тео Ван Бовен ўзининг 2003 йилги ҳисоботида Ўзбекистонда суддан олдинги тергов жараёнида маҳбусларнинг қийноққа солиниши “систематик” эканини исботловчи далиллар тўплаган.

БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси ўзининг 2007 йилги ҳисоботида Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар “одатий” экани ва уни қўллаганлар “жозосиз” қолаётгани билдирилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бешта нуфузли ташкилот баёнотида қийноққа солиниш таҳдиди бўлган 32 қочқиннинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши Қийноқларга қарши конвенция, шунингдек, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақидаги халқаро конвенцияларга зид экани билдирилган.

Баёнот муаллифларидан бири, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассосиацияси раҳбари Надежда Атаева Қозоғистон ўзбекистонлик қочқинларни ватанига экстрадиция қилиш орқали халқаро қонунларни бузиши мумкинлигини айтди.

- Қозоғистонда ўзбекистонлик қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича барча миллий механизм ишга солиб бўлинди. Ҳозирда уларнинг иши Қийноқларга қарши БМТ қўмитасида кўрилмоқда. Шунга қарамай, уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши таҳдиди сақланиб қолмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган Қозоғистон ҳозир Қийноқларга қарши БМТ конвенцияси, шунингдек, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги битмни бузиб, қочқинларни қийноқлар мунтазам қўлланиладиган мамлакатга топшириши мумкин. Ўзбекистон ва Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб келаётган ташкилотлар эътибори ҳозир ўзбекистонлик қочқинларга қаратилган. Шу боис биз ҳаракатимизни бирлаштиришга қарор қилдик,- деди Надежда Атаева.

Халқаро ташкилотлар баёнотида Қозоғистон ҳукумати бошпана сўраб мурожаат қилган ҳар бир ўзбекистонлик қочқин ва оила аъзоларининг иши синчковлик билан пухта ва халқаро стандартларга мос равишда кўриб чиқишга чақирилган.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассосиацияси раҳбари қочқинларни Ўзбекистонга экстрадиция қилмаслик учун Қозоғистон ҳукумати барча чораларни кўришига умид билдирди.

- Биз ҳамкасбларимиз каби ўз мурожаатимиздан қочқинларни қутқариш ва уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаслиги учун Қозоғистон ҳукумати томонидан барча чоралар кўрилишига умид қиляпмиз, деди Надежда Атаева.

Қозоғистонда ҳибсда қолаётган 32 нафар ўзбекистонлик қочқиннинг аксари 2010 йил июн ойи бошида Қозоғистон Миграция полицияси ва Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) ходимлари ўтказган рейд пайтида қўлга олинган. Бошқалари кейинроқ Олмаота, Тараз ва Сатпаев шаҳарларидаги рейдларда ушланган. Жорий йил январ ойидан бери Қозоғистонда яна уч нафар ўзбекистонлик қочқин ҳибсга олинган.

Ўзбекистонлик қочқинларнинг тахминан ярми Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Олмаота шаҳридаги қамоқхонасида, қолганлари Жазони ижро этиш қўмитасининг Олмаота шаҳридаги қамоғида сақланмоқда.

Ўзбекистонлик 17 қочқинга БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги расман қочқинлик мақомини берган. Бироқ ҳибсга олинганидан кейин БМТ уларга берилган мақомини (бекор қилган) қайтариб олган.

Халқаро ташкилотлар Қозоғистонда ҳибсга олинган 32 нафар ўзбекистонлик қочқин озод этилиши ва уларга қочқинлик мақоми берилиши талаби билан турли тадбирлар ўтказиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG